«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
17:37, 07.12.2021 29032

Чой дамлашда энг кўп йўл қўйиладиган хатолар

Тетиклаштириши, энергия бериши билан ўзига хос бўлган чойнинг таъми ва фойдаси оби-тобида бўлиши учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида Marie Claire нашри маълумот бериб ўтади.

Фото: Marie Claire

Дамлашдан аввал чойни кўп ёки кам солиб юбориш

200 мл сувга 2 грамм ёки 1 финжон учун 1 чой қошиқ чой солиш керак. Акс ҳолда чой таъми яхши чиқмаслиги ёки аксинча аччиқ бўлиб қолиши мумкин. Ҳаддан ортиқ аччиқ бўлган чой саломатлик учун зарарли бўлади. Чой қанча аччиқ бўлса, ундаги фторидлар концентрацияси шунчалик юқори бўлади. Унинг ортиқчаси умумий саломатлик, айниқса, суяклар аҳволига салбий таъсир қилади.

Устидан қайта дамлаш

Newby Teas чой компанияси Европанинг бир финжон учун икки грамм чойдан фойдаланиш технологиясидан келиб чиқиб қайта дамлашни тавсия қилмайди. Негаки, совиганидан кейин устига қайта дамлаш чойнинг таъмига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Биринчи дамланганда фойдали хусусиятлари намоён бўлиб улгургани учун бундай ичимликдан ҳеч қандай наф йўқ. Айрим паст сифатли чойлардан эса ҳатто токсинли микроэлементлар ажралиши ҳам мумкин. Чой япроқларини қайта ва қайта дамлаш хитой-япон чой маросимлари: улун ва пуэрада кузатилиши мумкин. Унда, асосан, кўл ва оқ чойнинг айрим навларидан фойдаланилади. Осиёда улонг сингари йирик баргли чойлар қайта-қайта дамлаб ичилади. Аммо уларда дамланадиган қуруқ чойлар миқдори Европаликларникидан кўпроқ бўлади. Буралган ёки ўралган чой баргларидан ҳам такрор дамлашда фойдаланиш мумкин. Бу билан максимал даражада фойдага эришиш мумкин бўлади.

Димлаш вақтининг нотўғрилиги

Ҳар бир чой тури учун алоҳида вақт керак бўлади. Масалан, қора чой, улонг ва пуэрни 2-5 дақиқа, кўк ва оқ чойни 2-3 дақиқа, тизанни эса 5 дақиқа димлаш керак. Узоқ вақт димланганда чой таркибидаги фенол, липид ва эфир ёғи ўз-ўзидан оксидланишни бошлаб, теиннинг фойдаси йўқолишига олиб келади. Оқибатда ичимликнинг таъми ва ифори ўзгаради. Узоқ вақт димлангандан кейинги тахир таъм эса кофеин миқдорининг кўплиги эмас, зарарли моддалар борлиги билан боғлиқ. Шу сабаб ҳам бироз димланганидан кейин пакетли чойни чойнак ичидан олиб қўйиш тавсия қилинади.

Сув ҳароратининг тўғри эмаслиги

Қора чой, улонг ва тизанларни 95 даража иссиқ сув билан дамлаш керак. Аммо кўк ёки оқ чойнинг нозик баргларига эса бундай иссиқ сув тўғри келмайди. Сув ҳарорати чойнинг ферментациясига тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Сув қандай ҳароратда бўлиши керак?

  • 100°С — қора чой, пуэр, улонг, тизан;
  • 75-85°С — кўк ва оқ чой.

Сифатсиз чой танлаш

Агар чойнинг сифати паст бўлса, юқоридаги тавсияларга амал қилишнинг ўзи етарли бўлмайди.

Шу сабаб ҳам танлов борасида қуйидагилар муҳим:

Чой барглари йиғиб олинган пайт — мукаммал чой дамлаш учун биринчи навбатда чой баргларининг сифати аҳамиятли ҳисобланади. Баҳор-ёз мавсумида йиғилган чой энг яхши сифатли бўлади. Айнан мазкур даврда чой барглари барча зарур хусусиятларга эга бўлади.

Ўрами — чой пакети герметик ёпиқ, шаффоф бўлмаган ўрамда, қуёш нурлари тушишидан ҳимояланган бўлиши керак. Акс ҳолда таъми ва ифоридан ташқари, фойдали хусусиятлари ҳам талабга жавоб бермаслиги мумкин.

Чой қадоқланган жой — чой териб олинганидан кейин қадоқланишгача қандай йўлларни босиб ўтгани ҳақида қизиқинг. Агар йиғиб олинган жойнинг ўзида қадоқланган бўлса ёки компаниянинг ўзига қарашли қадоқлаш фабрикаси бўлса яна яхши. Бу чой баргларининг янгилиги, фойдаси ва таъми ўзгармаслигини кафолатлайди.

Мазали чойлар — бундай чойларни танлаётганда кимёвий моддалар қўшилганми ёки табиий маҳсулотлар, масалан, мевалардан фойдаланилганми, эътибор бериб ўқинг. Чой таъми ва ифори билан кишини шод қилишдан ташқари, организм учун ҳам фойдали бўлиши керак.