Қозоғистон Миллий банки мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб, 20 минг тенге номиналидаги юбилей банкнотани муомалага чиқаради, деб хабар беради “Zakon.kz”.

Фото: “Zakon.kz”

«Юбилей банкнотанинг дизайни ноёб технология бўйича тайёрланган: дунёда биринчи бор банкнотнинг бутун вертикали бўйлаб жойлашган ва номиналнинг голограмма тасвири, Мустақилликнинг 30 йиллиги логотипи ва давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев факсимилеси акс эттирилган металлсизланган чизиқлардан фойдаланилди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, юбилей банкнота 27 та ҳимоя элементларини ўзида жамлаган. Банкнота дизайни муомаладаги банкноталар билан бир хил услубда тайёрланган: олд томонида устувор вертикал тасвирлар жойлашган, орқа томонида — горизонтал.

Олд томонидан Қозоғистоннинг давлат рамзлари, мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг голографик портрети, «Қозоқ эли» монументи, триумфал арка тасвирланган. Орқа томонида эса элбошининг портрети, Нур-Султон шаҳрининг панорама кўриниши ва Акорда қароргоҳини кўриш мумкин.

Фото: “Zakon.kz”

Банкнота асосан кул ранг рангдан иборат бўлиб, ўлчами 155 х 79 миллиметрни ташкил этади.