Тошкент шаҳридаги Megawatt motors электромобиль савдоси билан шуғулланувчи компания етакчи мутахассиси Жалолиддин Абдусаломов Европа ва Хитойда ишлаб чиқарилаётган электромобилларнинг ўртасидаги фарқлар ҳақида «Дарё»га қисқача тушунтириш берди.
«Ўзбекистонга олиб кирилаётган электромобилларнинг 90 фоизи Хитой автосаноат компаниялари ҳиссасига тўғри келади. Мен фаолият юритадиган электромобиллар компанияси Хитойнинг: HIO, BYD, Xpeng ва Европадан Volkswagen, Audi ҳамда Америкадан Tesla электромобилларини Ўзбекистонга олиб киради. Хитой ва Европада ишлаб чиқарилган электромобилларни ўзаро солиштирганимизда Европа электромобилларида устунлик жиҳатларини кўраётганимиз йўқ. Аксинча, Хитой электромобилларида функциялар кўпроқ — хавфсизлик тизими, каттароқ батарея, кўпроқ юриш масофасига эга бўласиз. Европа электромобилларининг бренди учун пул тўлайсиз. Tesla электромобилларининг танқислиги ва қимматлиги яхши ўйланган маркетинг самараси», — деди Жалолиддин Абдусаломов.
Унинг қўшимча қилишича, пандемия сабабли дунёда юзага келган чиплар (яримўтказгичлар) муаммоси электромобиллар нархига ўз таъсирини ўтказмоқда.
«Пандемия сабабли микросхемалар (яримўтказгичлар) етишмовчилиги электромобиллар савдосига таъсир қилмоқда. Мисол учун, биз ҳамкорлик қиладиган HIO компанияси Хитойнинг Ҳефей шаҳридаги заводини микросхема танқислиги туфайли тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ўз ўрнида электромобилларнинг эгаларига етказиб беришда кечикишларга сабаб бўлмоқда. Лекин яримўтказгичлар етишмовчилигига қарамай Хитой автоконцернлари электромобил нархларини бир меъёрда ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Дунёдаги йирик электромобил ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси эса автомобиль нархларини 2021 йил бошидан буён 20 фоизга оширди. Халқаро мутахассислар чиплар етишмовчилигини 2023 йилга бориб бартараф этилишини маълум қилди, — деди Megawatt motors компаниясининг етакчи мутахассиси.Мавзуга доир: Фарғонада дастлабки электромобиллар 2021 йил декабрь ойида тест режимида ишлаб чиқарилади
«Хитой электромобиль ишлаб чиқарувчилари нафақат ички бозор, бакли дунё автомобиль бозорида ҳам арзон нархларни таклиф этмоқда. Хитой ҳукумати 2030 йилдан бензин билан ҳаракатланувчи автомобилларни ишлаб чиқаришни тўхтатишини эълон қилган. Шунингдек, электромобиль ишлаб чиқарувчиларга субсидия ва бошқа иқтисодий кўмак кўрсатилмоқда. Ҳаттоки автомобиль ишлаб чиқармайдиган Xiaomi, Huawei компаниялари ҳам электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида ишламоқда», — деди Жалолиддин Абдусаломов.
Изоҳ (0)