Ўзбекистон ноябрь ойи ўрталарига қадар Россия билан коронавирусга қарши эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги ҳужжатни тайёрлайди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиевга таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

«Кейинчалик сертификатларни ўзаро тан олиш масаласини кўриб чиқиш учун (ҳужжатни — таҳр.) Россия томонига юбориш таклиф қилинмоқда», — дейди Баҳодир Юсупалиев икки давлат ўртасида эмлаш сертификатларини ўзаро тан олиш муддатлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

СЕС раҳбарининг аниқлик киритишича, ҳужжат стандарт бўлиб, у ҳам Россия ва МДҲнинг бошқа давлатлари, ҳам узоқ хориж мамлакатларининг эмлаш сертификатларини тан олиш учун тайёрланган.

«Ундан кейини эса ушбу давлатлар, хусусан, Россия сертификатларни тан олиш таклифига қандай муносабатда бўлишига боғлиқ», — дея қўшимча қилади Баҳодир Юсупалиев.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Россияга кириш учун фойдаланилаётган «COVID-19 сиз саёҳат» иловасида фойдаланувчи эмланган мамлакатни танлаш имконияти пайдо бўлди. Рўйхатда Ўзбекистон, Арманистон, Қирғизистон ва Россия мавжуд.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги олти ой ичидаги нутқларида, хусусан, Марказий ва Жанубий Осиё бўйича форум, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувиШҲТ ва МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитларида эмлаш сертификатларини барча халқаро майдонларда ўзаро тан олиш бўйича таклифни илгари сурган эди.

Аввалроқ Россияга ишлаш учун юбориладиган 10 минг нафар ўзбекистонлик янги турдаги «Спутник Лайт» вакцинаси билан эмланиши, Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасининг дастлабки партияси ишлаб чиқарилгани тўғрисида хабар берилганди.