Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзоси, адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти лауреати, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Умарали Норматов 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар қилди.

Фото: Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси

Умарали Норматов 1931 йилнинг 3 январь санасида Фарғона вилояти Бешариқ тумани Рапқон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини тугатган. 1952–2010 йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультетида ишлаган. У иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, 1976 йилдан 2000 йилгача Ўзбек адабиёти кафедраси мудири лавозимида самарали иш олиб борди. 2011 йилгача мазкур факультетнинг профессори сифатида талабаларга сабоқ бериш билан бирга, кўплаб илмий-тадқиқот ишларига раҳбарлик қилди.

Унинг шу кунгача 500 дан ортиқ мақоласи, 50 га яқин адабий-танқидий асари, дарслик, ўқув қўлланмалари чоп этилди.

Мунаққиднинг «Насримиз уфқлари» (1974), «Етуклик» (1982), «Қалб инқилоби» (1986), «Қодирий боғи» (1996) китоблари замонавий ўзбек адабиётшунослигининг катта ютуғи ҳисобланади. Унинг «Умидбахш тамойиллар», «Тафаккур ёғдуси», «Қаҳҳорни англаш машаққати», «Кўнгилларга кўчган шеърият», «Устоз ибрати», «Ижод сеҳри» каби китоблари, матбуотда эълон қилинган юзлаб адабий-танқидий мақолаларида истиқлол давридаги адабий жараёнлар синчков олим нуқтайи назари билан ёритиб берилди.

Умарали Норматов 1981 йилда «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган, 1989 йилда «Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати» бўлган, 2011 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.