Наманган вилояти Давлатобод туманида танишини калтаклаб, ўлдириб қўйган шахс қамоққа олинди, дея хабар бермоқда вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Наманган вилояти Давлатобод туманида «Наманган парранда саноат» МЧЖга қарашли мевали боғига сув қуйиш мақсадида борган фуқаро соат 21:00 лар атрофида ўша ерда яшовчи таниши боғига йўналтирилган сувни тўсиб олганидан ғазабланади ва у билан жанжаллашади.

Фуқаро жанжал давомида сувнинг ўзанини ўзига буриб олган танишининг танасига қўллари билан уриб, дўппослайди.

Оқибатда жабрланувчи оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилади. Бироқ тиббий муолажаларга қарамасдан, 4 кун ўтиб вафот этади.

Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.