Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

АҚШ транспорт вазири Пит Буттижич 8 ноябрь куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида унинг идораси автомагистралларни қуриш соҳасидаги ирқий тенгсизликка қарши кураш учун 1 миллиард долларга яқин маблағ сарфлашини маълум қилди. Республикачилар Буттижични танқидларга кўмиб ташлади, уни ва умуман демократларни ҳатто йўллардан ҳам ирқчилик изларини излашда

Transportation @SecretaryPete: " If an underpass was constructed such that a bus carrying mostly Black and Puerto Rican kids to a beach, [...] in New York was designed too low for it to pass by, that that obviously reflects racism that went into those design choices." pic.twitter.com/0XWkDZehYM

— The Hill (@thehill) November 8, 2021

Калифорния штатининг Сан-Диего шаҳридаги йўллар остин-устун ўтган чорраҳа. 2003 йил, 30 октябрь.

Калифорния штатининг Сан-Диего шаҳридаги йўллар остин-устун ўтган чорраҳа. 2003 йил, 30 октябрь.
Фото: Getty Images / Meduza

Яқиндагина Демократик партия праймеризларида Жо Байденнинг рақиби бўлган, кейинчалик унинг ҳукумати таркибидан ўрин олган Пит Буттижич ирқчилик ва АҚШ транспорт инфратузилмаси ўртасидаги боғлиқлик ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Бу сафар у Нью-Йоркни мисол қилиб кўрсатди. Буттижичнинг таъкидлашича, бу шаҳарда ҳатто кўприклар ҳам шундай қурилганки, токи миллий ва ирқий озчилик вакиллари пляжларга бора олмасин.

Аслида бу гап Роберт Каронинг 1975 йили Пулитцер мукофотига лойиқ кўрилган «Power Broker» китобида келтирилган фактларга ишора. Ушбу 1300 саҳифалик китоб Нью-Йорк тарихидаги энг қудратли шахслардан бири, шаҳарсозлик соҳасида кўплаб лавозимларда ишлаган Роберт Мозеснинг таржимаи ҳолидир. Каро мазкур китобида Мозеснинг ҳамкасбларига таяниб, унинг ашаддий ирқчи бўлгани ва ўз қарашларини шаҳар лойиҳаларига ҳам татбиқ этгани ҳақида ёзади.

Хусусан, у 1920 йилларда қурилган ва Лонг-Айленддаги машҳур пляжларга олиб борувчи Southern State Parkway хиёбонини мисол қилиб кўрсатади. Бош муҳандис Сидни Шапиронинг айтишича, Мозес хиёбон узра ўтадиган кўприкларни уларнинг остидан автобуслар ўта олмайдиган қилиб қуриш ҳақида топшириқ берган (пляжга автобусларда одатда келиб чиқиши африкалик ёки пуэрто-риколик бўлган америкаликлар келарди). Мабодо, миллий ё ирқий озчилик вакилларидан бирортаси пляжгача етиб келишнинг уддасидан чиқа олса, уларга соҳилбўйининг нисбатан кўримсиз ва ноқулай қисмлари ажратиларди.

Роберт Мозес.

Роберт Мозес.
Фото: Wikimedia Commons

Каронинг китобида ёзилган тафсилотларнинг ҳаққонийлиги устида кейинчалик кўплаб муҳокамалар бўлган. Бир гуруҳ мунаққидлар у вақтларда кўприкларнинг баланд-пастлигидан қатъи назар, автобусларнинг хиёбонлар бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланганини айтса, бошқалари автобуслар ҳаракатига рухсат берилганидан кейин ҳам ўша хиёбондаги йўл ўтказгичлар ҳақиқатан ҳам шаҳардаги бўйи энг паст кўприклар бўлганини таъкидлайди. Юқорида келтирилган ҳолат АҚШ шаҳарсозлигида ирқий озчиликка салбий таъсир кўрсатган кўплаб мисоллардан биридир (бу ишлар қасддан қилинганми ёки йўқ, буниси аҳамиятсиз).

Йўллар ирқчи (расист) бўлиши мумкин?

Жамоат транспорти учун ўйлаб топилган сунъий тўсиқлардан ташқари Америка шаҳарларидаги автомобиль магистраллари ҳам ирқий сегрегацияда катта рол ўйнаган.

Президент Дуайт Эйзенхауэр даврида, 1950 йилларнинг ўрталарида штатлар ўртасида автомобиль трассаларини оммавий қуриш дастури қабул қилинган. Дастур шартларига кўра, қурилиш харажатларининг 90 фоизи федерал марказ томонидан, қолган 10 фоизи эса штат ғазнасидан қопланарди. Айни вақтда йўлларни режалаштириш ваколати ҳам штат раҳбариятлари ихтиёрида қолдирилганди. Дастур амалда бўлган дастлабки 20 йил давомида бир миллионга яқин одам мажбурий кўчиртирилган, чунки уларнинг яшаш жойлари йўл ётқизиладиган ҳудуд сифатида танланган эди.

Тахминлардан бирига кўра, автострадаларни режалаштиришда лойиҳа муаллифлари иқтисодий ва сиёсий йўқотишлар имкон қадар кам бўлишига интилган, шу боис йўллар энг камбағал ҳудудлардан ўтказилган. Бундай ҳудудларда эса одатда афроамерикаликлар яшарди. Майамидаги «қора» туманлар I-95 автотрассаси учун, Монтгомери ва Бирмингемдагилари I-65 ва I-85 магистраллари учун, Янги Орлеандагилари эса I-10 йўли учун қурбон қилинган. Детройтда учта трасса (I-94, I-96 ва I-75) туташган жой бутун бошли Блэк-Боттом туманининг тугатилишига сабаб бўлган. Балтимордаги State Route 40 (халқ тилида «Ҳеч қаерга олиб бормайдиган йўл» деб аталади, чунки у якунда бошқа бирор трасса билан туташмаган) эса турар жой мавзелари ичидан ўтиб, шаҳарни икки — шимолий ва жанубий қисмга ажратиб қўйган.

Баъзида янги автомагистраллар қурилишидан «оқ» мавзелар ҳам жабр кўрган. Масалан, Роберт Мозес Нью-Йоркнинг Бронкс туманида Cross Bronx Expressway’ни яҳудийлар яшайдиган Ист-Тремон мавзесидан ўтказган ва бунинг учун минг кишини кўчиртирган. Индианаполисда I-70 трассасининг бир бўлаги яҳудийлар, итальянлар ва немислар яшайдиган туманлардан ўтказилган, Бостондаги Central Artery йўли эса шаҳар шимолидаги италияликлар макон қилган ҳудудларда қурилган.

Лекин, зич яшайдиган афроамерикаликлардан фарқли ўлароқ, оқ танли шаҳарликларда бошқа жойга кўчиб ўтиш, шунингдек, бўлажак қурилишларга қаршилик кўрсатиш учун ҳам имкониятлар кўпроқ бўлган. Хусусан, Нью-Йоркдаги Сохо ва Кичик Италия мавзелари аҳолисининг норозиликлари Роберт Мозеснинг бу мавзелар устидан автомагистрал ётқизиш режаларини йўққа чиқарган. Вашингтондаги катта йўл қурилиши ҳам худди шундай сабаб билан бекор қилинган, боиси йўл нафақат камбағал «қора» мавзелардан, балки бойлар яшайдиган «оқ» даҳалар бўйлаб ҳам ўтиши керак эди.

Шу билан бирга, автомагистралларнинг лойиҳачилари йўлларни қуриш вақтида оқ танлилар яшайдиган ҳудудларни ирқий озчилик вакилларидан, биринчи галда, афроамерикаликлардан ажратишни очиқчасига мақсад қилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Питтсбург, Хартфорд, Тампа, Канзас-Сити, Сент-Луис, Буффало, Милуоки ва Детройт каби шаҳарларнинг хариталарига назар солинса, улардаги автомагистраллар, хиёбонли кўчалар ва темир йўллар ҳозирги кунда ҳам шаҳар мавзеларини ирқий мансубликка кўра ажратиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин. Ўз вақтида бу ҳақда очиқ-ойдин гапиришдан ҳам уялишмаган. Жоржия штати пойтахти Атлантада 1950 йилларда I-20 трассаси қурилганида, шаҳар мери Билл Хартсфилд бу йўл шаҳарнинг «оқ ва қора туманлари ўртасидаги чегарага айланиши керак»лигини таъкидлаганди.

Атланта (Жоржия штати)даги I-20 федерал йўлининг кўриниши. 1997 йил.

Атланта (Жоржия штати)даги I-20 федерал йўлининг кўриниши. 1997 йил.
Фото: Getty Images / Meduza

Ричмонд (Виржиния штати)даги Жексон-Уорд тумани. 1933 йил.

Ричмонд (Виржиния штати)даги Жексон-Уорд тумани. 1933 йил.
Фото: АҚШ Конгресси кутубхонаси / Meduza

Йўл қурилишлари нафақат гетто сифатида кўрилган, балки иқтисодий фаровон «қора» мавзеларнинг ҳам йўқ қилинишига сабаб бўлган, бундай мисоллар ҳам кам эмас. Ричмонддаги ўзига тўқ, халқ орасида «Жанубий Гарлем» деб аталган Жексон-Уорд тумани I-95 трассаси сабаб йўқ қилинган эди. Худди шундай қурилиш сабаб Шимолий Каролинадаги Даремнинг «Жанубнинг Уолл-стрити» деб таърифланадиган мавзеси жабр кўрган. Лос-Анжелесда ўрта синфга мансуб қора танлилар яшайдиган Шуга-Хилл тумани бўйлаб катта йўл ўтказилган эди.

Жамоат транспортидаги жамоат ирқчилиги

Инфратузилма орқали яратилган ирқий сегрегацияни енгиб ўтиш учун анъанавий тарзда жамоат транспортига таянилган, боиси шахсий автомобили йўқ одамларнинг ҳаракат эркинлигини таъминлашда бундан яхши кўмакчи йўқ ҳисоб. Консерватив сиёсатчилар ҳам буни яхши билган ҳолда, жамоат транспортининг тараққиётини имкон қадар тўсиқ қўйишга интилган — чунки ҳозир ҳам афроамерикаликлар жамоат транспортидан оқ танлиларга нисбатан олти баробар кўпроқ фойдаланади. Шунга қарамай, қора танлилар узоқ вақт давомида автобуслар, поездлар ва бошқа транспорт воситаларида ирқий сегрегациядан азият чеккан.

АҚШда транспортни федерал молиялаштириш одатда 80/20 формуласи асосида амалга оширилади: харажатларнинг 80 фоизи автомагистралларга, қолган 20 фоизи эса жамоат транспортига йўналтирилади. Шу боис жамоат транспорти билан боғлиқ харажатларнинг катта қисми маҳаллий маъмурият елкасига тушади. Улар эса, ўз навбатида, бу масалада кўпинча сиёсий ва ирқий сабаблардан келиб чиқиб, сусткашликка йўл қўяди.

Каро номи юқорида зикр этилган «Power Broker» китобида ёзишича, Нью-Йоркда бир қатор парк ва хиёбонларни қурган Роберт Мозес уларга ирқий озчилик вакилларининг киришини қасддан чеклашга ҳаракат қилган. У бу мақсадига бир неча йўллар билан эришган: масалан, автобуслар бундай парклар ҳудудига кириши учун махсус рухсатнома олиши белгиланган, бироқ «қора» мавзеларда ишлайдиган автобус йўналишларининг шу каби рухсатномаларни олиш имконияти жуда паст бўлган.

Бруклиндаги автобус йўловчилари, Нью-Йорк. 1962 йил.

Бруклиндаги автобус йўловчилари, Нью-Йорк. 1962 йил.
Фото: Getty Images / Meduza

Бундай қарашлар ва бундай ишлар узоқ тарихда, ўша даврнинг ажабтовур сиёсатчилари билан бирга қолиб кетган, деб ўйлаш хато. Атлантага қўшни округлар шаҳар остонасидаги чекка ҳудудларни шаҳар маркази билан боғлайдиган темир йўлни ривожлантиришга уч марта (1971, 1990 ва 2019 йилларда) қарши овоз берган. Бунда энг асосий тўсиқ сифатида «агар шаҳарнинг фаровон чекка ҳудудларига жамоат транспорти қўйилса, бу ерларни камбағал қора танлилар босиб кетади», деган қўрқувга асосланган фикр кўрсатилади. Балтиморда ҳам шунга ўхшаш вазият — у ерда республикачи-губернатор Ларри Ҳоган Red Line электричкасининг узайтирилишини тахминан шундай фикр асосида тўхтатиб қўйган.

Турар жойлар бўйича ирқий сегрегация

Автомагистраллар шаҳар мавзеларини ирқий тамойил асосида бўлиб ташлаганидан ташқари, шаҳар ташқарисида оммавий хусусий уй-жой қурилишини ҳам тезлаштириб юборди, оқ танли аҳоли эса шундай уйларга интила бошлади.

Ҳукумат 1930 йилларда уй эгаларига кўмак кўрсатувчи икки дастур — ипотека кредитлари билан шуғулланувчи Федерал уй-жой маъмурияти (FHA) ҳамда муаммоли қарзларни қайта молиялаштирувчи Уй эгаларининг қарз корпорацияси (HOLC)ни ишга туширди.

HOLC зоналарга бўлинган ва ҳар бир зонаси кредит рейтингларига эга хариталарни ишлаб чиқди. Бу жараён редлайнинг (редлининг) деб аталади, чунки бунда энг паст рейтингли ҳудудлар қизил ранг билан ажратилади. Айнан «қора» ҳудудларга энг паст рейтинг қўйилиши сабабли редлайнинг анъанавий тарзда афроамерикаликларга нисбатан таҳқирловчи мазмундаги жараёнга айланди. Масалан, Детройт шимолидаги шундай (қизил) мавзе узунлиги қарийб 13 километр бўлган девор билан ўраб ҳам чиқилган, чунки унинг шундоққина ёнида оқ танли аҳоли учун мўлжалланган, кредит рейтинги яхши бўлган мавзе жойлашганди (аммо яқинда олиб борилган тадқиқотлар бу назариянинг асосли эканини шубҳа остига олмоқда).

Ирқий ковенант деб номланган бошқа бир чора ҳам бор эди. ХХ асрнинг бошларида дастлаб жанубий штатларда пайдо бўлган, кейинчалик бутун мамлакатга ёйилган бу амалиётга кўра, уйни сотиб олган харидор уни маълум бир насабдаги одамларга сотиши мумкин эмасди. Кўпинча бундай уйларни нафақат афроамерикаликларга, балки яҳудийларга, лотин америкаликларга ва ҳоказоларга ҳам сотиш тақиқланарди.

Аввалбошдан бу пастдан, халқдан чиққан, асосан жанубий штатларда тарқалган чора эди. Бироқ 1930 йилларда Федерал уй-жой маъмурияти федерал кредитларга даъвогар барча турар-жой лойиҳаларида ирқий ковенантлар ҳам назарда тутилишини талаб қила бошлагач, бу амалиёт оммалашиб кетган. У 1948 йилда АҚШ Олий суди томонидан конституцияга зид деб тан олинган, шунга қарамай 1970 йилларнинг бошигача — Конгресс турар-жой соҳасида ирқий камсистишни тақиқловчи Fair Housing Act қонунини қабул қилмагунича, қўлланаверган.

Зоналаштириш тўғрисидаги қонунлар ҳам сегрегацияни кучайтирган. ХХ асрнинг бошларида бир қатор шаҳарларнинг расмийлари мавзеларни очиқчасига ирқий тамойил асосида зоналарга бўлиб чиққан. 1971 йили Олий суд бу каби чораларни конституцияга зид деб топган, шунга қарамай зоналаштириш тўғрисидаги қонунлардан — нисбатан беозорроқ ифодаларни қўллаган ҳолда — фойдаланишда давом этилаверди. Бунда гап, аввало, истисно тариқасидаги зоналаштириш ҳақида бормоқда: масалан, шаҳарнинг айрим мавзе ва туманлари фақат хусусий уй-жой қуришга мос, деб тан олинади, яъни бу ҳудудларда одатда ирқий ва миллий озчилик вакиллари яшайдиган ҳамда бир неча оилага мўлжалланган хамёнбоп коттежлар ёки кўп хонадонли арзон уйларни қуриб бўлмайди.

Бундай зоналаштиришнинг «қўриқлаш» функцияси биринчи галда шу каби туманлардаги уй-жойларнинг нархи юқорилиги билан таъминланади. Яқинда ўтказилган бир тадқиқот бундай ёндашув ҳақиқатан ҳам иш беришини тасдиқлаган: 1970 йиллардан 1990 йилларгача турар-жой соҳасида ирқий сегрегация қисқарган, бироқ кейинчалик яна кўпая борган. Тарихда бўлган ва ҳозир ҳам қўлланилаётган бошқа ирқий таҳқирловчи чоралар ҳақида Ричард Ротштейннинг «Color of Law» китобидан билиб олиш мумкин.

Мактаб округлари бўйича сегрегация

Америка давлат мактабларида, айниқса жанубий штатлардаги ўқув муассасаларида «ажратилган, лекин тенг» доктринасига мувофиқ узоқ вақт давомида ирқий сегрегация сақланиб қолган. Бу амалиёт давлат мактабларига нисбатан фақат 1954 йилда, хусусий мактабларга нисбатан эса 1976 йилда аксилконституциявий деб топилган.

Суд ижрочилари олти ёшли Руби Бриджесга ҳамроҳлик қилмоқда. У Луизиана штати мактабларида ирқий сегрегация бекор қилингач, Янги Орлеан шаҳридаги мактабнинг биринчи қора танли ўқувчисига айланган эди. Оқ танли ўқувчиларнинг бундан норози ота-оналари ўз фарзандларини мактабдан олиб кета бошлаган. 1960 йил, 1 ноябрь.

Суд ижрочилари олти ёшли Руби Бриджесга ҳамроҳлик қилмоқда. У Луизиана штати мактабларида ирқий сегрегация бекор қилингач, Янги Орлеан шаҳридаги мактабнинг биринчи қора танли ўқувчисига айланган эди. Оқ танли ўқувчиларнинг бундан норози ота-оналари ўз фарзандларини мактабдан олиб кета бошлаган. 1960 йил, 1 ноябрь.
Фото: Associated Press / Meduza

Аммо, турар жой соҳасида бўлгани каби, таълимда ҳам — 1960 ва 1970 йилларда кузатилган кичик десегрегация даврини инобатга олмаса — оқ ва қора танли ўқувчилар йилдан йилга бир-биридан ажратилган, алоҳида мактабларда ўқиши одатий ҳолга айланган. Бу жараёнлар бир-бири билан узвий боғлиқ. Ирқий озчилик вакилларининг ўзига хос анклавларга «қамаб қўйиш» ҳамда уй эгаларини қўллаб-қувватлаш бўйича федерал дастур (бундан, биринчи галда, оқ танли аҳоли манфаат кўрган) билан ҳамоҳингликда амалга оширилган автомагистралларни қуриш лойиҳалари ва яна бошқа бир қатор омиллар оқ танли аҳолининг шаҳардан шаҳар ташқарисига кўчишига сабаб бўлган. Оқибатда оқ ва қора танли аҳоли ва ўқувчилар иқтисодий нотенглик ва зоналаштириш тўғрисидаги қонунлар билан қувватлантирилган нотенг уй-жой нархлари сабаб бир-биридан жисмоний ажратилган.

Ушбу масаланинг яна бир жиҳати борки, АҚШда мактаблар муниципалетит (маҳаллий маъмурият)лар томонидан маҳаллий солиқлар ҳисобига молиялаштирилади. Бундан ташқари, у ерда ўз ўзини бошқарувчи мактаб округлари мавжуд. Шаҳарлардан кўчиб чиқаркан, бойроқ оқ танли аҳоли солиқ тўловларини ҳам ўзи билан «олиб кетади» ва бу солиқлар шаҳар ташқарисидаги мактаб округлари ҳисобига бориб тушади. Бюджетлари қисқара бошлаган шаҳар мактабларида эса таълим сифати пасаяди. Бу нарса, аввало, шаҳарларда қолаётган ирқий озчилик вакилларига салбий таъсир кўрсатади: улар орасида мактабни тугатмаганлар кўпроқ, стандартлаштирилган тестларда улар оладиган баҳолар пастроқ. Бу жиҳатнинг очиқ-ойдин оқибатлари сифатида эса ишсизлик ва жиноятчиликнинг нисбатан юқори даражаси, шунингдек, даромадлар пастлиги ва умумий мулкнинг камлигини ҳам кўрсатиш мумкин.

* * *

АҚШда ирқий сегрегацияга доир қонунлар аллақачон бекор қилинган бўлса-да, улар келтириб чиқарган оқибатларни ҳамон ҳис қилиш мумкин. Асослари айнан очиқ ирқий камситиш даврида солинган транспорт инфратузилмаси, жамоат транспорти тизими, мактаб округлари ва турар жой мавзелари Американинг кўплаб шаҳарларидаги аҳолининг кечмишини белгилашда давом этмоқда.

Одатий бошпанаси автомагистраллар қурилиши вақтида бузиб ташланган афроамерикаликлар ҳаёт сифати паст бўлган кичик мавзеларда қамалиб, редлайнинг, ирқий ковенант ва бошқа таҳқирловчи чоралар сабаб у ерлардан кетолмай қолган. Бошқа жойлардан иш излаш имконини берувчи жамоат транспорти ривожлантирилмагани оқибатида улар нисбатан фаровон туманлардан узилиб қолган. Ишсизлик ва таълим сифатининг пасайиши жиноятчиликнинг ўсишига ва «қора» ҳудудларнинг баттар геттога айланишига олиб келган.

Шу боис транспорт вазири Буттижичнинг баёнотини нафақат замонга ҳамнафас рамзий қадам ўлароқ, балки кўп йиллик адолатсизликни барҳам беришга чорлов сифатида қабул қилса арзийди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар