Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистон президентининг тегишли қарорига мувофиқ Дилшод Хожиаҳмедов сув хўжалиги вазирининг ўринбосари — Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги бош директори лавозимига тайинланди, деб хабар беради ЎзА.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Тайинловга қадар Дилшод Хожиаҳмедов Фарғона вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида 2017 йилдан бери ишлаб келаётган эди.

Унга Сув хўжалиги вазирлиги марказий аппаратининг Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси, Сув хўжалигини механизациялаштириш бўлими, шунингдек, агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш вазифалари юклатилган.

Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш каби вазифаларга ҳам масъул ҳисобланади.

Маълумот учун, Дилшод Хожиаҳмедов 1975 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган, мутахассислиги муҳандис-қурувчи. Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Риштон қурилиш бошқармаси 2-тоифали бетончиси лавозимида бошлаб, 1995−2001 йилларда «Фарғонасувқурилиш» бошқармасига қарашли 1-сонли қурилиш монтаж корхонасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2001−2017 йилларда Фарғона вилоятидаги қурилиш ташкилотларида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 10 июлида президентнинг «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони имзоланган эди.

 

Изоҳ
Асосий янгиликлар