1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистонда мамлакат мустақиллиги рамзларидан бири — ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. 2020 йилдан бошлаб бу сана Ўзбек тили байрами сифатида нишонланмоқда. «Дарё» ушбу сана муносабати билан октябрни «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилади ва ой давомида ҳар куни тил масаласида турли йилларда қилинган ва ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган чиқишлар, нутқлар, мақолаларни қайта чоп этади.
Муаммолар бир талай
Ошкоралик ва демократия асосида қайта қуришнинг бошланиши ҳаётнинг барча соҳаларида, жумладан, фан муаммоларини ҳал этишда ҳам қулай шароит яратмоқда. Миллий тилларга давлат мақомини бериш, миллий анъаналарни ривожлантириш, миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш каби масалаларнинг кун тартибига қўйилиши шундан далолатдир.Дарҳақиқат, ўзбек тилшунослиги олдида турган, шунингдек, республикамиздаги миллий тилларнинг ривожланиши билан боғлиқ муаммолар анчагина. Шу ўринда ана шу муаммоларни ҳал этишга эътибор берилиши, амал қилиниши лозим бўлган вазифалардан баъзилари ҳақида тўхталмоқчимиз.
Ўзбек тилшунослигидаги асосий нуқсонлардан бири — тил ҳодисаларини бевосита фактлардан келиб чиқиб баҳоламасликдир. Ўзбек тили ҳодисаларини ёритиш ва таърифлашда бевосита шу тил асосидаги таҳлилдан келиб чиқмай, рус тилига оид илмий адабиётлар, грамматикалардан нусха олиб, ўзбек тилидан уларга мисол келтириш йўли билан иш олиб бориляпти. Бундай йўл билан ишлаш ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларини тўла ва тўғри ёритишга имкон бермайди. Чунки ўзбек ва рус тиллари бутунлай бошқа-бошқа туркумга оид тиллар бўлиб, тузилиш жиҳатидан ўзига хосликларга эга. Бинобарин, рус тилига оид адабиётларда, масалан, келишикнинг олти тури қайд этилар экан, ўзбек тилида ҳам олтита келишик бор демасдан, унинг нечта экани ва ҳар бир келишикнинг моҳияти шу тил далилларининг таҳлили асосида белгиланиши лозим.
Бевосита далилларнинг таҳлилидан келиб чиқмай, қуруқ даъводан иборат хулосаларнинг, шунингдек, кимдир томонидан айтилган, лекин исботланмаган гапларни такрорлайвериш фақатгина тилшунослигимизга эмас, ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам хосдир. Буни, айниқса, айрим шоир ва ёзувчиларнинг ижодини, ўзбек тилининг ривожига қўшган ҳиссасини баҳолашда яққол кўриш мумкин.
Ўзбек совет адабиётининг, шунингдек, ҳозирги ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожланишида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ўзига хос катта хизмати борлиги ҳаммага маълум ва ҳозирда бу исбот талаб этмайди. Лекин ўзбек совет адабиёти ва ҳозирги ўзбек адабий тилига Ҳамза асос солди, деган фикр исбот талаб гап. Ваҳоланки, Ҳамза фаолиятига нисбатан адабиётшуносликда ҳам, тилшуносликда ҳам айтилаётган бундай фикр етарли далиллар билан асослангани йўқ. Бу фикрга қўшилмаётганлар ҳам асосли далиллар келтираётганлари йўқ. Бунинг ўрнига бор гапни такрорлайверишдан нарига ўтилмаяпти.
Тил ҳодисаларининг моҳиятини ёритишда, жумладан, ўзбек миллий адабий тилининг ривожланиши, меъёрларининг шаклланиши, бошқа тиллар билан муносабати ва бошқа масалаларни ёритишда тилнинг тараққиёт қонуниятларидан келиб чиқиб, шу қонуниятлар асосида ишлаш ва хулоса чиқариш керак бўлади. Акс ҳолда тўғри хулосаларга келиш мумкин бўлмайди. Биргина мисол келтирамиз.
Ҳозирги кунда кўпчиликнинг эътиборини тортаётган, қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган масалалардан бири ўзбек адабий тилининг, айниқса, луғатининг ривожланиш йўллари ва бунда аҳамиятли омиллар масаласидир. Бу муаммо ўзбек тилшунослигида ҳануз тўла ва тўғри ечимини топгани йўқ.
Ҳар бир тилнинг луғат таркиби шу тилнинг ички имкониятлари асосида ва ўзга тилдан сўз ўзлаштириш йўли билан бойиб, ривожланиб бориши ҳаммага маълум. Лекин ана шу икки омилнинг тил тараққиёти жараёнидаги ўрни, аҳамияти ўзбек тилшунослигида ҳануз тўғри ва аниқ баҳосини топмай келяпти. Айниқса, рус тилидан сўз ўзлаштириш масаласида зид икки хил нуқтаи назар давом этиб келмоқда. Айрим ўртоқлар рус тилидан сўз ўзлаштириш ортиқ тарзда, ҳатто, кераксиз ҳолда ҳам бўлаётганини айтса, баъзилар рус тилидан сўз ўзлаштиравериш керак бўлгани ҳолда, асоссиз равишда, улар ўрнида эскирган, фаол бўлмаган сўзлар қўлланаётганини рўкач қилиб кўрсатадилар. Лекин ҳар икки нуқтаи назар ҳам ўзбек тили луғат таркибининг ривожланиш жараёни моҳиятини тўғри акс эттирмайди.
Бундай асоссиз даъволар кўпчиликни чалғитади, матбуот, радио, телевидение ва бошқа жойларда узоқ вақтларгача чўзиладиган ортиқча, кераксиз мунозараларга сабаб бўлади. Ҳатто, ўзбек адабий тили сўз таркибининг тўғри йўлда, меъёрли ривожланишига маълум даражада салбий таъсир этади. Афсуски, бундай гаплар ўзбек тилининг ҳозирги ҳолатини, луғат таркибининг бойиш йўлларини баҳолашга оид шу кундаги ишларда ҳам кўзга ташланиб турибди.
Аслида аҳвол қандай? Ўзбек тилининг луғат таркиби тил табиатидан келиб чиқадиган қонуниятларга мувофиқ, ички ва ташқи имкониятлар асосида бойиб, ривожланиб келди ва шундай йўл билан ривожланишда давом этяпти. Энди, ривожланишдаги ана шу икки омил — ички ва ташқи имкониятлар ҳақидаги нуқтаи назарларга муносабат билдирмоқчимиз.
Ўзбек адабий тили луғат таркиби асосан ўз ички имкониятлари асосида бойиб ривожланмоқда. Яъни ўзига хос сўз ясаш усул ва воситалари ёрдамида янги-янги сўзлар ясаш, шевалардан сўзлар ўзлаштириш ва эскирган ёки истеъмолдан чиққан сўзларни яна ишга солиш йўллари билан бойиб, ривожланиб келяпти. Лекин шуни унутмаслик керакки, бу имкониятлар чексиз эмас, яъни ҳаётда пайдо бўладиган янги-янги тушунчаларни ҳамма вақт ҳам шу тилнинг ўз имкониятлари билан (янги сўз ясаш, диалектал ёки эскирган сўз билан) ифодалаш имкони бўлавермайди. Ана шундай ҳолларда янги тушунчани ифодалайдиган ўзга тилдаги сўз ўзлаштирилади. Ўзбек тилига рус тилидан сўз ўзлаштириш ҳам худди шу қонуният асосида юз беряпти.
У ёки бу янги нарса-ҳодисани ўзбек тилида бор бўлган, диалектал ҳатто эскирган, истеъмолдан чиққан сўз билан ифодалаш имкони бўлмаган тақдирда, шунингдек, унинг ифодаси учун янги сўз ясаш (яратиш) имкони бўлмаган тақдирдагина рус тилида шу нарса-ҳодисани ифодаловчи сўзнинг ўзи қабул қилиняпти (рус тилидан ўзлашган сўзларнинг ҳаммаси худди шундай сабаб билан қабул қилингани учун мисоллар келтириб ўтирмаймиз). Ана шу қонуният ўзбек тилига русча сўзларнинг ўринсиз, асоссиз ўзлашувига йўл қўймайди. Афсуски, ўзбек тилига русча сўзларни ноўрин, кераксиз қабул қилиш ҳоллари кўплиги, бу нарса кучайиб бораётгани ҳақида шов-шув кўтараётган ўртоқлар тил тараққиётига оид ана шу қонуниятдан бехабарлар, улар ўз гапларини далиллар билан асослаш ўрнига қуруқ даъволардан нарига ўтмаяптилар. Рус тилидан сўзларнинг кераксиз ҳолда қабул қилинаётгани ҳақида гапираётган ўртоқлар қайси сўзнинг ўринсиз қабул қилингани ва унинг ўрнида ўзбекча қайси сўзни қўллаш кераклигини айтмайдилар.
«Рус тилидан ўзбек адабий тилига жуда кўп сўзлар кераксиз ҳолда, рус тилининг тазйиқи билан кириб келяпти», дейиш учун ҳеч қандай асос йўқ. Бу жараён, яъни рус тилидан сўз ўзлашуви тил табиатидан келиб чиқадиган қонуниятлар асосида юз беряпти — қонуниятнинг ўзи бу жараённи бошқариб боради. Ривожланаётган, тенг ҳуқуқли тиллар ҳеч вақт бир-бирига тазйиқ ўтказмайди. Бу қонуний ҳол.
Ўзбек адабий тили луғатининг бойишида рус тилининг катта аҳамият ўйнаётгани маълум. Бу ўзбек адабий тили луғат таркибининг ташқи имконият ҳисобига бойиши, ривожланиши бўлиб, бу имкониятнинг ҳам чегараси бор, яъни, юқорида айтилганидек, ўзбек тилининг ўз имкониятларидан фойдаланиш имкони бўлмаган тақдирдагина рус тилидаги сўзнинг ўзи қабул қилинади. Лекин ана шу қонуниятни тан олмайдиган ёки тушунмайдиганлар ҳам борки, улар бу масалада номақбул фикр-мулоҳазалар билдираяптилар. Бу нарса ҳам ўзбек адабий тили сўз луғатининг бойиши, ривожланиш жараёнини нотўғри талқин қилишга, оқибатда ўринли эътирозларга сабаб бўляпти.
Қизиғи шундаки, юқорида кўриб ўтилган биринчи хил қараш кўпроқ тилшунос бўлмаган кишиларга оид бўлса, кейинги (иккинчи хил) қараш шу масалага махсус бағишланган илмий ишларда ҳам учрайди. Бунга айнан мисол Н. Ғ. Ғуломованинг «Русские лексические заимствования в узбекском языке» («Ўзбек тилида русча лексик ўзлашмалар», «Фан» нашриёти, Тошкент, 1955 йил) номли ишидир. Муаллиф бу рисолада 60 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб чет сўзлардан воз кечиш, улар ўрнига архаик бўлса-да, «ўз сўз»ни киритиш тарзи юзага келганлиги, бунинг оқибатида русча ўзлашмаларнинг миқдори кўпаймагани, ваҳоланки, рус тилидан сўз ўзлаштиришни давом эттириш қонуний бўлаверишини айтади (26-6эт).
Биринчидан, 60 йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳар қандай чет сўзлардан воз кечиш, улар ўрнига архаик бўлса-да, «ўз сўз»ни киритиш тарзи юзага келгани йўқ. Иккинчидан, янги нарса-ҳодисаларни ифодалаш учун эски сўзлардан фойдаланилар экан, бу нарса қонуний ва уни қоралаб бўлмайди. Учинчидан, ўзбек тили луғат таркибининг бойиши қонуний йўли билан давом этади. Русча сўзларнинг кўпаявериши бу жараённи белгиловчи омил эмас. Ниҳоят, тўртинчидан, рус тилидан сўз ўзлаштириш давом этяпти, яъни бу жараён бирон вақт тўхтагани йўқ. Кўриниб турибдики, Н. Ғуломова тил тараққиёти жараёнида амал қиладиган қонуниятлардан мутлақо бехабар. Шунинг оқибатида у инқилоб, тиббиёт, рисола, муаллиф каби жуда кўплаб сўзларнинг ишлатилишини ўринсиз деб билади. Умуман, у киши эскирган, истеъмолдан чиққан сўзларни яна истеъмолга киритиш йўлига, ҳатто, ҳали истеъмолдан чиқмаган, эскирмаган кўпгина сўзларнинг қўлланишига тамомила қарши. Унинг назарида «Тайёр сўзларни ўзлаштириш осон, қулай, шунинг учун сўз луғатини ташқи имкониятлар ёрдамида бойитиш ҳозирда асосий ўринни тутади» (38-бет).
Аввало, «ўзлаштириш осон ва қулай» деганда муаллиф нимани назарда тутади? Қолаверса, ҳар қандай тил сўз луғатининг ривожида ички имкониятларнинг асосий аҳамият ўйнаши фанда тасдиқланган ва ҳаммага маълум нарса. Н. Ғуломова ўзбек тилига русча сўзларни кўплаб ўзлаштиравериш тарафдори. Унинг назарида шундай бўляпти ҳам, яъни унингча «сўнгги йилларга оид материаллар ўзбек тили сўз луғатининг жадал равишда интернационаллашаётганидан гувоҳлик беради» (25-бет). Шундай бўлиши «қонуний ва назарий асосланган» (64-бет). Ажабо, жадал интернационаллашиш кетаётган бўлса, яқин вақтлар ичида ўзбек тили луғат таркибида қандай манзара содир бўларкин?
Хуллас, яна таъкидлаймизки, ҳозирги ўзбек адабий тили луғат таркибининг бойиши, ривожланишида ички ва ташқи имкониятлардан ҳар бирининг фойдаланиш ўрни бор. Ҳар икки имконият асосида янги сўз пайдо бўлиши, шу сўзнинг мақбул ёки мақбул эмаслиги тил табиатидан келиб чиқадиган талаб, қонуният билан белгиланади, асосланади. Бу жараёнда ички имкониятнинг чексиз эмаслигини тан олмаслик тўғри бўлмаганидек, рус тилининг аҳамияти бўрттирилиши ҳам тўғри хулосаларга олиб келмайди. Ана шу икки нарсани англаб етмаслик натижасида уни нотўғри талқин этиш ўзбек тили сўз луғатининг бойиши масаласида ҳозирги вақтда давом этаётган ўринсиз ҳатто, зарарли баҳс-тортишувларга сабаб бўляпти.
Қайта қуриш шароитидаги асосий вазифалардан яна бири — тилни ўрганиш ва ўргатиш билан боғлиқ барча ишларнинг узоқ йилларга мўлжалланган яхлит режасини, кўп жиҳатли программасини ишлаб чиқишдир. Шу вақтга қадар илмий-текшириш ишларининг, шунингдек, тилни ўрганиш-ўргатиш билан боғлиқ ишларнинг ягона программа асосида олиб борилмаганлиги бой берилган имкониятларнинг, йўл қўйилган хато ва нуқсонларнинг асосий сабабидир. Масалан, республикамизда ўзбек тилшунослигининг барча соҳалари бўйича муҳим муаммоларни ҳал эта оладиган кадрларга эгамиз. Бироқ, афсуски, ўзбек тилшунослигининг ишланиши керак бўлган муҳим масалалари яхлит ҳолда режалаштирилиб, унга республикадаги барча илмий куч тўла жалб этилмаяпти, аниқроғи, жалб этиб бўлмаяпти. Бунинг асосий сабаби — шу вақтга қадар илмий ишларни ва ўзбек тилини ўрганиш-ўргатиш билан боғлиқ барча ишларни ташкил этиш ва уни назорат қилишда ягона бошқарувнинг йўқлигидир.
Тўғри, бу соҳадаги ишларни республика Фанлар академияси илмий ходимлари билан олий ўқув юртидаги олимларнинг ҳамкорлигида бажариш ҳақида жуда кўп гапирилди, расмий ҳужжатларда такрор-такрор қайд этилди ва махсус қарорлар ҳам қабул қилинди. Амалда эса деярли ҳеч нарса бўлаётгани йўқ. Сабаби, айтилганидек, ягона бошқарувнинг йўқлиги, яъни бу ишларни бажаришда Фанлар академияси олий ўқув юртларидаги ишларни бошқариш, унинг устидан назорат ўрнатиш каби ҳуқуқларга эга бўлмаганидек, Халқ таълими министрлиги ҳам юридик жиҳатдан Академиядаги ишларни бошқариш, назорат қилиш, бу ишлар юзасидан тадбирлар кўриш ҳуқуқига эга эмас.
Кўриниб турибдики, илмий ишларни, шунингдек, ўзбек тилини ўрганиш-ўргатиш билан боғлиқ барча ишларни бажаришнинг ягона бошқаруви йўқлиги туфайли, аввало, қилинадиган ишлар тўла ҳолда кун тартибига қўйилмаяпти. Шунингдек, кун тартибига қўйилган ишларнинг ўзига ҳам тегишли илмий муассасалар тўла жалб этилмаяпти. Бундай ҳолатда ҳозирги кун талабларига жавоб берадиган ишларни амалга ошириш мутлақо мумкин эмас.
Демак, тил соҳасидаги ишларнинг тарқоқлигига, ўзича режалаштириш ва ишлашга қатъий чек қўйиш, бу соҳада бажариладиган ишларнинг узоқ муддатга мўлжалланган программасини ишлаб чиқиш ва шу программа асосида иш олиб бориш, бу ишларнинг барчасида ягона бошқарув ва назоратни амалга ошириш қайта қуриш борасидаги энг асосий вазифалардан бўлиши лозим. ЎзССР Фанлар академияси А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти олий ўқув юрти олимлари билан ҳамкорликда ўзбек тилшунослигига оид ишлар ва ўзбек тилини ўқиш-ўқитиш билан боғлиқ барча ишларнинг 2000 йилгача мўлжалланган ҳар жиҳатлама программасини ишлаб чиқишга киришди. Бу программанинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши, шубҳасиз, бу соҳадаги ишларимизнинг муваффақият билан якунланишини таъминлайди.
Биз ўзбек тилшунослиги олдида турган ишларни бажариш ва республикада тил муаммоларини ҳал этишда амал қилиниши лозим бўлган асосий вазифалар хусусида мулоҳаза юритдик.
Азим Ҳожиев, филология фанлари доктори«Гулистон» журнали 1989 йил 8-сон
«Гулистон» журналининг ушбу мақолага изоҳи:
Мақолада мунозарали томонлар анчагина. Муаллиф ўзбек тили луғат бойлигининг бойишини бир ёқлама, яъни рус тили ҳисобига юз бераётганлиги ҳақида мулоҳаза юритади. Унда янги тушунча ва нарсаларни ифодалаш учун ўзбек тилида сўз ва ифодалар топилмаганлиги учун рус тилидан сўзлар кириб келганлиги таъкидланади. Бу жуда нисбий фикр. Ваҳоланки, ўзбек тили — синонимларнинг, атамаларнинг ранг-баранглиги жиҳатидан эътиборга молик тиллардан. Сирасини айтсак, бизда узоқ йиллар давомида тилимизга чет сўзларни киритишда пала-партишликка йўл қўйилди, янги тушунчалар ва атамаларни ифодалашда ўзбек тилининг ички имкониятларидан етарли фойдаланилмади. Оқибатда бугунги ўзбек тилимиз «калка» тарзидаги ясама бир кўринишни кашф этди. Муаллиф ўз мақоласида тилшунослик масалаларини изчил ўрганиш учун А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида махсус программа ишлаб чиқилаётганлигини хабар қилади, холос. Муаллиф мазкур илмий муассасанинг мутасадди раҳбарларидан бири сифатида программанинг моҳиятини кенгроқ шарҳлаб берса, айни муддао бўларди. Аслида эса шу программа лойиҳа тарзида (қабул қилиниш олдидан) жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниши лозим. Биз тилшунос олимларнинг, илмий мутахассисларнинг мақолада кўтарилган муаммолар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини истардик.
Изоҳ (0)