Латвия ҳукумати коронавирус инфекциясининг тарқалишини камайтиришга қаратилган қатъий чоралар киритилишини эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Рига шаҳри

Фото: Depositphotos

21 октябрдан 15 ноябргача энг зарур маҳсулотлар билан савдо қилувчиларидан бошқа барча дўконлар ёпилади. Спорт, кўнгилочар ва маданий тадбирлар бекор қилинади. Сартарошхоналар, гўзаллик салонлари ва умумий овқатланиш муассасалари ҳам ўз фаолиятини тўхтатади. 20:00 дан 5:00 гача комендантлик соати амал қилади.

Кузги таътилдан кейин мактаб ўқувчиларининг аксарияти масофавий таълимга ўтказилади, 1 ноябрдан мактабларда фақат 1—3-синф ўқувчилари ўқишда давом этади. Мактабгача ёшдаги болалар учун таълим муассасалари ота-онаси ишга борадиган болаларни қабул қилади.

Бундан ташқари, ҳукумат йиғинларни чеклайди, шунингдек, турли уй хўжаликларидаги одамларнинг битта автомобилда ҳаракатланишини тақиқлайди.

Латвия бош вазири Кришянис Кариншнинг айтишича, янги чекловлар Латвияда вакцинация даражаси паст бўлгани сабабли киритилган. «Бизда бундай вазият, Дания ва Ирландияда эса бошқача вазият эканлиги кўпчиликка тушунарсиз туюлиши мумкин. Вакцинация жараёни тегишли тарзда кетмагани бунга сабаб бўлган», — деди бош вазир.

Қайд этилишича, 18 октябрь ҳолатига кўра, Латвия аҳоли жон бошига COVID-19 билан касалланиш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олган. Сўнгги бир ҳафта ичида коронавирусга чалиниш бўйича янги ҳолатлар 49 фоизга кўпайган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, аҳолиси сони 1,8 миллионга тенг бўлган Латвияда ҳар куни 2000 дан ортиқ одамда вирус аниқланмоқда. Касалланишнинг умумий кўрсаткичи ҳар 100 минг аҳолига 1266,4 га етган — бу иккинчи тўлқин чоғидаги максимумдан икки карра ортиқ демакдир. Латвияда фавқулодда вазият режими амал қилиб келаётган эди.

Аввалроқ Латвия президенти Эгил Левитс коронавирусга чалингани хабар берилган эди. У 2021 йил февралида COVID-19 га қарши эмланган бўлишига қарамай, 13 октябрь куни Швецияга хизмат ташрифидан қайтиб келиб, COVID-19 га топширган экспресс-тести мусбат натижа берган.

Эслатиб ўтамиз, июлда Латвияда шифокорлар, ўқитувчилар ва мансабдорлар учун мажбурий вакцинация жорий қилинган, эмланмаганларни ишдан бўшатишга рухсат берилган эди.