Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз тун» тезкор профилактик тадбири доирасида ЙПХ инспектори томонидан 3 нафар қидирувдаги шахс аниқланди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ

2021 йилнинг 9 ноябрь куни Янгийўл шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор М.Муратов қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, А.Р. (1982 йилда туғилган) қидирувда экани, Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) жиноятни содир этганликда айбланиб, суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси белгиланишига қарамасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.

Шунингдек, 15 ноябрь куни Паркент туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор С.Юнусов пиёда Б.С.ни қоидабузарлик содир этгани учун тўхтатиб, электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида у ҳам қидирувда эканини аниқлаган. Паркент тумани ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, Фарғона вилоятида яшовчи ушбу шахс Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) жиноятини содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юрган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ

Яна бир ҳолатда, 18 ноябрь куни ЙПХ инспектори сафдор С.Юнусов Паркент туманида хизмат олиб бораётган вақтида қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган.

Қоидабузарлик юзасидан электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, мазкур фуқаро ҳам қидирувда экани аниқланган. Суриштирувларга кўра, Фарғона вилоятида яшовчи Л.К. (1996 йилда туғилган) Жиноят кодексининг 122-моддасида кўрсатилган (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) бир неча жиноятни содир этиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юргани аниқланган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ

Ушланган шахслар ҳудудий ИИБга олиб борилган.

Бундан аввал Ўзбекистонда қидирувда бўлган «Ҳизб ут-Таҳрир» етакчиси Қирғизистонда ушлангани, Санкт-Петербургда давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл қўлга олингани ҳамда Тошкент вилоятида Қирғизистондан 1998 йилда ўғирлаб келинган автомобиль аниқлангани ҳақида хабар берилганди.