Ўзбекистондаги Қамчиқ ва Тахтақорача довонларида қор ёға бошлади. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар қилди.
Қайд этилишича, Қамчиқ довонидан ўтган автомобиль йўлининг 235–240-километрларида (икки туннел оралиғида) майдалаб қор ёғишни бошлаган.
Шунингдек, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи Тахтақорача довонининг айрим ҳудудларида ҳам қор ёғмоқда. Йўллар ҳолати яхши.
ЙҲХББ барча ҳайдовчилардан об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, тезликни меъёрдан оширмасдан, оралиқ масофани сақлаб ҳаракатланишни сўраган.
«Агар зарурат бўлмаса, тунги вақтда довон йўлида ҳаракатланмаслик тавсия қилинади», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 7 январь учун об-ҳаво маълумотини эълон қилди. Унга кўра, республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво ўзгариб туради, баъзи жойларда қор ёғади, туман тушади. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб шарқдан 7-12 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 3-8 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ бўлади.
Изоҳ (0)