Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган дала ҳовлилардан бирининг ертўласидан бундан 8 йил муқаддам бедарак йўқолган қизнинг жасади топилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.

18 ёшга тўлмаган Н. сўнгги бор 2012 йил 25 сентябрь куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган Эски жўва бозорида ўгай отаси, яъни онасидан 9 ёш кичик бўлган, онаси билан шаръий никоҳда бўлган С. чақиргани сабабли унинг олдига борган ва уйига қайтиб келмаган.

Н.нинг яқинлари шу вақтгача қизни излаб ИИО ва прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб келган. Ушбу қотиллик 1984 йилда Сурхондарёда туғилган Т.С. томонидан содир этилгани аниқланган.

Маълум бўлишича, Т.С. Н.нинг бўйин қисмидан чойшаб билан бўғиб, унинг вафот этганига ишонч ҳосил қилгач, жасадни дала ҳовлининг ертўласига кўмиб юборган.

Ҳолат юзасидан қотилликни содир этган шахс Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) билан Тошкент вилояти суди томонидан 20 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.