Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон Сҳемпионати саралаши ҳали барча минтақаларда тўлиқ якунланмаган бўлса-да, кўпгина жамоалар мусобақага йўлланмани қўлга киритиб улгурди. Булар орасида Германия, Испания, Бразилия, Аргентина, Бельгия, Франция каби гранд жамоаларни учратиш мумкин. Португалия, Италия, Польша сингари имконияти юқори баҳоланган терма жамоалар эса кутилмаганда тўғридан-тўғри ЖЧ чиптасини қўлга кирита олмади, эндиликда улар март ойидаги ўтиш ўйинларида иштирок этади. Шунингдек, яна бир қатор жамоаларнинг тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига бормаслиги аниқ бўлиб улгурди. Ушбу мақолада мундиални ўтказиб юбориши аниқ бўлиб улгурган айрим юлдузлар ҳақида фикр юритилади.
Ян Облак, Словения
Шахсий совринлар ва клубдаги фаолияти борасида анчагина омадли саналадиган Ян Облакнинг терма жамоада омади чопмаган. Аммо начора, ватанни танлаб бўлмайди дейишади. У борига қаноат қилишга мажбур. Словения анчадан бери йирик мусобақаларда (Европа ва Жаҳон Чемпионатлари) қатнашмай қўйган. Терма жамоа сўнгги марта 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда иштирок этган.
«Атлетико М» дарвозабони бошчилигидаги словенлар бу сафар саралашда H гуруҳида 4-ўринни эгаллади. Гуруҳда Хорватия 1-ўрин билан тўғридан-тўғри Қатарга йўл олган бўлса, иккинчи поғонадаги Россия ўтиш ўйинида иштирок этади.
Шу тариқа дунёнинг энг қиммат дарвозабони (70 миллион евро) Жаҳон Чемпионатини ўтказиб юборади. Келаси, 2026 йили бўлиб ўтадиган мундиалда у 36 ёшда бўлади.
Генрих Мхитарян, Арманистон
Бир неча йилдан бери Римнинг «Рома» клубида муваффақиятли ўйин кўрсатиб келаётган Генрих Мхитарян навбатдаги мундиални ҳам ўз уйидан томоша қилади. Унинг етакчилигидаги Арманистон терма жамоаси бу сафарги саралаш босқичида Ж гуруҳидан ўрин олиб, 4-ўрин билан кифояланди. Ундан олдинги ўринларни Германия, Шимолий Македония ва Руминия эгаллади.
Арманистон терма жамоаси шу вақтга қадар ўз тарихида бирор марта Жаҳон Чемпионатида қатнашишнинг уддасидан чиқмаган. Жамоа ҳар сафар саралаш баҳсларида муваффақиятсиз иштирок билан кифояланган.
2007 йилда, 18 ёшида терма жамоада дебют қилган Мхитарян шу тариқа тўртинчи марта терма жамоаси билан ЖЧ йўлланмасини қўлга кирита олмади. Фаолияти давомида «Рома»дан ташқари «Шахтёр Д», «Боруссия Д», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» каби дунёнинг номдор клубларида ёрқин ўйинлар кўрсатган истеъдодли ярим ҳимоячининг тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида кейинчалик ҳам ўйнамаслик эҳтимоли анча юқори. Боиси Мхитарян ҳозирда 32 ёшда, келаси Жаҳон Чемпионатида 37 ёшда бўлади.
Наби Кейта, Гвинея
Наби Кейтанинг ватани терма жамоаси — Гвинея ҳам ўз тарихида бирор марта ҳам Жаҳон Чемпионатида қатнашмаган. Терма жамоа бу сафарги ва ундан олдинги ЖЧ саралашларида ҳам муваффақиятсиз қатнашган. Жорий йилги баҳсларда эса жамоа Марокашга имкониятни бой бериб, Қатар—2022 йўлланмасидан умидини узди.
26 ёшли Наби Кейта эса 2013 йилдан бери терма жамоада тўп суриб келмоқда ва унда ҳали Жаҳон Чемпионатларида ўйнаш имконияти мавжуд. Ярим ҳимоячи «Ливерпуль»нинг асосий ўйинчиси ҳисобланади ва терма жамоа футболчилари ичида фақат у кучли бешлик чемпионатларида тўп суради. Шундай экан, Гвинеянинг келгусидаги муваффақиятлари кўп миқдорда Наби Кейта номи билан боғлиқ бўлади.
Эдин Жеко, Босния ва Герцеговина
Эден Жеко гарчи Европада юқори даражали ҳужумчи сифатида қайд этилса-да, у терма жамоаси билан қўлга киритилган совринлар билан мақтана олмайди. Жеко йирик турнирлардан фақатгина 2014 йили Бразилияда ўтган Жаҳон чемпионатида иштирок этган. Бошқа мундиалларда эса худди бу сафаргисидаги каби саралашдан ўта олмаган.
Ушбу саралашда Эден Жеко сардорлигидаги Босния ва Герцеговина D гуруҳидан ўта олмади. Баҳслар бошланишидан аввал ҳам жамоанинг имкониятлари у қадар юқори баҳоланмаганди. Боиси гуруҳда амалдаги Жаҳон чемпиони Франциядан ташқари, Евро—2020 да ажойиб ўйин кўрсатган Украина ҳам боснияликларга жиддий бош оғриқ бўлиши кутилганди. Ва якунда шундай бўлди ҳам: французлар тўғридан-тўғри Қатар—2022 йўлланмасига эга чиққан бўлса, Украина гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, ўтиш ўйинларида иштирок этадиган бўлди.
Эден Жеко ҳозир 35 ёшни «уриб қўйган» ва (жуда) катта эҳтимол билан келаси мундиалгача бутсиларини «михга илади».
Пьер-Эмерик Обамеянг, Габон
Клублар миқёсида Европани забт этган юқори даражали ҳужумчилардан яна бири Обамеянгнинг ҳам терма жамоа борасида омади чопмаган, у Габон билан на Жаҳон, на Африка доирасидаги йирик мусобақаларда айтарли натижаларга эришган.
Ўз тарихида бирор марта ҳам мундиалларда қатнашмаган Габон бу йилги баҳсларда Муҳаммад Салоҳ бошчилигидаги Мисрдан ортда қолиб, Қатар—2022 йўлланмасидан қуруқ қолди. Бу йўлда «Арсенал» форварди Обамеянгнинг ҳам маҳорати етарли бўлмади. Обамеянг ҳозир 32 ёшда ва анчадан бери мақтана оладиган даражадаги спорт формасида эмас. Обамеянг ва таркибида ундан бошқа юқори даражали футболчи йўқлиги ҳисобга олиниб айтилса, Габоннинг кейинги Жаҳон Чемпионатига чиқиш эҳтимоли ҳам анча паст.
Эрлинг Ҳоланд, Норвегия
2020 йилги Голден Бой соврини соҳиби ва «Боруссия Д»нинг асосий юлдузи Эрлинг Ҳоланд ёзда кўҳна қитъанинг энг нуфузли мусобақаси — Европа чемпионатини ўтказиб юборганди. Энди эса у Жаҳон Чемпионатини ҳам телевизор орқали томоша қилиши аниқ бўлди.
Киллиан Мбаппе билан бирга дунёнинг энг яхши ёш ўйинчиларидан бири бўлиб турган Ҳоланднинг мундиалда ўйнамаслиги футбол мухлислари учун унчалик ҳам яхши хабар эмас. Тасаввур қилинг-а, ҳар ўйинда ўртача 1,5 тадан гол урадиган ўйинчи агар дунё биринчилигида ҳам одатдагидек ғайриоддий ўйин кўрсатганида, миллионлаб ишқибозларга олам-олам қувонч бағишлашдан ташқари, ўзининг трансфер нархига яхшигина қўшиб олган бўларди.
Норвегия терма жамоаси саралаш баҳсларида G гуруҳида 3-ўринни эгаллаб, мундиал йўлланмасидан қуруқ қолди. Нидерландия пешқадам сифатида тўғридан-тўғри ЖЧ га йўл олган бўлса, 2-поғонани банд этган Туркия эса ўз омадини плей-оффда синаб кўради.
Ҳоланднинг ўзига келадиган бўлсак, у эндигина 21 ёшда ва унинг нафақат терма жамоадаги, балки бутун карьераси олдинда. У юлдузлик касалига чалинмаган ҳолда жароҳатларни четлаб ўта олса, келажакда Месси ёки Роналду даражасига чиқиши мумкин.
Хулоса ўрнида, Ҳоланд ва юқорида тилга олинган ўйинчилар мисолида футболнинг яна бир бор жамоавий ўйин эканлигини таъкидлаш мумкин. Роналду ва Мессининг салоҳиятига заррача ҳам шубҳа қилмаган ҳолда тан олиб айтиш керак, ҳар икки даҳонинг терма жамоасида улардан ташқари ҳам юқори даражадаги ўйинчилар талайгина бўлган.
Қайд этиш керак, ЖЧ—2022 да қатнашиши кўзланган 32 жамоадан эндигина 13 таси маълум бўлиб улгурган. Ҳали 19 та йўлланма ўз эгасини кутиб турибди. Европа ва Африка минтақаларида март ойида ўтиш ўйинлари ўтказилса, Осиё, Жанубий ва Шимолий Америкада гуруҳ баҳслари давом этмоқда. Шундай экан, ушбу рўйхат ҳали яна янгиланади.