19 октябрь соат 17:00 да Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг вакиллари ўртасида теледебат бўлиб ўтади. Бу ҳақда ЎзМТРК хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон миллий телерадиоканаллари орқали Ўзбекистон президенти сайловида номзодларнинг вакиллари ўртасидаги теледебат намойиш этилади. Теледебатларни «Ўзбекистон24», «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Маҳалла» ва «Маданият ва маърифат» телеканаллари орқали томоша қилиш мумкин бўлади.

Шунингдек, аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида «Ўзбекистон24» ва «Ўзбекистон» каналларида дебатлар сурдотаржима билан намойиш этилади. «Ёшлар» ва «Тошкент» каналларида дебатлар русча таржимада, «Маданият ва маърифат» каналида эса инглизча таржимада берилади.

Бундан ташқари, ЎзМТРКнинг онлайн платформаси — «uztv.uz» орқали ҳам теледебатларни томоша қилиш мумкин бўлади.

Аввалроқ Республика «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловлари бўйича телефон орқали сўровнинг тўртинчи босқичи натижаларини эълон қилганди. Ўшанда сўров иштирокчиларининг деярли ярми президентликка номзодлар теледебат қилишларини ёқлаган эди.

Маълумот учун, президент сайлови 24 октябрь куни ўтказилади. Сайловга жами 300 миллиард сўм, ҳар бир номзодга эса 3 миллиард сўмдан ажратилади.