19 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

Таъкидланишича, музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳамда «Европа Иттифоқи—Марказий Осиё» ва «Ўзбекистон—Европа Иттифоқи» шаклида бўлиб ўтадиган тадбирлар муҳокама қилинган.

Бундан ташқари, Афғонистондаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилган. Европа томони Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатишга кўмаклашиш ҳамда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирларини юқори баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги Афғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказганди. Учрашув давомида томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларни, жумладан, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш тармоқлари ва Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олганди. 16 октябрь куни эса Ўзбекистон ва Афғонистоннинг янги ҳукумати муносабатларни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқиши маълум бўлди.