10 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Қозоғистондаги тартибсизликларга бағишланган онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: «РИА Новости»

Йиғилишда, жумладан, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев сўзга чиқди. Унинг таъкидлашича, мамлакат сўнгги кунларда бошидан кечирган инқироз бутун мустақилликнинг 30 йиллик тарихидаги энг оғир инқирозга айланди.

«Дарҳақиқат, бу бизнинг давлатимизга қарши турли усуллар билан бошланган ҳақиқий террорчилик уруши эди. Бу биздан мисли кўрилмаган чораларни талаб қилди. Қозоғистон куч тузилмалари вазиятни ўз назоратига олган ҳолда қисқа вақт ичида сафарбар бўлиб, ҳужумчиларни қайтаришга муваффақ бўлди. Афсуски, бу жуда қимматга тушди — хавфсизлик кучлари ва тинч аҳоли ўртасида йўқотишлар бўлди», — деди у.

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистондаги воқеалар бошқа мамлакатларда ҳам такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Ўз уйимизда бундай вазиятнинг қўзғалишига, рангли инқилоб деб аталадиган сценарийларининг амалга оширилишига йўл қўймаймиз», — деди у.

Путиннинг айтишича, Қозоғистонда давлатчиликка таҳдид ёнилғи нархи ошиши сабабли бошланган норозилик намойишлари туфайли эмас, балки «вазиятдан бузғунчи кучларнинг фойдаланиши» ортидан юзага келган.

«Тушунишимизча, Қозоғистон давлатчилиги учун юзага келган таҳдид ёнилғи нархи бўйича кутилмаганда бошланган норозилик намойишларининг эмас, балки бузғунчи ички ва ташқи кучларнинг вазиятдан фойдалангани натижасдир. Газ бозоридаги вазиятни тарғиб қилганлар бир мақсадли бир халқ, қўлига қурол олиб, давлатга ҳужум қилганлар эса бутунлай бошқа одамлар бўлган. Шу билан бирга, Майдан (2014 йил Украина пойтахти Киевда бўлган намойишлар назарда тутилмоқда – таҳ.) усулига хос норозилик намойишларида одамларни куч ахбороти билан қўллаб-қувватлаш элементлари фаол ишлатилган. Уюшган ва бошқарилаётган жангарилар гуруҳлари, жумладан, чет элдаги террорчилик лагерларда шуғуллантирилган», — деди Россия раҳбари.

Путин, шунингдек, Қозоғистонга КХШТ тинчликпарвар кучларининг киритилиши тўғрисида гапирди. Унинг сўзларига кўра, КХШТ кучлари қанча зарур бўлса, шунча вақт Қозоғистонда қолади.

«Ўз вазифаларини бажариб бўлгач, барча контингент, шубҳасиз, Қозоғистон ҳудудидан олиб чиқилади. Биз ушбу контингентни қисқа вақт ичида тўлиқ жойлаштиришга муваффақ бўлдик. Биргаликдаги ҳаракатларимизни ўз вақтида қилинган ва мутлақо қонуний деб биламиз», — деди Путин.

Йиғилишда сўзга чиққан Беларусь президенти Александр Лукашенко ўз нутқида Ўзбекистонни тилга олди.

«Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак, акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», — деди Беларусь раҳбари.

Қозоғистондаги вазият 2 январь куни Жанаўзен шаҳрида (Манғистов вилоятидаги шаҳар) суюлтирилган газ нархининг икки баравар ошишига қарши митинглар бошланганидан сўнг кескинлашди. Чиқишлар иқтисодий ва сиёсий талаблар билан бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишларига айланиб кетди. 4 ва 5 январь кунлари Олмаотада намойишчиларнинг хавфсизлик ходимлари билан тўқнашуви кузатилди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги оммавий тартибсизликлар пайтида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар борлигини айтган.

6 январда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар кучлари Қозоғистонга жўнатди. 7 январда Тўқаев Қозоғистонда конституциявий тартиб тикланганини эълон қилди ва мамлакат бўйлаб террорчилик хавфининг юқори даражаси жорий этилди.