UzAuto Motors янги Chevrolet Equinox МY2022 нархларини эълон қилди.

Фото: UzAuto Motors

Қайд этилишича, янги гибрид тизимига эга Chevrolet Equinox 2022 юмшоқ гибрид старт-стоп тизими билан ишлайди. Ушбу автомобилларда оддий стартер ўрнига кучли қувватли мотор-генератор ўрнатилган. У секинлашганда электр энергиясини ишлаб чиқариб, юқори қувватли аккумуляторни зарядлайди.

Ички ёниш двигатели оддий генераторни айлантириш учун камроқ энергия сарфлайди ёки умуман сарфламайди. Янги гибрид тизими айнан электромобилнинг электр режимида ишлай олмаса ҳам, у шунга ўхшаш гибрид бўлмаган версияларга нисбатан шаҳарда ҳам, магистралда ҳам ёқилғи самарадорлигини оширишни таъминлайди. Айнан ушбу тизим сабабли ёқилғи сарфи сезиларли даражада камаяди ва 100 километр учун 7,01 литрни ташкил қилади.

Нархлар:

  • 1.5Т LS FWD комплектация: 250 732 510 сўм;
  • 2.0Т 1LT FWD МH комплектация: 338 260 870 сўм;
  • 2.0Т 1LT АWD МH комплектация: 365 217 391 сўм;
  • 2.0Т 3LT АWD МH комплектация: 391 304 348 сўм.

Компания хабарида нархлар ҚҚСсиз кўрсатилган. UzAutoСавдо тизимида эса ҚҚС билан қўшиб ҳисоблаганда 2.0Т 1LT FWD МH комплектация 389 000 000 сўмдан, 2.0Т 1LT АWD МH комплектация эса 420 000 000 сўмдан ва 2.0Т 3LT АWD МH комплектация эса 450 000 000 сўмдан бошланиши қайд этилган, бошланғич 1.5Т LS FWD комплектациянинг ҚҚС билан нархлари келтирилмаган. Мамлакатда жорий этилган 15 фоиз ҚҚС билан ҳисоблаганда ушбу комплектацияни нархи 288 342 386 сўмни ташкил этмоқда.

Бошланғич 1.5Т LS FWD комплектациядаги автомобилни сотиб олиш истагида бўлган харидорлар компаниянинг расмий дилерларида ариза қолдириши ёки расмий сайти «info@uzautomotors.com» орқали онлайн тарзда ариза юбориши мумкин. Тўпланган аризаларнинг сонига қараб компания ушбу автомобилнинг етказилиб берилишини таъминлайди.