Афғонистон пойтахти Кобулдаги Сардор Муҳаммад Довуд Хон номли ҳарбий шифохонанинг кириш қисмида номаълум шахс ўзини портлатиб юборгани тўғрисида хабар берилганди. ИШИД террорчилик ташкилоти ушбу портлаш бўйича масъулиятни ўз зиммасига олди, деб хабар берди «РИА Новости».

Фото: Reuters

France-Press’нинг маълум қилишича, ИШИДнинг беш нафар жангариси бир вақтнинг ўзида мувофиқлаштирилган ҳужумларни амалга оширган.

Аввалроқ гувоҳлар террорчилар гуруҳи Афғонистон пойтахтидаги госпиталга бостириб кирганини маълум қилганди. Шундан сўнг у ерда портлашлар содир бўлган ва толиблар билан тўқнашув юзага келган. «Толибон» вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг маълум қилишича, ҳужумда иштирок этган ИШИДнинг беш нафар жангариси йўқ қилинган. Унинг сўзларига кўра, тозалаш операциясига вертолётлар ва «Толибон» махсус кучлари жалб этилган.

Мужоҳиднинг таъкидлашича, ҳужум оқибатида уч нафар аёл, бир нафар бола ва ҳаракатнинг уч аъзоси ҳалок бўлган, яна беш киши жароҳат олган. Шу билан бирга, ОАВларда ҳужум оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 октябрь куни Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида жойлашган шиалар масжидида портлаш содир этилганди. Ҳодиса қурбонлари сони 62 кишига етган. Гувоҳларнинг айтишича, терактни тўрт нафар худкуш содир этган. Улардан икки нафари масжиднинг олд тарафидаги дарвоза ёнида ўзини портлатган, яна иккитаси бинога кириб, ичкарида ўзини портлатган.

Ундан бир ҳафта олдин, 8 октябрь куни мамлакат шимолидаги Қундуз шаҳрида яна бир шиалар масжидида портлаш юз берган. Ўшанда Франц-Пресс агентлиги манбаларга таяниб, камида 50 киши қурбон бўлгани ва 140 киши яраланганини хабар қилди. Aamaj News ҳодисага оид видеоматериаллар, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмаларига таяниб, портлашда 100 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳақида ёзган.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.