Туркиянинг Истанбул шаҳрида юз берган кучли довул қурбонлари сони 4 нафарга етди, 19 киши жароҳат олди. Бу ҳақда шаҳар губернатори маъмуриятига таяниб, «Известия» хабар берди.
«Фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар бошқармаси маълумотларига кўра, Истанбулда бошланган кучли шамол натижасида тўрт киши ҳалок бўлган, 19 киши жароҳатланган, улардан уч нафарининг аҳволи оғир», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Истанбулнинг Эсенюрт туманида довул туфайли бино томи қулаб, унинг остида қолган икки киши ҳалок бўлгани, тўққиз киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, қаттиқ шамолда Истанбулдаги соат минораси қулаб тушган, унинг қулашини гувоҳлар суратга олган. Ушбу ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган.
Шаҳарнинг маданий тумани бўлган Бешиктошда юз йиллик чинор тўхтаб турган машина устига қулаган. Бурса шаҳри ҳудудида эса дарахт унинг остидан ўтаётган микроавтобусни босиб қолган, икки йўловчи жароҳатланган.
Ҳукумат бўронли шамол туфайли Босфор бўғозида кемалар ҳаракатини тўхтатди. Шунингдек, Туркиянинг олтита самолёти Истанбулга қўна олмагани қайд этилган. Туркия метеорология бош бошқармаси кучли шамол эсиши кутилаётган 17 вилоятни хавфнинг «тўқ сариқ» даражасидан огоҳлантирган.
Изоҳ (0)