Сурхондарё вилояти Денов туманида келинини ўта шафқатсизлик билан ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд хабар қилди.

Маълум қилинишича, ҳолат 16 июль куни соат 10:00 атрофида содир бўлган. Туманнинг «Истиқбол» маҳалласида яшовчи Б.Ҳ. ва З.С. исмли эр-хотин ўғлига бозордан ёзги оёқ кийим олиб берган. Улар уйга келганда қайнонаси Ж.Ҳ. набирасига қараб «Бу арзон оёқ кийимни нега кийиб юрибсан?» деган. Бунга жавобан келини пули камлиги учун шундай пойабзал харид қилганини маълум қилган. Шу сабаб ўртада тортишув юзага келган.

Шу куни 15:00 ларда эса Ж.Ҳ.нинг иккинчи набираси ҳам унга акасидагидек оёқ кийим олиб беришларини сўраган. Аммо бувиси яна қаршилик қилган. Бу қайнона-келин ўртасидаги навбатдаги жанжалга сабаб бўлган.

Келин ўз хонасига кириб кетган. Қайнона жаҳл устида ошхонага кириб, сариқ ва қора дастали ошхона пичоқларни олган. У уч нафар набираси кўз олдида келинига 32 марта пичоқ санчган.

Оқибатда жабрланувчи ўта оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

Ж.Ҳ. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топилган. У 13 йил-у 4 ойга озодликдан маҳрум қилинган.