Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

1 декабрь — бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни. Бу касаллик билан яшаб юрган беморларнинг ҳис-кечинмалари ва уларга нисбатан турли хил муносабатлар ҳақида ҳикоя қилувчи реал воқеаларни «Дарё» ўзбек тилига таржима қилди.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

Касалликнинг пайдо бўлиши шартли равишда 1978 йилга тўғри келади, лекин баъзи олимлар 1926–1946 йиллар орасида ОИВ (Одамнинг иммунитет танқислиги вируси) одамга маймундан, уни овлаш натижасида, юққан деган қарашни олға суради. Бундан ташқари, сўнгги тадқиқот натижалари бу вирус одамлар орасида илк бор XVII асрда пайдо бўлган деган тахминни ўртага ташлайди. Бироқ ОИВ эпидемия штамми сифатида фақат ХХ асрнинг 30 йилларида Африкада ўзини намоён қилган. Инсон танасидаги ОИВни тасдиқловчи илк қон намунаси 1959 йилга тўғри келади.

Ўша йили Конгодан келиб, қон топширган африкалик бемор ОИТСдан вафот этган. Ўлимга олиб келувчи ушбу касаллик тўғрисида дастлабки хабарлар 1981 йилда АҚШда пайдо бўлган. Вақт ўтиши билан беморлар сони орта бошлаган. Касалликка «ОИТС — орттирилган иммунитет танқислиги синдроми» деб ном берилган.

ОИВ касалликнинг бошланиш босқичи бўлиб, сўнгги босқичда ОИТСга ўтади. Дунёда ҳалигача унга қарши тайинли даво чораси ўйлаб топилмаган. Юқтириб олиш хавфи, асосан, қон қуйиш, гиёҳванд моддалар қабул қилиш ва пала-партиш жинсий ҳаёт кечириш оқибатида ошади.

«Бу ташхис мени 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида бутунлай бошқа одамга айлантирди»

ОИВ менга 18 ёшимда юққан. Аксарият қизлар каби, шу ёшда ўзимдан катта эркакка кўнгил қўйиб турмушга чиққандим. Кейинчалик аён бўлишича, у мен билан танишишдан аввал гиёҳванд моддалар қабул қилган ва ОИВга чалинган экан. Ўша вақтлар, 2005 йилда, бу касаллик тўғрисида ҳеч нима билмасдим, эрим эса ташхисни мендан яширган.

Касаллигим ҳақида ҳомиладорлик бўйича рўйхатга олиш вақтида билдим. Шифокорлар ўшанда болани олдириб ташлашга мажбур қилди. Бола гўдаклик вақтидаёқ ўлишини, ўзим ҳам беш йилдан ортиқ яшамаслигимни айтди. Ҳали вақтим кўп эди — 19–20 ҳафта, лекин барибир бошқалардан ажратиб қўйишди. Касалхонада жуда кўп даҳшатли гапларни айтишди — қариндошларимга идиш-товоқлар орқали юқтириб қўйсам, ҳаммамиз ўлар эмишмиз. Оқ халатли холажонлар учун мен каби 18 яшар қизалоққа босим ўтказиш қийинчилик туғдирмасди.

Менда болани олдириб ташлашга кўрсатма йўқ эди, лекин муддат кўплигига қарамай, шифокорлар бунга мажбур қилди. Онам ташхисни мендан ҳам аввал билган — шифохона ходимлари розилигимсиз унга айтиб қўйганди.

Бундан хабар топган эрим жуда қўрқиб кетди. Узоқ вақт қорасини кўрсатмади — иш жойида навбатчиликда қолди, чунки қариндошларим уни судга беришидан қўрққанди. Мен ошкор бўлган ташхисим билан бир четда унутилиб қолиб кетдим. Биринчи йили олти марта ўз жонимга қасд қилишга уриниш, асабий зўриқиш, жазава, спиртли ичимликлар билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Ўз жонимга қасд қилиш ҳаракатини илк бор шифохонадан болани олдириб чиққан кунимоқ амалга оширганман.

Ҳомиламни олдирган шифохонадаги ҳамшира ташхисимни бутун шаҳарга овоза қилибди. Шаҳар кичкина эди, бор-йўғи 20 минг кишидан иборат. Бир куни кўчада кетаётиб синфдошимни кўриб қолдим — у мени пайқаб, кўришмаслик учун йўлнинг нариги бетига ўтиб кетди. Кейин мен дўконга киргач, сотувчи шундай деди: «Дўконни ёпяпмиз, бошқа бу ерга келма». Одамлар касаллигимдан хабар топганини англаб, иккинчи марта ўзимни ўлдиришга ҳаракат қилдим.

Бўлиб ўтаётган воқеалар мени қанчалар азобга солаётганини онам кўрди. У ҳам даҳшат ва қўрқув ичида эди. Бу ҳақида «унутишим» иккимиз учун ҳам яхши бўларди, шунинг учун кўп йиллар давомида бу мавзуни тилга олмадик.

Орадан бир қанча вақт ўтиб, эрим қайтиб келди. У ОИВни инкор эта бошлади: буларнинг барчаси бемаънилик эканини, ҳеч қандай хавф йўқлигини айтиб, ОИВ ва ОИТСни «XXI аср сафсатаси» деб атади. У охири мени ишонтирди ва мен ҳам ОИВ диссидентига айландим. Қанчадир вақт у билан бирга яшадик, ажрашганимиздан кейин эса Иркутск шаҳридаги вилоят марказига кўчиб ўтдим.

У ерда институтдаги ўқишимни тиклаб, кундузги бўлимга ўтказдим ва ўз ҳаётим билан яшай бошладим. 2010 йилда пневмокист пневмонияси ташхиси билан касалхонага ётдим. Бу ерда, биринчи ҳафтанинг охирига келиб, аллақачон ОИТС босқичига ўтганимни айтишди: 14 та ҳужайра қолганди (танада касалликни қўзғатувчи бактерияларни аниқлайдиган CД4 ҳужайралари назарда тутилмоқда — «Дарё» изоҳи), вирус юки эса 25 миллонтани ташкил этарди. Менда, шунингдек, сил касаллиги, менингит ва бошқа ёқимсиз нарсалар аниқланди. Вазним ўшанда атиги 38 килограмм эди, ногиронлар аравачасида ҳаракатланардим, ҳужайралар сони эса нолга қараб борарди. Онам буни билгач, инсульт бўлиб қолди.

Мен Иркутскдаги вилоят ОИТС марказида даволандим — шифокорлар мени ростакамига қайта тирилтирди. ОИВга чалинган эркак билан ҳам ўша ерда танишдим ва у кейинчалик менинг иккинчи турмуш ўртоғимга айланди. Лекин турмушимиз ўхшамади. Турмуш ўртоғим зўравон бўлиб чиқди. «Сендай ОИТСга чалинган аёл ҳеч кимга керакмас, кунинг битяпти, сени гўр оғзидан тортиб олгандим», — деди. У мени урарди, масхара қиларди — мен ундан қочиб қутулдим ва бир мунча вақт психотерапияга қатнадим.

2016 йили биринчи эримнинг ўлимидан хабар топдим — у ОИВ диссидентилигича қолиб, ОИТС ва сил касаллигидан вафот этганди.

Бугун ўзимни кўп нарса учун кечиролмайман, айниқса, онамнинг ўлими учун. Ундан ташқари, ўз соғлиғимга бўлган муносабатим ҳам яхши эмасди. ОИВни тан олмай, ўзимни нобуд қилишим ва бу «билағонлигим»дан кўпчилик азият чекиши мумкин эди.

2011 йилда ўзимга келиб, кўнгиллига айландим: одамларга ўз касаллигини қабул қилишга кўмаклаша бошладим, терапия нажоткоримиз эканига, яшай олишимизга ишонтирдим. Кўнгилли сифатида мен Иркутск вилоятида ОИВ профилактикаси, беморлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш каби ишлар билан шуғулланаман.

Бу ташхис мени 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида бутунлай бошқа одамга айлантирди. Баъзилар ОИВ уларнинг ҳаётини ўзгартирмаганини айтади, лекин менда кескин ўзгариш бўлди. Хушхулқ, аълочи қиздан зирҳли хонимчага айландим, энди қандайдир кучли сезгилар ва ҳис-туйғуларга қодир бўлмасам керак. Ҳаммасини ичимга кўмдим.

Мен ҳатто душманимга ҳам раво кўрмайдиган кулфатлардан омон қолдим. 2005 йилдан бери кўп тошлар отилди, ҳақоратлар қилишди, онамдан айрилдим – буларнинг барчаси мени ҳозирги инсонга айлантирди.

Мария, 34 ёш

«Эркак киши йиғламайди деган сафсатанинг аҳамияти қолмади»

«ОИТС» сўзини биринчи марта мактабда ўқиб юрган пайтларим эшитганман. Ўша кунни яхши эслайман — дарсдан кейин уйга келдим, онам ишда экан, печкада эса овқат турарди. Ошхонага кириб, радиони ёқдим. Ўша вақтлар Саратовда «Максимум» радиоси энди-энди пайдо бўлганди, синфимизда уни эшитиш урфга кирганди. Радиода Земфиранинг «Сенда ОИТС бор, демак умримиз битди» деган қўшиғи берилаётган экан. Мен ОИТС нималигини билмасдим, лекин бу сўз эсимда қолди. Онам ишдан қайтгач, ундан ОИТС нима эканлигини сўрадим, у эса «пролетарка подъездларида ўзига игна санчадиган гиёҳвандлар касаллиги» эканини ва буни юқтирган одам «жуда қийналиб ўлиши»ни айтди. Ўшанда шу билганим менга етарли бўлди ва негадир бу касалликка чалинган кишилар бадбашарага айланиб, уйидан чиқмай қўяди, шифокорлар эса унинг ёнига вабо эпидемияси вақтидаги каби махсус кийимларда киради деб ўйлагандим.

Вақтлар ўтиб, ўрта мактабни битирдим ва университетга кириб, қизлар билан учраша бошладим. Ҳаётим тенгдошларимникидан деярли фарқ қилмасди: кундузи дарсларда қатнашиб, тунни дўстларим билан ўтказардим. Боз устига, яшаш тарзим ҳам оддий эди: камчиқим талаба сифатида оммавий зиёфатларда бир неча бокал арзон пиво ичардим, баъзан чекиб турардим, лекин гиёҳванд моддалар қабул қилмаганман. 18 ёшимда биринчи қиз билан, 19 ёшимда иккинчиси билан танишдим, орадан бир неча йил ўтиб эса Алина исмли ажойиб қорамағиз қиз билан учраша бошладим. Аввалига онда-сонда учрашиб турдик, кейин эса бирга яшай бошладик. Очиғи, баъзан бошқа гўзал қизларга ҳам кўз олайтириб турардим, лекин Алинага ҳеч қачон хиёнат қилмаганман. Ҳаётимиз, умуман олганда, силлиқ кечаётганди. «Политех» ҳудудидаги тўкилиб тушай деган, гулқоғозлари кўчиб кетган бир хонали уйни ижарага олдик ва тартибга келтириб, бирга яшай бошладик. Қишда уйда ўтирардик, ёзда эса плацкартада Сочи ёки Санкт-Петербургга йўл олардик.

2010 йилда ҳаммаси ўзгариб кетди. Ўша куни қиз уйга одатдагидан кўра кечроқ келиб, жиддий гаплашиб олишимиз кераклигини айтди. Одатда, жиддий суҳбатлар ортида ажрашиш нияти туради, мен ҳам хаёлан айнан шуни кутгандим — у бошқа ким биландир танишганини айтиб, озроқ кўз ёш тўкади ва биз ажрашамиз, деб ўйлагандим. Лекин ҳаммаси анча мураккаб бўлиб чиқди. «Менда ОИВ бор экан. Менимча, сен ҳам текширувдан ўтишинг керак», — деди у ўзига хос бўлмаган қандайдир босиқ овозда. У иложи борича хотиржам ва жиддий кўринишга ҳаракат қиларди, уни бундай қиёфада ҳеч қачон кўрмагандим. ОИВни собиқ йигитидан юқтириб олганини тахмин қилаётганди. Айтишича, у йигит Алина билан танишишдан аввал бетартиб ҳаёт кечирган: подъездларда шубҳали кишилар билан ўралашиб юрган, ўнг келгани билан алоқа қилган, лекин Алина билан кўришгач бирдан яхши томонга ўзгарган. Ундан юз ўгирсам, мени тўғри тушунишини айтди, ташхис ҳақида онасига билдириб қўймаслигимни илтимос қилди, чунки буни «кўтара олмас экан».

Психологларнинг айтишича, одам кучли стресс пайтида дереализацияни бошдан кечириши мумкин экан. Яъни содир бўлаётган ҳодисалар аслида ҳақиқий эмас, буларнинг барчаси айниган миянинг ўйинлари, деб ўйлай бошлайсан. Ўша вақтда бунинг нима эканлигини тўлиқ ҳис қилдим. Ўн дақиқалар чамаси битта нуқтага — ёғоч деразанинг оққа бўялган тутқичига тикилиб, ундан кўзимни узолмай ўтирдим. Мен отаси муҳандис ва онаси ўқитувчи бўлган, туппа-тузук одамман. Қандай қилиб фоҳишалар ва гиёҳвандлар билан ўралашиб қолдим? Қаерда хато қилдим? Қизга ОИВ қаердан юқиб қолгани ёки бунга собиқ йигитининг қанчалик алоқаси борлиги мени қизиқтирмасди. Мен учун фақат энди қандай йўл тутишим кераклиги қизиқ эди. Эҳтимол, ўша вақтда худбинлигим энг юқори чўққига чиққан.

Шу орада Алина менга нималардир деди. Кечирим сўраганидан сўнг ҳатто қучоқлашга уринди, лекин эшитганларим шу қадар ҳайратга солиб қўйгандики, на унинг овозини эшитдим, на тегинганини сездим. Негадир ўнг қўлим жимирлаб кетди, кейин эса бутун белимга игна санчилгандик ҳис қилдим. Йиғлагим ва қичқиргим келарди, лекин ичимдан ҳеч садо чиқмасди. Индамай каравотга бориб, чўзилдим. Алина билан гаплашиб, энди нима қилиш кераклигини маслаҳатлашиб олиш ўрнига, бир неча соат қимир этмай ётдим. Кейин соат, тахминан, ўнлар атрофида бўкириб йиғлай бошладим. Ўша вақт эркак киши йиғламайди деган сафсатанинг аҳамияти қолмади. Эрталаб тест топширгани бордим, сезганингиздек, натижа ижобий чиқди. Шундан сўнг олти ой ўта тушкун кайфиятда юрдим. Бу вақт давомида психологлар ва психиатрларга қатнадим, антидепрессантлар қабул қилдим, пулли шифокорлар кўригига бир неча минг рубль сарфладим. Ҳозир аҳволим анча яхши, мутахассислигим бўйича иш топдим ва баъзи дўстларимга дилимни ёрдим. Дарвоқе, Алина билан ҳали ҳам биргамиз.

Аркадий, 31 ёш

«ОИВ ҳаётимни таниб бўлмас даражада яхши томонга ўзгартирди»

Ҳикоям оддий. Мен носоғлом муҳит ҳукм сурган оилада туғилганман. У ерда боланинг фикри билан ҳеч қачон қизиқишмаган, ҳис-туйғуларини инобатга олмай, ундан нимадир талаб қилишган ва мажбурлашган. Ўсмирлик вақтларимдан эътибор ва мулоқотни кўчадан излай бошладим. Эрта турмушга чиқдим, у эса узоқ давом этмади ва 20 ёшимда боши очиқ аёлга айландим. Эрк мени маст қилиб, йигитларни бирин-кетин алиштира бошладим. Чамаси, 50 та эркак билан танишдим.

Доим спиртли ичимликлар таъсирида юриб, ҳимояланиш ҳақида умуман ўйламасдим. Пала-партиш ҳаёт кечирдим. 22 ёшда тегишли текширувлардан ўтиб, аборт қилдирдим. Орадан бир ҳафта ўтиб, менга юқумли касалликлар бўлимидан қўнғироқ бўлди. Борсам, шифокор қоғозсиз, тоза столда картамни қўлида айлантириб ўтирарди. Мени кутишаётган экан. Хонадагиларнинг ғамгин нигоҳини кўриб, ҳозир қандайдир совуқ хабарни етказишади деб ўйладим. Қалпоғимни ҳам ечишни унутиб, курсига ўтирдим.

— Айтинг-чи, охирги марта қачон ОИВ текширувидан ўтгансиз?

— Бир неча йил аввал (таносил касаллигига чалинганимдан сўнг мажбурий ўтказишган).

— Сизда серопозитив анализ. Бу ташхис тасдиқланиши мумкинлигини англатади. Фалон манзилдаги ОИТС марказига боринг.

Ўша куни 1-Дачнийга бордим. ОИТС марказига ҳовлилар орқали ўтиш керак. Одамлардан сўрагани қўрқдим, ўзим эса топишга қийналдим. Бу сўзни айтишга қўрқардим, тилим айланмай қоларди, «фоҳиша» деб ўйлашларидан чўчирдим. Озроқ тентираб юрганимдан сўнг барибир кекса эр-хотиндан сўрашга қарор қилдим. Улар умуман хижолат тортмади, қўли билан кўрсатиб юборди. Улардан буни сўраган биринчи одам мен эмаслигим аниқ эди.

ОИТС маркази шифокори бир йил давомида ҳар уч ойда бир марта қон топширишим кераклигини тушунтирди. Ташхис тасдиқланмаса, мени рўйхатдан чиқаришар экан. Ташхислар қанчалик кўп тасдиқланади, статистик маълумотлар қандай, деган саволимга улар шундай жавоб берди: «Хавф остида бўлсангиз (пала-партиш жинсий ҳаёт кечирсангиз ёки гиёҳванд моддалар қабул қилсангиз), тасдиқланиши эҳтимоли катта. Агар ундай бўлмаса, тасдиқланмайди. Вирус ўз-ўзидан келиб қолмайди-ку». Шунда ўйин-кулги тугаганини тушундим.

Орадан тўрт кун ўтди. Менга қўнғироқ қилиб, ОИТС марказига чақиришди. Биринчи таҳлил натижасиёқ ижобий бўлишини тахмин қилгандим. Навбатда турган пайт кўзимдан дув-дув ёш оққани, ОИТС марказидан онамга қўнғироқ қилганим эсимда. Шифокор менга ташхис тасдиқланганини, аниқ натижа учун яна бир марта текширувдан ўтишим кераклигини айтди. Психолог ёрдамига эҳтиёжим бор ёки йўқлигини сўрашди, мен керак эмаслигини айтдим. Гап шундаки, ўшангача бу янгиликка кўникиб бўлгандим.

Орадан етти йил ўтди. Гапим телбаликдай туюлиши мумкин, лекин ОИВ ҳаётимни таниб бўлмас даражада яхши томонга ўзгартирди. Яқинда ОИТС маркази шифокорларига ҳеч нарсадан афсусланмаслигимни ва ОИВ ҳаётимдаги энг яхши воқеа эканлигини айтдим. Шифокорлар ҳайратига жавобан: «Худо бир сийлади», — деб жавоб бердим. Ташхисни қабул қилиш психологик жиҳатдан қийин кечмади. ОИВ мени руҳий тушкунликка ҳам оғир ташвишга ҳам солиб қўймади. Тасодифий алоқалардан аста-секин воз кечдим. Сўнгра гиёҳванд моддалардан халос бўлдим. Яна бир неча йилдан сўнг ичиш ва чекишни ҳам ташладим. Кейин ОИВ билан касалланган эркакка иккинчи бор турмушга чиқдим ва соғлом фарзандни дунёга келтирдим. ОИВдан олдинги ҳаётимни эсласам, даҳшатга тушаман. Ҳамма нарсани ўзимизга ва дунёга бўлган муносабатимиз ҳал қилади. Ҳатто ОИВ билан ҳам тўлақонли ҳаёт кечириш мумкин.

Мен «очиқ юз билан» яшайман. ОИВга чалинганлар тилида бу ўз ташхисингни яширмасликни англатади. Бу кўринган одамга жар соламан дегани эмас. Лекин кўплаб бошқа ОИВга чалинган кишилар каби сир сақламайман. Ишончим комил, мамлакатимиздаги эпидемия муаммоси фақат одамлар бу ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслигида эмас, балки ОИВ билан касалланганлар ўз муаммосини имкон қадар сир тутишга ҳаракат қилаётгани билан ҳам боғлиқ. ОИВ юқтирган ҳар бир шахс ҳеч бўлмаса дўстларига ва қариндошларига ўз аҳволи ҳақида айтиб бера олганида эди, одамлар бизнинг қанчалар кўплигимизни ва исталган киши бундан зарарланиб қолиши мумкинлигини тушунган бўларди. Шунда одамлар ўз соғлигига эътиборлироқ бўларди, ҳимояланган жинсий алоқани танларди, гиёҳванд моддаларни рад этиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Наталя, 31 ёш

«Катта ёшли кишилар орасида ҳам ОИВ ҳақидаги асоссиз қарашларга ишонадиганларни кўрдим»

Мен ўнинчи синфда ўқийман, ҳозир 11-синфга ўтяпман. Китоб ўқишни ёқтираман, психологияга ҳам қизиқаман. Одамлар ОИВ билан касалланган кишилардан қўрқиш керак эмаслигини тушуниши учун ўзим ҳақимда ҳикоя қилиб беришга қарор қилдим.

Онамнинг айтишича, ОИВни кичкиналигимда қон қуйдириш орқали юқтириб олганман. Кейин ота-онам мени ОИТС марказига олиб борган ва у ерда менга дори ёзиб беришган. Лекин ўшанда касаллигим ҳақида билмасдим. Ҳатто бундай касаллик борлигидан ҳам хабарим йўқ эди.

Ташхисим ҳақида бир ярим йил аввал билдим. Онамга қўнғироқ қилиб, болалар учун ажойиб учрашув уюштирилаётганини айтишибди. Оромгоҳни эслатарди: у ерда бир ҳафта яшашимиз керак экан. Тадбирда болалар кўп эди, бизга ОИВ ҳақида айтиб беришди. Мен қўрқиб кетдим: соғлиғим яхши. Бу ерда нима қилиб юрибман, ўзи? Кейин менда ҳам ОИВ борлигини тушундим.

Йиғилишда жамғарма таъсисчилари ва бошқа кўплаб кишилар иштирок этди. Эшитганларим эса менга таскин берди. Бундай касаллик билан яшаш мумкин экан. Лекин, албатта, ҳаммаси ўзгарди. Бошқа касалликлар тўғрисида ҳам ўз билимимни ошира бошладим. Одатда, бундай беморларни одамлар бармоғи билан кўрсатади. Мен эса бу каби мавзуларни чуқур ўрганаман ва бошқаларга ўхшамаслик учун ҳаммасини тушунишга ҳаракат қиламан.

Ҳозирча аҳволим ҳақида дугонамга айтдим, холос. У жуда яхши қиз. Тадбирда эшитганларимнинг барчасини унга тушунтирдим. У гапларимни қабул қилди. Бунинг ҳеч қандай ёмон томони йўқ, деб жавоб берди. Ахир, орамизда юқиш хавфини оширадиган муносабат йўқ, ОИВ эса саноқли йўллар билангина ўтади, холос, дугонамга юқтира олмайман.

Дориларни бир ярим йилдан бери қабул қиляпман. Бахтимга, ҳозирча бир кунда атиги бир дона таблетка ичаман. Даволаниш жараёни унча ҳалақит бермайди ва ҳаётимга чекловлар қўймайди. Булар нонушта ва кечки овқатни тановул қилишдай оддий ҳолга айланган. Таблеткаларни бир хил вақтда ичиш тавсия қилинади. Ўзингизга шундай тартибни белгилаб олишингиз керак.

Авваллари ОИВ истаган нарсам билан шуғулланиш имконини бермаслигига ишончим комил эди. Ошхонада ҳам, лабораторияларда ҳам ишлай олмайман, стюардесса ҳам бўлолмайман деб ўйлардим. Ахир, бундай касб эгаларининг барчаси тиббий кўрикдан ўтади, мендаги ташхис эса халақит бериши мумкин.

Лекин қўрқувим асоссиз бўлиб чиқди. Шунчаки, бу саволга нуқта қўйдим ва ҳатто суриштириб ҳам кўрмадим. Аслида, аҳволим касб танлашимга таъсир қилмас экан — буни менга яқинда ўтказилган хайрия жамғармасида тушунтиришди.

Нотўғри қарашларга ҳам дуч келдим. Масалан, синфдошларим ОИВ ҳақида нимадир эшитса, кулиб юборарди ё жирканиб, афтини жийирарди. Улар нега бундай қилишини тушунмайман. Балки, ОИВ ҳақида ҳеч нарса билмас, қизиқиб кўрмагандир. Уларнинг миясида нотўғри қараш шаклланиб қолган ва шу қарашни бошқа одамларга ҳам тарқатади.

Бу мени ранжитади, лекин фикрим нотўғри эканлигига ўзимни ишонтираман. Чунки улар кўпроқ маълумотга эга бўлганида, ОИВ билан касалланганларга бошқача муносабатда бўларди. Муаммо — билимсизликда. Катта ёшли кишилар орасида ҳам ўзини шундай тутадиган ва ОИВ ҳақидаги асоссиз қарашларга ишонадиганларни кўрдим.

Тажовузга дуч келмадим, чунки бу ҳақида бошқаларга айтмагандик. Онам бундан жуда хавотирда, у менга зарар етишини истамайди. Кимдир билиб қолишидан озгина шубҳалансак, бошқа ерга кўчиб ўтардик — яшаш жойимизни уч марта алиштирдик.

Бир куни шифохонага борганимиз ва тиббий ходимлардан бири мендаги ОИВ ҳақида билиб қолгани ҳақида онам ҳикоя қилиб берганди. У шундоқ йўлакда жанжал кўтарибди. Онам нима учун мендаги ОИВ ҳақида хабар бермаганини сўраб, у ерга умуман қадам босмаслигимиз кераклигини айтибди.

Лекин энди аҳволимни сир сақлаб юриш ниятим йўқ. Бу нарса келажак ҳаётимни қуришга халақит беради деб ўйламайман. Ўзимни ҳимоя қила оламан. Мабодо, сизда ҳам яқин орада ОИВ аниқланган бўлса, ёмон нарсалар ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилинг ва ўзингизга ўхшаган одамлардан ёрдам сўранг. Менда салбий фикрлар жуда кўп эди. Лекин энди бу касаллик кўплаб яхши инсонлар билан танишиш, ёрдам қўлини чўзиш ва ёрдам олиш имкониятини беришини тушундим. Ахир, дардимиз битта.

Диляра, 16 ёшда

Рафиқ Ўзтурк таржима қилди

Изоҳ
Асосий янгиликлар