Фарғона вилояти Данғара туманида яшаган йигит тотализаторда 16 миллион ютқазиб қўйгани учун ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов бу ҳақда расмий маълумот берди.

Аниқланишича, 15 ноябрь куни Данғара тумани, Сойсоҳили кўчасида яшаган 28 ёши йигит ўзини осиб, жонига қасд қилган. Марҳумнинг ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан бир неча кун аввал Фарғонада қарзга олган 57 миллион сўмни тотализаторда ютқазиб қўйган йигит қабристонда ўзини осиб қўйганди. Пулларни 18 ноябрь куни қайтариб бериши керак бўлган ушбу йигит оила аъзоларига уни қабристондан топишлари ҳақида SMS хабарнома юборган ва шу куни ўзи истиқомат қилиб келган МФЙдаги қабристон айвонига ўзини осган.