Вазирлар Маҳкамасининг 02.01.2022 йилдаги 2022 йил 2 январдаги «Автомобиль транспорти соҳасида давлат иштирокидаги корхоналарга хусусий секторни жалб қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Normа.
Ҳужжат билан Транспорт вазирлигининг автомобиль транспорти соҳасидаги паст рентабелли давлат корхоналарини хусусий секторга инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан оммавий аукционлар орқали сотиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, «Электрон аукцион» электрон савдо майдонида сотиладиган корхоналар рўйхати тасдиқланган, улар учун қуйидаги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган:
- иш фаолиятини камида 5 йил давомида жамоат транспорти соҳасида амалга ошириш ҳамда биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларини туман ва вилоят марказлари билан боғловчи йўналишларда фаолият юритиш;
- бир йил муддатда иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини (GPS қурилмалари, электрон тўлов тизимлари) жорий этиш.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2022 йил 3 январдан кучга кирган.
Аввалроқ 2022 йилнинг ноябрига қадар эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш ва давлат иштирокидаги компанияларни хусусийлаштириш ҳисобига 14 та фаолият тури бўйича монополиялар тугатилиши (аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сертификатлаштириш хизматлари ва бошқалар) тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)