Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Ўзбекистонда ноябрь ойининг охирларига келиб бензин бозорида талаб ва таклифнинг мутаносиблиги тикланиши ва нархларнинг барқарорлашуви кузатилмоқда. Бу ҳақда Республика товар-хом ашё биржаси маълум қилди.

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

1–15 ноябрь кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 миллион 690 минг сўмдан 10 миллион 129 минг сўмгача, яъни 17 фоизга ўсган эди.

Маълум қилинишича, нархлар барқарорлашувини таъминлаш мақсадида биржанинг бензин бозорида таклиф даражасини ошириш, биржа савдоларига кичик лотлар (1 тонналик)ни қўйиш ва харидорлар учун максимал ҳажмлар (лимит)ни ўрнатиш чоралари кўрилган. Буларнинг натижасида 15—26 ноябрь кунлари Аи-80 маркали бензинни биржа савдоларига қўйиш даражаси 3,6 маротабага ўсган.

Бунда биржа савдоларига қўйилган бензин ҳажмида 1 тонналик лотларнинг улуши 6 фоиздан 57 фоизгача оширилган. Савдоларда иштирок этган ва бензинни сотиб олган харидорларнинг сони эса 32 тадан 367 тагача, яъни 11,4 баробарга ошган. Мазкур даврда бензиннинг биржада шаклланган ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 миллион 129 минг сўмдан 8 миллион 101 минг сўмгача, яъни 20 фоизга пасайган.

«Бензиннинг бир тоннаси учун сотилиш нархи 15 ноябрга нисбатан 2 миллион 28 минг сўмга, 1 ноябрга нисбатан эса 589,4 минг сўмга арзонлашган. Ўз навбатида, биржа бозорида бензин нархларининг барқарорлашуви чакана бозорларда, яъни автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ)нинг нархларида ҳам ўз аксини топмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумот учун, турли манбаларда келтиришича, автомобиль бензинининг бир тоннаси ўртача 1293-1370 литрни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрдан буён биржа савдоларида Аи-80 бензинининг нархида тушиш кузатилмоқда. Шу куни савдоларда бензин нархи 9 миллион 365 минг сўмгача тушиб, 15 ноябрга нисбатан 8 фоизга арзонлашган. 18 ноябрь куни эса 9 миллион 180 минг 500 сўмга пасайиб, 9 фоизга арзонлашган. 22 ноябрь ҳолатига кўра бензин нархи ҳамон тушишда давом этмоқда. Биржа матбуот хизматининг маълум қилишича, 15–21 ноябрь кунлари бензиннинг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 129 400 сўмдан 9 168 400 сўмгача, яъни 9,5 фоизга пасайган. 23 ноябрь куни Ўзбекистон биржа савдоларида Аи-80 маркали бензин нархи бир ҳафтада 15 фоизга арзонлашгани маълум бўлди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар