Нафис дидга эга бўлган маданиятли Луиш Фигу кино ва мусиқани яхши фарқлайдиган, беш тилда (инглиз, француз, испан, итальян ва португал) сўзлашадиган одам ҳисобланади. Бироқ уни одатдаги футбол типажига киритиш мушкул. Бундан йигирма йил олдин у жаҳон юлдузи бўлишдан ташқари, ташқи кўриниши билан ҳам яхшигина машҳурликка эришганди, бироқ ўзи учун барча нарсани раво кўришга имкон берадиган машҳурлик уни гангитиб қўймади: португалиялик уйда ўтиришни афзал билар, пулларни ҳавога совурмас ва ҳар хил можароларга аралашиб қолмасди. Папарацилар эса уни тунги клубларда эмас, балки опера залларидан топарди.

Фото: Getty Images

Ахлоқий характери билан мақтаниши мумкин бўлган футболчига ҳомийлар ва мухлислар ҳар доим яхши муносабатда бўлган. Бир неча йил ичида Фигу «Барселона» сардори даражасига кўтарилди ва жамоанинг энг машҳур футболчиларидан бирига айланди. Луишнинг каталониялик мухлислардан иборат фан-клуби «Реал» президенти Флорентино Переснинг эгоси каби тезлик билан ўсиб борарди.

Фигу жамоа омадсизликка учраганида ҳам ажойиб ўйин кўрсатар, қийин баҳсларда мухлислар ҳеч бўлмаганда уни кузатарди. Португалиялик бу ишончни оқлаб келган: у 1997 йилда иккита гол уриб, Испания Кубогининг қўлга киритилишида жамоага катта ёрдам берган. 1999/00 йилги Чемпионлар Лигаси чорак финалида «Челси»га қарши ўйиндаги 5 голдан 3 тасини ўз номини ёздириб қўйганди. «Валенсия» билан ярим финал баҳсида эса иккита голли узатмани амалга оширади — бироқ бу финалга чиқиш учун етарли бўлмайди, чунки Фигу майдонга тушмаган биринчи ўйинда «Барса» 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Фигу чинакамига Барселонанинг «ўз ўйинчиси»га айланганди, «Барселона» чемпионликни қўлга киритганида эса у сочларини қизил-кўк рангга бўярди ва клуб мухлисларига қараб, шундай бақирарди: «‘Қаймоқранглилар’ («Реал Мадрид» назарда тутилмоқда) йиғлоқилардир, чемпионларни қарши олинг»!

Фото: Getty Images

2000 йил 23 июлда Луиш Фигу ҳеч қачон «Реал Мадрид»га ўтмаслигини эълон қилади, эртаси куни эса «Сантьяго Бернабеу»да пайдо бўлади. 2000 йил 24 июлида у Каталониядаги энг ёмон кўриладиган одамга айланди.

Фигу ўша вақтда дунёнинг энг яхши футболчиси, «Барса»нинг юраги ва ҳақиқий етакчиси эди.

Фигу ажойиб дриблингга эга эди ва Бекҳэм каби қойилмақом узатмаларни амалга оширарди

Умуман олганда, Фигу «Барса»га тасодифан тушиб қолган. Португалиялик Италияда ўйнашни орзу қиларди ва 1995 йилда «Парма» билан шартнома имзолайди, кейин эса «Ювентус» билан музокараларда тушунарсиз қоғозга имзо чекади. Ушбу қоғоз дастлабки шартнома бўлиб чиқади, кейинчалик ўтказилган тезкор суриштирувлардан сўнг маҳаллий федерация Фигуга икки йил давомида Италия клубларига тўп суришни тақиқлаб қўяди.

Шу тариқа Луиш «Спортинг»дан Италияга клубига эмас, балки «Барселона»га ўтади. Ўша пайтда у ерда фуқаролар уруши муҳити ҳукм сурарди. Жамоа икки йил совринсиз қолганидан кейин Ёхан Кройфф ва Хосеп Луис Нуньеснинг қайта қуриш ҳақидаги қарашлари турлича эди: мураббий янги ўйинчиларни қидирса, президент янги мураббий ахтариш билан овора эди. «Барселона» уч йил ичида уч нафар бош мураббийни алмаштирди ва бир нечта трансферларни амалга оширди. Уларнинг охиргиси Луи ван Гал — жамоага саккиз нафар нидерландияликни олиб келади, натижада жамоа бўлиниб кетади, мухлислар эса бундан ғазабланади.

Фото: Getty Images

Фигу умумий тартибсизликлар фонида ҳам ўзини йўқотиб қўймади, можаролардан қочар ва мураббий кўрсатмаларини индамай бажарарди. У одатда ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнарди ва майдонда ўзидан талаб этиладиган ҳамма ишни қиларди: Кройффнинг ижодий жамоасида мия вазифасини бажарар, Бобби Робсоннинг мувозанатсиз ҳужум бригадасида мўътадилликни сақлаб турарди, Ван Гал жамоасида эса нидерланд ва маҳаллий футболчиларнинг кемтикларини тўлдириб юрарди. Мураббийлар Ривалдо, Христо Стоичков ва бошқа юлдузлар билан муаммоларга дуч келган, бироқ Фигу ҳеч қачон бирор мураббий билан баҳслашмаган.

Шу тариқа португалиялик «Камп Ноу» учун «хира» бўлган муҳитда ҳам хотиржамлик кафолатига айланганди. Қайта қуриш қанчалик кучли бўлмасин, ўнг қанотда ёрқин ва можаросиз ярим ҳимоячи доимий равишда яхши ўйин кўрсатиб келган. Янги мураббийлар ҳам айнан унинг атрофида жамоани қурарди: Фигу худди Швейцария пичоғи каби ишончли эди — ва худди шу тариқа рақиб жамоаларнинг ҳимоясини осонлик билан ёриб ўтарди.

«Луиш — исталган мураббийнинг орзуси. У машғулотларда астойдил меҳнат қилади, табиатан ажойиб қобилиятга эга ва ҳар доим жамоа учун ишлайди. Фигу бахил ўйинчи эмас, унинг даражасидаги футболчилар орасида бу камдан-кам учрайдиган ҳолат», — деганди Бобби Робсон.

Фото: Getty Images

Фигу пас қабул қилганида чинакамига шоу бошланарди. У исталган оёғи билан ва исталган масофадан дарвоза томон зарба бера оларди. У моҳир дриблинглари билан рақибларни шунчаки «сочиб» ташларди. Алдамчи ҳаракатларни ҳам мукаммал даражада амалга оширарди. Узоқ масофага бериладиган кросслар борасида ҳам тенги йўқ бўлган Бекҳэмдан қолишмасди. Ва айнан шу хислатлари ўз вақтида кимсан Ёхан Кройффни ҳам лол қолдирганди: «Фигу ҳамма нарсага қодир, у майдон бўйлаб тўпни айлантира олади, кесма паслар беради, икки оёғи билан ҳам зарба бера олади. Қийин вазиятларда эса жамоани ўз ортидан эргаштира олади. Луиш — «Барселона»га тақдим қилган сўнгги ‘совғам’».

Ёхан португалияликнинг техник маҳоратини бўрттириб юбормагани ҳақиқат. Фигу ўн бир ёшга тўлганида, «Спортинг» академияси мураббийи унга мураббийлик қилишдан бош тортади. «Агар у ҳамма нарсани қилишни билса, унга нимани ўргатишим керак»? Луишнинг ўзи эса рақибларининг иштиёқини сўндириб қўймаслик учун ярим кучи билан ўйнарди.

Айнан Кройфф Фигуга сифатли қисқа узатмалар ва доимий равишда тўпсиз ҳаракатланишни ўргатиб, унинг ривожланиш эволюциясини якунлайди. Ярим ҳимоячи эркин зоналардан фойдаланар ва айни вақтда ҳужумда ҳам кенглик яратарди. У Ла Лигада ўн йил давомида 106 та голли узатмани амалга оширди — Лионель Месси исмли бошқа бир даҳога Луишни биринчи ўриндан тушириш учун яна ўн йил керак бўлди. 1999/00 йилги мавсумдаги 9 голли узатма эса ҳалигача Чемпионлар Лигасининг рекорди бўлиб турибди.

«Голларни ташкил этиш — бу санъат. Голли узатмалар худди режиссёрликка ўхшайди. Режиссёрнинг иши актёрга қараганда анча мураккаб ва қизиқарлидир», — дея изоҳ берганди Фигу ассистларига.

Фото: Getty Images

Бу улуғворликнинг асосий безаги, шубҳасиз, дриблинг эди. Тезлик, физика ва турли хил финтлар аралашмаси билан рақибларни янчиб ташлайдиган ёш Криштиану Роналду ҳам бир вақтлар Фигу билан солиштириларди. Фақат Луишнинг техник имкониятлари кучлироқ эди ва фаолиятининг охиригача чиройли ўйинга бўлган иштиёқини сақлаб қолган. У ҳар бир беллашувда камида 10 тадан дриблингни амалга оширарди — бу Месси ва айни пайтдаги энг яхши ўйинчилардан ҳам кўпроқ дегани. Шу билан бирга у камдан-кам ҳолларда тўпни ўзида ҳаддан ташқари кўп ушлаб қоларди. «Валенсия»нинг қанот ҳимоячиси Хавьер Гарридо Фигуни тўрт нафар ҳимоячи бўлиб, қўриқлашни сўраган, «акс ҳолда Луишни тўхтатишнинг имкони йўқ».

«Фигу ўн бир нафар рақиб футболчилари билан телефон будкасига жойлаштирилса, у ҳаммани алдаб ўтиб, эшикдан чиқиб кетади», — деганди Карлуш Кейруш Фигудан ҳайратланар экан.

«Барселона»даги беш йиллик фаолияти давомида Фигу еттита соврин (шу жумладан Кубок эгалари Кубоги ва иккита Испания чемпионлиги) қўлга киритди ва икки марта Ла Лиганинг энг яхши легионерига айланди. Аммо у кетганида, Каталония Луишни фақатгина жамоа етакчиси бўлгани учунгина ёмон кўриб қолмаганди. Клубдаги энг муносиб ва ​​ишончли одам азалий душман сафига ўтишини қабул қилиш қийин. Бундай нарсалар одамнинг ҳурмати тушиб кетишига сабаб бўлади.

Трансфердан сўнг «Барселона» мери португалияликни расман «Каталониядаги исталмаган меҳмон» деб эълон қилди. Фан-клуб эса Луишнинг исмини тилга олишни тақиқлайди. «Барселона» президенти Хоан Гаспар «Реал»га таҳдид ҳам қилган. Мухлислар футболчини хоин сифатида кутиб олар, улар унга қарата турли буюмлар: пичоқ, шиша ва танга улоқтирарди, уларнинг бундай хатти-ҳаракатларини ҳатто Карлес Пуйоль ҳам уятли деб атаганди.

Фигу Каталонияга келганида футбол чинакамига урушга айланиб кетарди. Ҳатто «Реал» футболчилари ҳам ундан узоқлашишга ҳаракат қиларди: Стив Макманаман автобусда ундан узоқроқ ўтиришни сўраса, Мишел Салгадо бурчак тўпини у билан ўйнашдан бош тортади. Луиш ғазабга тўла «Ноу Камп» қаршисида ёлғиз қолади, аммо ҳатто шундай юқори босим остида ҳам ўз даражасини сақлаб қола олган.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Аслида Фигу «Реал»га ўтишни умуман истамаганди.

Фигу «Барса»ни тарк этишни режалаштирмаган, бироқ Переснинг тузоғига тушиб қолган

2000 йилги президентлик сайловларида Пересни ҳеч ким жиддий қабул қилмаганди. Флорентино «Реал Мадрид»нинг қарзлари ҳақида гапирарди, аммо кўпчилик тижорат ҳақида унчалик ҳам қайғурмасди. Боиси амалдаги президент Лоренцо Санс икки марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонганди — бу молиявий қийинчиликларга қараганда актуалроқ эди. Пересда ғалаба қозониш учун имконият жуда кам бўлган.

Перес нимадир ўйлаб топиши керак эди ва у тайёр шартнома билан Фигунинг агентларига чиқди: «Реал»га ўтиш ва йилига 6 миллион евро маош («Барса»дагидан олти баравар кўпроқ), қўшимча бонус сифатида яна 2,5 миллион евро. Агар Перес президент бўлмаса, трансфер бекор қилинади, аммо Фигу барибир 2,5 миллион еврога эга чиқади.

Бутун дунёда Переснинг ғалабасига фақат бир киши ишонарди — Переснинг ўзи. Фигу арзимаган 2,5 миллион евро эвазига мажбурий бўлмаган шартнома имзолади — бундай совғани ким ҳам рад этарди.

У шартномадан «Барса»га босим ўтказиш учун фойдаланган — ўшанда бу қоғоз фақат шунинг учун керак бўлганди. Фигу ўртача маошга эга дунёнинг энг яхши ўйинчиларидан бири эди ва «Реал Мадрид» ваъда қилган сумманинг камида бир қисмини ишлаб олишни хоҳларди. Аммо каталонларнинг ўша пайтдаги президенти Нуньес унинг юзига қараб кулиб, шундай деган: «Кимдир сенинг товон пулингни тўлаб бергунгача кутамиз».

Шартномага кўра, Луишнинг нархи 62 миллион евро эди — бу дунёнинг энг қиммат футболчисидан 13 миллионга кўпроқ. Каталонияликлар президенти ҳеч бир ақлдан озган бу миқдорни тўламаслигига ишонарди ва у ҳақ эди: чунки Перес ҳали катта футболга кириб келмаганди.

Фото: Getty Images

Фло чиройли «ўйин» кўрсатди ва ҳаммани доғда қолдирди: «Барселона»ни, рақобатчиси Сансни, Фигу ва унинг агентларини ҳам. Флорентино Фигу билан шартнома имзолашини эълон қилди, уни ёлғончиликда айблашганда эса шартномани кўрсатди. Ва агар португалиялик «Барса»да қоладиган бўлса, «Реал»нинг 80 минг нафар аъзосига йиллик абонементлар сотиб олишга ваъда берди.

«Переснинг ваъдаси «Реал Мадрид» мухлисларини маст қилди. Улар энди Санс ва унинг совринлари ҳақида қайғурмай қўйганди. Барчани Перес бир трансфер билан «Барса»ни йўқ қиладими деган савол қизиқтирарди», — дея ёзганди El Pais журналисти Диего Торрес.

Ўша куни испан футболида том маънода «бомба портлади», бундай шовқин ҳозир фақат Месси «Реал»га ўтганида кўтариларди. Каталонияликлар газета, радио, клубга қўнғироқ қилиб, ҳатто Фигунинг ўзига ҳам таҳдид қилади. «Барса» президентлигига номзодлар етакчи атрофида ташвиқотлар ўтказади. Луиш эса «Реал»га ўтмаслиги ҳақида қасам ичарди ва бу ҳақиқат эди.

Лекин бир жиҳат бўлганки, бу нарса фақат Переснинг ғалабасидан сўнггина маълум бўлади. Даҳшатли даромадли ва мажбурий бўлмаган шартноманинг бошқа томонида кичик шрифтда ёзилган банд бўлган: агар Фло президент бўлса ва Фигу «Реал»га кўчиб ўтишдан бош тортса, футболчи 35 миллион евро миқдорида қарздор бўлади.

Фото: Getty Images

«Сайловдан уч кун олдин Фигу муаммога дуч келганини тушунди. Унга оиласи билан бирга ўлим билан таҳдид қилинди. Луиш ўзининг агенти Хосе Вейгага «Реал»га ўтмаслигини айтди. Аммо шартноманинг сўнгги бандида 35 миллион евро миқдоридаги жарима ҳақида айтилганди.

Переснинг ғалаба қозониш имконияти қандай бўлганини эслаш муҳим. Мен ҳам, Вейга ҳам Флорентино президент бўлади деб ўйламагандик. У ғалаба қозонганида, Вейга йиғлаб юборди, мен эса жуда кучли ҳаяжонда эдим. Бу дегани, Фигу ё «Реал»га ўтади ёки биз 35 миллион евро тўлашимиз керак», — деганди Фигунинг дўсти Паулу Футре.

«Барса» португалияликни қутқариб қолиши ҳам мумкин эди. 23 июль куни Хоан Гаспар президент этиб сайланди ва унинг биринчи қилган иши Фигуга қўнғироқ қилиш бўлди. Улар тунги соат учгача гаплашишди, лекин клубнинг янги бошлиғи «Реал» олдидаги 35 миллион қарзни тўлашни истамаган — бу мантиқан тўғри қарор эди, чунки клуб ўз футболчисини азалий рақибидан сотиб олганидан кейин бутун дунё «Барса»нинг устидан кулган бўларди.

Фигуда Каталонияда соф ва тоза обрў билан қолиши мумкин эди. У «Барса» ўйинчиси эди ва бошқа клуб билан шартнома имзолай олмасди, шунинг учун барча музокараларни Хосе Вейга олиб борган. Ўшанда футболчилар ва агентлар шартнома имзоламасди ва ўзаро қўл бериш билан муаммоларни ҳал қилишарди, шунинг учун қонунга кўра, Луиш на Вейгага, на Мадридга қарздор эди. Охир-оқибат, товон тўлаш бандини ўтказиб юборган Хосе бўлиб чиқди — бу унинг иши эди.

Вазиятни тўғри баҳолаган агент Луишнинг рафиқаси ёнида йиғлаб, ундан эрига таъсир ўтказишга ёрдам беришни сўраган. Фигу дўстини қийин аҳволда қолдиришни истамади ва ўзи режалаштирмаган трансферга рози бўлди.

Фото: Getty Images

Луиш «Реал»га фақат дўстлик учун ўтмагани эҳтимоли ҳам юқори. Бу ерда бошқа сабаблар ҳам бор эди. Фигу Гаспарнинг қатъиятсиз ваъдаларига ишонмади, Гаспарга Фигунинг маошини ошириш ҳақидаги масала ёқмасди. Бундан ташқари, уни жамоанинг Чемпионлар Лигасидаги муваффақиятсизликлари ғазаблантирарди: «Барселона»да ажойиб карьера қуришингиз мумкин. Лекин чўққига чиқиш учун «Реал»да ўйнаш керак.

Луиш «Реал»нинг Чемпионлар Лигасидаги нуфузи учун жамоасини ўзгартиради, аммо трансфер унинг меросига жиддий таъсир кўрсатди. Боиси «Барселона» португал даҳосининг хотирасини шунчаки «ёқиб юборди» ва фақат ёмонларинигина қолдирди. Аммо у Переснинг «галактикос»ида ҳам йўқолиб қолмади, балки бриллиантлардан бирига айланди.

Фото: Getty Images

Дарҳақиқат, Фигу Зидан билан бир даражадаги юлдуз эди ва ҳар жабҳада ундан қолишмасди. Ҳатто Евро—2000 ярим финали олдидан Франция терма жамоаси ҳимоячиси Франк Лебёф ҳам жамоадошининг «зарар»ига гапирганди: «Зидан ақл бовар қилмайдиган ўйинчи, аммо ҳозир дунёнинг энг яхши футболчиси — Фигу. У бошқалардан анчагина кучлироқ».