Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда одам савдоси билан шуғуллангани учун қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда BaigeNews хабар қилди.
Маълум қилинишича, эркак 2014 йилда олти нафар фуқарога Қозоғистонда юқори маошли ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, Ўзбекистондан олиб чиқиб кетган. Олмаотада у ватандошларининг паспортларини олиб, бошқа шахсга топширган. Улар етти ой давомида оғир шароитларда ишлашга мажбур бўлган.
Қайд этилишича, айбланувчи 2015 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғуллангани учун беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2019 йилда суд қарори билан жазонинг ўталмаган қисми шартли озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган. Эркак озодликка чиққач, Қозоғистонга қочиб кетган. Шундан сўнг у давлатлараро қидирувга берилган.
Таъкидланишича, ҳозирда суд қарори билан ушбу шахс ҳибсга олинган ва уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда 44 ёшли аёлни Туркияга фоҳишалик учун юбормоқчи бўлган эркак ушлангани хабар қилинганди. Шунингдек, Навоийда 16 ёшли қизни жинсий қулликда сақлаган аёл қўлга олингани ва Тошкентда янги туғилган чақалоқни 8500 долларга сотмоқчи бўлган она-бола 3 ярим йилга қамалгани маълум қилинган.
Изоҳ (0)