Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни бухоролик сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда вилоятда шамол, қуёш ва иссиқлик электр станциялари қурилишини айтди.
Шавкат Мирзиёев вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари йўқлигини қайд этди.
«Шунинг учун, 1,6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 4 та шамол, қуёш ва иссиқлик электр станцияси барпо этилади. Ушбу станциялар йилига 6,3 миллиард киловатт-соат ёки вилоят эҳтиёжига нисбатан икки баробар кўп электр энергияси ишлаб чиқаради. Жумладан, 2023 йилда Пешку ва Ғиждувонда жами қуввати 1 минг мегаватт бўлган 2 та шамол электр станцияси қурилади», — дея унинг сўзларини келтирмоқда «Дарё» мухбири.
Маълумот учун, Президентнинг 23 февралдаги қарори билан Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида иккита шамол электр станциясини қуриш тўғрисидаги инвестиция келишуви тасдиқланган.
Бухоро вилоятида 500—1000 мегаватт қувватли иккита шамол электр станцияси қурилиши, бунинг учун вилоятнинг Пешку ҳамда Ғиждувон тумани ҳудудлари танлаб олингани ҳақида 2020 йилнинг июлида маълум бўлганди. 2020 йилнинг сентябрида Пешку ва Ғиждувон туманларида шамол электр станцияларининг 10 метеорологик устуни ўрнатилганди.
Мазкур станцияларни қуриш бўйича Энергетика вазирлиги ҳамда инвестор ва лойиҳа компанияси бўлган Саудия Арабистони АCWА Power ўртасида келишув 2021 йилнинг 24 январида имзоланди. Компания томонидан Пешку туманида АCWА Power Dzhankeldy Wind, Ғиждувон туманида эса АCWА Power Bash Wind таъсис этилди.
Ғиждувон туманидаги шамол электр станцияси қуввати 500 мегаваттни, Пешку туманидаги шамол электр станцияси қуввати эса 300—500 мегаваттни ташкил этади. Ҳар бир лойиҳани амалга ошириш учун инвестор 650 миллион доллардан маблағ ажратмоқчи.
Изоҳ (0)