Компьютер ва ахборот асри бугун аввалги стереотипларни тамоман бузди. Масофадан ишлаш имкони қўлида касб-кори бор-у, бироқ айрим сабаблар билан уйда ўтирган мутахассисларнинг жонига ора кирди. Айниқса, бола ўстириб, уй-рўзғор ташвиши қаторида севимли ишини ҳам давом эттираётган аёлларга уйдан ишлаш учун интернет беминнат кўмакчи. «Дарё» карьерасини бирор ишхона-ташкилотда эмас, уйида ўтириб давом эттираётган қаҳрамонлар билан суҳбатлашди. Улардан оила ва ишдаги мувозанатни қандай ушлаётгани ҳақида сўради.
Дилдора Райимжонова, 31 ёш
Инглиз, араб, рус, турк тилларини билади. Беш йилдан бери уйдан ишлайди. Ҳозирда 10 та лойиҳада копирайтер, олтита компанияда SMM менежери сифатида фаолият юритади.
«Болангизга қарасангиз-чи! Эрингиз ишласин!», деганлар кўп учради
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқиганман. Инглиз ва рус тилларини билганим учун университетда турк ва араб тилларини ҳам ўргандим. Бакалаврни тугатмасимдан мактаб ўқувчиларига инглиз тилидан дарс бердим.Ана шу пайтларда турмуш ўртоғим билан танишдик. Ўқишни битирган йилимнинг кузида тўйимиз бўлди. Хўжайиним ишламаслик шартини қўйдилар. Ёш бўлганим, эҳтимол, севганимдан, «Майли, ишламасам ишламабман-да» дебман.
Катта хонадонда мен билан ўн тўққиз жон яшардик. Билмаганимни ўргатишди, хизматимни ўринлатиб қилавердим. Аммо тўйдан 3-4 ой ўтиб, ҳадеганда йиғлоқи, таъсирчан, жиззаки бўлиб қолдим. Ҳаётим фақат бир хилликдан иборатдек туюлаверди. Устига-устак бўйимда ҳам бўлмаётганди.
Аҳволимни кўргач, турмуш ўртоғим ишлашимга кўниб, бунинг учун ўқув маркази ҳам танлаб бердилар. Инглиз ва турк тилларидан дарс бера бошладим. Ҳафтада уч кун ишлаб, қолган тўрт кунимни тўлиқ оиламга ажратардим. Бу даврда интернетдан турли тақинчоқлар ясашни ўрганиб, буюртмалар ҳам олиб турардим.
Тўйдан кейинги беш йилим уй-иш–иш-уй режимида ўтди. Тақдир экан, ушбу йилларда ҳам фарзанд кўролмадик. Бешинчи йили ҳомиладор бўлдим. Бироқ бачадондан ташқари ҳомиладорлик ташхиси билан бола ва бачадон найларидан бирини олиб ташлашди. Шифокор фарзанд кўриш эҳтимоли пастлигини айтди. Шукрки, оиламдагилар бирор марта фарзандсизлигимни юзимга солмади. Ҳатто эримга ажрашаман, бошқасига уйланаверинг, деб розилик билдирсам, «Яшасам, фақат сен билан яшайман, Яратган тақдиримизга ёзганини кўраверамиз» деб ажрашмаганлар. Аллоҳ бизни кутилмаганда мукофотлади. Ўғил фарзанд кўрдик.
Ишлашни тўхтатдим. Ўғлим бошида шиш (киста) билан туғилгани учун кўп йиғларди. Унга қараб, ўзим ҳам асабийлашар, кучли чарчоқдан эзилардим. Тақдиримдан нолимаслик учун ҳам ҳаётимда бирор янгилик керакка ўхшади.
Интернетдан фотошопни ўргандим. Жуда қизиқиб кетганимдан таниш дўкондорларга таклифнома-ю табрикномалар, ширинлик қоғозига турли тилаклар ёзиб берардим. Ўғлимни ухлатиб, тонггача ишлаб чиққан пайтларим ҳам бўларди. Оз бўлса-да, топаётган даромадимдан қувонар, ҳаётимга ўзга бир ранг, нур кирганди.
Шу-шу ўғлимнинг касали ўтиб кетди. Ортиқ қийналмадик. Кейин қизим туғилди. Икки бола билан тақинчоқ, табрикномалар ясашни ҳам тўхтатиб қўйгандим. Бироқ оилага фақат бир томондан даромад келиб турса, қийналиб қоларкансиз. Хўжайинимнинг топганларини болалардан орттиролмадим.
Уйдан туриб ишлашга доимий юмуш топишим керак эди. Facebook’даги «Maslahat.uz» гуруҳига савол ташладим. Ҳар тарафдан турли жавоб келди: «Болаларингизга қарасангиз-чи! Эрингиз ишласин!», «Аёл кишига ишлашни ким қўйибди?» каби изоҳлар ёзилди.
Табиатан қувноқ бўлганимга булардан ранжимадим. Тил биларкансиз, даромадингиз ҳам бўлади, деб SMM’ни ўрганишни маслаҳат беришди. Бир аёл эса шу соҳани ўргата олишини ёзди.
Унга боғланиб, вазиятимни тушунтирдим. Курснинг ярим нархини тўлаб, ишлаб пул топгач, қолганини бераман, дедим. Кўнди. Хўжайиним ҳам қарши бўлмадилар. Курс тугамай, бир компанияда копирайтерлик қила бошладим. Ойлигимдан орттириб, соҳага оид бошқа курслар сотиб олиб, билимимни янаям ошириб борардим.
Ишлаётганим фақатгина кам-кўстимни тўлдириш учун эмас…
Бир тарафда оилам, болалар, бошқа томонда компьютер, телефонга қараб юриш анчайин оғир. Молиявий кам-кўстлар ҳеч қачон тугамайди. Улар билан кўникиб яшаш ҳам мумкин. Мақсадни каттароқ олгандим. Эрта-индин болаларим боғча, мактаб, университетларга чиққанда ўзим ўқигандаги каби тизимларда таълим олишини хоҳламасдим.Ўғлимни хусусий боғчага бермоқчи бўлдим. Нархи анчагина қимматлик қилди. Кўпроқ жойда ишлаб, даромадимни кўпайтирсам, иложи топилар, дедим. Ишим ўнгидан келди – биз танлаган боғча директори менга SMM мутахассиси сифатида иш таклиф қилди. Тезда рози бўлдим. Келишувга кўра, мен боғчага пул, улар эса менга ойлик тўлашмайди. Ҳозир асосий эътиборим қаратилган иш жойи ҳам шу боғча. Боламнинг таълимига сармоя кирита олдим. Энди кўп ишлаш ва керагидан ортиқ пул топиш ниятида эмасман.
Пул топишга эҳтиёж қолмаса ҳам, ишимни ташлаш ниятим йўқ. Одам фақат қорин сабаб нима биландир машғул бўлмаслиги керак. Илмталаб, аммо имкони етмаётган инсонларга ҳеч бир манфаатларсиз, текинга турли дарслар ўтиш умидидаман.
Адолат Саййиббаева, 33 ёшИнглиз тили ўқитувчиси. Тўрт йилдан бери репетиторлик қилади. Икки фарзанднинг онаси
Асосий приоритетим — болаларим
Жаҳон тиллари университетини битирганман. Нисбатан кечроқ, 29 ёшимда турмушга чиққанман. Шунгача саккиз йил Тошкентдаги ўқув марказларида инглиз тилидан дарс бериб юрдим.Турмуш ўртоғим ўқиган, дунёқараши кенг инсон эканига қарамай, ишлашимга унамадилар. Эркакларга хос рашкдан ёки ҳомиладорлигим учун эҳтиётладилар, шекилли. Аммо илмга ва илмлиларга ҳурмати баланд қайнотам бошқача фикрда эди. «Сендаги билимнинг кўп одамларга фойдаси тегиши керак!» деб хўжайинимни ҳеч бўлмаганда уйда қўшимча курс ўтишимга кўндирди.
Иш учун эрталабки 9:00 — 11:00 ҳамда тушдан кейинги 14:00 — 16:00 ни танлаганман. Кун тартибим ҳам шунга мувофиқ режаланган. Тонгда нонушта тайёрлаб, ҳамма овқатланиб бўлгандан кейин уйларни йиғиштираман. Орада ўғлимни боғчага, турмуш ўртоғимни эса ишга жўнатаман. Шу билан соат тўққизга яқинлашиб қолади. Саккиз ойлик қизимни қайнонамга бериб ўзим дарсхонамга кириб кетаман.
Дарсга тайёрланишга жуда кўп вақтим кетмайди. Ўқитувчиликда ўн йиллик тажрибам бор. Фақат янги маълумотларни доимий ўқиб-ўрганиш керак. Бунга алоҳида вақт, шароит шартмас. Овқат қилаётганда, супур-сидир ёки бошқа юмуш пайтида ҳам инглиз тилида мусиқа, шеърлар айтаман, шу тилда ўйлайман, курсдош дугоналарим билан телефонда гаплашаман.
Қаршиликлар бўлса, ҳаммасини вақт ҳукмига ташлаган маъқул
Иш пайтимда имкон қадар мени безовта қилишмайди. Бунга ўрганиш ҳамма учун қийин бўлди. Кўпинча дарсимни бошлаб қўйганимда мени чақириб қолишарди. Кейинчалик масалани кўндаланг қўйиб, вазиятимни тушунтирдим. Агар дарсимни ўтаётганимда чалғиб қолсам, бировнинг ҳаққи менга ўтиб кетади. Ўқувчиларимнинг пулини олиб, келишилган вақтда ўргатмасам, ишимда унум, барака бўлмайди. Шунинг учун менга бирор юмуш бўлса, дарсимдан олдин айтсангиз, тезда қилиб қўярдим деб ҳар машғулотлар бошланишидан аввал сўраб чиқадиган бўлдим.Эркаклар кўпинча рашкдан ёки оилага вақти қолмайди, дебми аёлининг ишлашига рози бўлмайди. Шундай пайтларда барини вақт ҳукмига қўйиб бериш керак. Фарзанд дунёга келгач, сизнинг саришталигингиз, уй ишларини эплашингиз кўринганда иккинчи тарафдаги қаршиликлар ҳам камаяди. Аввалига уйдан ташқарида ишлашимга кўнмаган турмуш ўртоғим эндиликда фикрини ўзгартирган. Қизимни ҳам боғчага чиқаргач, бирор ўқув марказида фаолиятимни давом эттирмоқчиман. Ҳозир эса болаларимга кўпроқ керакман.
Аёл чалғиши учун ҳам ишлаши керак. Акс ҳолда оилада бўладиган катта-ю кичик муаммолар гирдобига тушиши, ундан безиб кетиши ҳеч гапмас. Ўзим ҳам баъзан дарсим бор кунларни интиқ бўлиб кутаман. Ким биландир келишолмай, сиқилсам, тезда дарсимни бошлайман – ҳаммаси тарқаб кетади. Ҳатто кайфиятим бошқачалигидан яқинларимнинг ўзи: «Бугун дарсингиз бормиди?» деб ҳазиллашиб қўйишади.
Аёллар маълум пайт уйда ўтириши, карьерадан чекиниши мумкин. Оила–ҳомиладорлик–болалар–эрнинг яқинлари–рўзғор ташвишлари – ҳаммаси бир-бирига занжирдек боғланиб кетаверади. Фарзандлар дунёга келгач, жамиятдан кўра уларга кўпроқ керак бўласиз. Ана шундай пайтларда шахсий ривожланишдан тўхтамай, одамлардан узилмай десангиз, уйдан ишлаб туриш яхши танловдир.
Зарина Бобожонова, 33 ёшҲисобчи
Ҳаммасини вақтида тўғри ва ўринли тушунтира олиш керак
Молиявий имкониятим етмаслигини билгач, иккинчи курсда ўқишни ташладим. Ўшанда тузукроқ касбни танлай десам, аксар корхона-ташкилот талаб қиладиган компьютер саводхонлигим ҳам йўқ. Кейин ўрганиш осондир, деб аёллар сартарошлигига ўқидим. Иш бошлагач, бу соҳага бегоналигимни сездим ва ҳаммасини тўхтатдим.Тасодифан бир эълонга кўзим тушди. Ҳисобчиликка бўш иш ўрни борлиги айтилганди. Кўрсатилган манзилга бордим. Соҳани билмаслигимни айтсам, раҳбар: «Кимдир қаердандир бошлаши керак-ку. Мен олмасам, яна бошқаси ҳам қайтарса, қачон ўрганасиз?», – деб иш берган. Тажрибали ҳисобчилар орасида касб сирларини ўргандим.
Бир неча йилдан кейин ёрдамчиликдан бош ҳисобчиликка ўтдим. Ҳафта кунларимни тенг тақсимлаб, турли фирма, компаниялардан қўшимча иш ола бошладим. Бир вақтнинг ўзида ўн иккиталаб фирмада фаолият олиб борган пайтларим бўлди. Лекин чарчаб қолдим. Фирмалар сонини камайтирдим. Уйдан ишлаб, бироз дам олиш фикри хаёлимга келди. Уйимда компьютер ва бошқа шароитларни тахт қилганимда карантин бўлиб, офислар ёпилди ва ҳамма уйдан ишлаш режимига ўтди.
Карантин энди бошланган пайти турмушга чиқдим. Келинлик хонадонимда ҳам масофадан ишлашда давом этавердим. Ҳисобчилик компьютер билан бевосита боғлиқ бўлгани учун соатлаб компьютер қаршисида ўтирсам, ўзим хижолат бўлардим. Ҳовлида қайнонам ёки бошқа кимдир юмуш билан банд бўлса, ўзимни худди бекорчидек сезиб ёрдамга шошардим. Баъзан улар, келинжон, мана шуни қилиб олсак, майлими, ишингизни кеч кирганда қиларсиз, деб чақириб қолишарди.
Қарасам, икки тарафни ҳам эплолмаяпман. Кейин уйдагилар билан бу масалада гаплашиб олдим. Ҳисобчилик уйдан ишласа бўладиган бошқа касблардан бироз мураккаброқ. Фаолиятим банк, турли корхона-ю ташкилотлар билан боғлиқ. Улар одатда 9:00–18:00 оралиғида ишлайди. Бирор масалани ҳал этмоқчи бўлсам-у, унинг бир учи бу органларга тақалса, ана шу соатлардагина мурожаат қила оламан. Яъни ўта зарур ишларимни кундузи бажаришим керак, кечқурун қилолмайман. Бор дардимни мулойимлик билан тушунтирдим.
Оиламдагилар ҳаммасини тўғри тушунишди. Энди авайлай бошлашди. Мен ҳам ишончни оқлай деб профессионалликка интила бошладим. Кунлик вазифаларимни ўта муҳим ва иккинчи даражалига бўлиб чиқаман. Пешингача ўта зарурларини тугатаман-да, тушлик тайёрлайман. Кейингиларини ҳам яна қисмларга ажратаман.
Тиғиз иш кунлари ҳар доим ҳам бўлавермайди. Асосан ой охирида, ҳисоботлар тайёрлаш пайти кўпаяди. Ҳозир ҳаммаси изига тушган. Аммо ишим ва унинг талабларини оиламдагиларга анча аввал, тўйимдан кейинроқ айтишим керак экан, деган хулосадаман. Исталган муносабатда ўзингизга нима кераклигини айтмасангиз, иккинчи тараф буни билолмасдан муомала қилаверади. Ҳам ўзингиз, ҳам уларни қийнаганингиз қолади.
Агар аёлларда уйдан ишлаш истаги бўлса-ю, дардини айтолмаётган бўлса, қадамни бугуноқ қўйинг дейман. Ширин сўз ва яхши муомала билан тушунтирсангиз, эрингиз, қайнона-қайнотангизни ҳам кўндириш мумкин. Муҳими вақтида айтинг.
Эъзозхон Исматова, 25 ёшЗамонавий касблар ўқитувчиси, магистрант
Туғуруқдан кейинги депрессия ҳаётимни ўзгартирди
2020 йил майида ўқишни тамомлашимга оз қолганда фарзандим туғилди. Негадир бирдан тушкунликка тушдим. Ҳаётдан совиб, ўзимни жамиятга кераксиздек ҳис қилардим. Ҳар доим ақлий меҳнатда бўлган одам тўсатдан барини тўхтаца, эсанкираб қоларкан.Университетда ўқиб юрган пайтим мактабда инглиз тилидан дарс ҳам берардим. Ўқитувчилигимни давом эттирай десам, болам ҳали жуда кичкина, кўзим қиймайди. Лекин уйдан туриб бўлса ҳам нима биландир машғул бўлишим керак эди. Шунда онам SMM’ни ўрган, дедилар. Турмуш ўртоғим, бошқа оила аъзоларим ҳам бунга қарши бўлишмади. Курсни бошлаганимда фарзандим эндигина бир ойлик гўдак эди. Катта қилишда қайнонабувим ёрдам бердилар. Дарсим кўп пайтлари хонамга овқатимниям келтириб берардилар. «Невара келиним ҳали кўп нарсага эришади», деб ҳаммани ишонтирган шу инсон бўладилар.
Курсни битиргач, бир компанияда копирайтерлик қила бошладим. Янги ишга мослашиб олгунгача уй, кўча-ю бозор, умуман, исталган жойда ёзишим, саволларга жавоб қайтаришимга тўғри келарди. Телефонда бирор матнни ёзиб турсам, уйдагилар келин кўп телефон ўйнаркан, иш қилмасдан фақат телефонга ёпишиб олган экан деб ўйлашаётгандек туюлаверди.
Оилавий даврада хавотиримни айтдим. Эртага ўзим вояга етказаётган болага яхши илмларни ўргата олишим учун ҳам шахсий ривожланишим керак. Бошида озгина кўпроқ вақтим ишга кетиб қолади. Аммо бир неча ойдан кейин тажриба ҳосил бўлгач, тезлигим ҳам ошади, фақат мендан ранжиманглар, деб илтимос қилдим.
Бугунгача 5 та агентликнинг элликка яқин лойиҳасида копирайтерлик қилдим. Ишим нисбатан эркинроқ бўлгани учун, ойлик режаларни олдиндан тузиб, маълум ҳафталик ишни аввалдан бажариб қўярдим. Эрталабки нонуштани тайёрлагач, 10:00 га қадар уй юмушларини қилардим-да бир кунлик матнларимни ёзишга ўтирардим. Бу вақтда қайнонам қизимни тоза ҳавога сайр учун олиб чиқардилар. Тезда тушлик тайёрлаб, ҳамма овқатланиб бўлгач, фарзандимни ухлатардим. У уйғонгунгача бўлган икки соатда ё ишимга оид бирор нарса ўрганар ёки китоб ўқирдим.
Бир куни уйда қизим билан ёлғиз қолдик. Уйқудан энди турганида ишимдан шошилинч топшириқ келиб қолди. Ўша куни меҳмон чақирганмиз, тансиқроқ таом пишириш ҳаракатидаям эдим. Қизимнинг ёнига ўйинчоқларини қўйдим, озгина ўйнади-ю безовталана бошлади. Шунда упа-эликларим солинган қутичани ёнига олиб келдим-у, тўкиб қўйдим. Қарасам, тезда овунди. Ўзим овқатга уннаб кетдим.
Овқатни димлагунимгача ишимни ҳам битириб, керакли жойга жўнатиб юбордим. Шу пайт қайнотам уйга келиб, ҳол сўрадилар-да қизимнинг олдига йўл олдилар. Бирдан мени чақириб, «Келин, болани нега урасиз?» дедилар. Югуриб хонага кирсам, юз-кўзлари, бўйни қизариб-кўкариб кетибди. Четдан қараганда биров калтаклаганга ўхшарди. Кейин узр сўраб, бўёқларимни ўйнаб, шунақа қилганини айтдим. Шунда қайнотам, агар бола яна бир марта қаровсиз қолса, ҳаммасини йиғиштирасиз деб дакки бердилар. Ана шундан бери ўта эҳтиёткорлик билан ишлайдиган, режа қиладиган бўлганман.
Ҳозир эса тўплаган тажрибам, ўрганган ва ўрганаётганларимга асосланиб копирайтерликка тайёрлов курсини ўтяпман. Қизим боғчага чиққан. Кун тартибим анча бемалол. Дарсларни кечки 20:00–21:00 оралиғида Zoom платформасида ўтаман. Кундузи уй юмушларидан бўшаганимда ўқувчиларимнинг вазифаларини текшириб оламан. Орада видеодарслар ҳам тайёрлайман. Шу пайтгача эликка яқин ўқувчини ўқитдим.
Бир пайтнинг ўзида инглиз тили ва адабиёти йўналишида магистратуранинг иккинчи босқичида ўқияпман. Аёл учун оиласининг қўллаб-қувватлови энг катта ютуқ экан. Уларсиз ҳеч бирига эришолмасдим. Магистратурани битиргач, университетда педагоглик қилиш ниятим бор. Уйдан ишлаб ўтказган икки йилим, менга шахсий ривожланиш, кўп китоб ўқиш, оилам билан вақт ўтказиб, уларга кўникиш имконини берди.
Ишда ҳам вариантлар бўлгани яхши. Келиш-кетиш вақти эмас, натижа асосий ролга чиқарилиб, ҳам уйдан, ҳам ишхонадан фаолият олиб бориш мумкин бўлса, айни муддао. Аёллар оиласини ҳам, ишини ҳам ўрнига қўйиши учун жуда катта имконият бўларди.
Изоҳ (0)