Тошкент шаҳрида 20 ноябрь куни вакциналарни сифатли сақловчи йирик совуқлик омбори ишга туширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Иншоотнинг очилиш маросимида соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳам иштирок этган. Шунингдек, ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутасаддилари ҳамда бошқа масъуллар иштирок этган.
Тадбирда оналар ва болалар саломатлиги ва касалликларнинг олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, бундай миқёсдаги совуқлик омборининг очилиши соҳада бошланган саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириши алоҳида таъкидланди.
Мазкур омбор мамлакатда миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айланиб, вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш бўйича имкониятларни янада кенгайтириши ҳамда Ўзбекистонда ишончли эмлаш тизимини яратишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Республика вакциналар омбори катта миқдордаги турли вакциналарни сақлашга мўлжалланган муҳим иншоот бўлиб, деярли 1000 квадрат метрдан иборат учта совуқлик камераси (2-8 даража), ултрасовуқ совиткичлар (3000 литр ҳажмли) ва музлаткич хоналар (40 куб метр) билан жиҳозланган. Шу билан бирга, иншоот иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 квадрат метр қуруқ омборга ҳам эга.
Омборхонада юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари мавжуд. Улар иккита электр тармоғига уланган бўлиб, узлуксиз электр таъминоти учун кучли захира дизель генераторига эга.
«Яхши ишлайдиган таъминот тизими ва совуқлик занжирига эга бўлиш самарали миллий иммунизация дастури учун жуда муҳим. ЮНИСЕФ Ўзбекистоннинг бутун миллий таъминот тизими ва совуқлик занжири узлуксиз ишлашига ҳисса қўшадиган ҳамда минтақадаги бошқа мамлакатларга намуна бўла оладиган ушбу объект қурилишида иштирок этганидан мамнун», — дейди ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан.
Изоҳ (0)