Беларусь президенти Александр Лукашенко Беларусь—Польша чегарасидаги муҳожирлар лагерига асосан Донбассдан келаётган қурол ва ўқ-дорилар ўтказилаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Бу ҳақда «Gazeta.ru» хабар берди.
Лукашенко ҳукумат билан учрашувда Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлиги қўмитаси ва чегара қўшинларига НАТО ва Польша қўшинларининг чегарада ҳаракатланиши устидан назоратни таъминлаш бўйича топшириқ берди.
«Кўряпсизки, аллақачон 15 минг ҳарбий хизматчи, танклар, зирҳли техникаларни тортиб, вертолётлар, самолётларда учиб улар бизнинг чегарамизгача келди», — деди Лукашенко.
Беларусь раҳбарининг сўзларига кўра, улар можаро қўзғатиш мақсадида муҳожирлар лагерига қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ўтказишга уринаётган бўлиши мумкин.
«Чегарамизда жуда хавфли тенденция мавжуд, мен буни тахмин қилдим. Бу бизнинг ҳарбийлар ва Давлат хавфсизлик қўмитаси масаласи. Лагердаги одамларга қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ўтказишга уринишлар бўлган. Сўнгги икки кундан бери қурол-яроғ ўтказиб берилган», — деди Беларусь раҳбари.
«Асосан, қуроллар келтирилмоқда, мен ва россияликлар бу масалани назоратда ушлаб турибмиз, Путин билан шу мавзуда (Донбассдан қурол келиши) гаплашдик. Қурол нега келтирилмоқда? Улар бу ерда провокация уюштирмоқчи» — давом этди у.
Лукашенконинг айтишича, чегара атрофидаги вазият қаттиқ назорат қилиниши лозим. «Чунки курдлар бор. Курдлар эса жангчилардир », — деди Беларусь президенти.
Аввалроқ Лукашенко Вазирлар кенгаши раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда эътиборни чегарадаги қочқинларга, айниқса ҳомиладор аёллар ва болаларга ёрдам бериш масалаларига қаратишни топширганди. Беларусь раҳбари муҳожирларни қуруқ ўтин билан таъминлаш вазифасини ҳам ўртага қўйган.
8 ноябрь куни эрталаб Беларусь ва Европа Иттифоқи давлатлари чегарасида вазият кескинлашди. Беларусь оммавий ахборот воситалари мамлакатнинг Польша билан чегараси томонга ҳаракатланаётган муҳожирлар карвони акс этган видеоларни эълон қилди. Беларуснинг «БелТА» давлат агентлиги хабар беришича, муҳожирлар Польша орқали Германияга ўтиб олишни мақсад қилган. Қочқинлардан бирининг нашрга айтишича, гуруҳда 1,5 мингга яқин одам бўлиб, уларнинг аксарияти курдлар.
24 октябрь куни Беларусь ва Польша чегарасида 60 га яқин ноқонуний муҳожирлар гуруҳи Польшага бостириб кирмоқчи бўлганди, тартибсизликларда икки польшалик аскар яраланган.
Мавзуга доир: