XVIII асрда ташкил топган Афғонистон давлати ўз тарихинг жуда кам даврида тинч ўлка бўлган. Минглаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган, яна юз минглаб инсонни қочоққа айлантирган АҚШнинг Афғонистон уруши бу йили ўз ниҳоясига етди. «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров «туганмас афғон уруши»нинг сўнгги йигирма йили ҳақида ҳикоя қилади.

«Толибон» ва «Ал-Қоида»

1999 йил 15 октябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши 1267-сонли резолюцияни қабул қилиб, «Ал-Қоида» ва «Толибон» гуруҳларини террорчилик ташкилоти деб эълон қилади ва уларга қарши санкциялар киритади. БМТ қарори Афғонистон ва Пешовар(Покистон)да жойлашган «Ал-Қоида» ҳаракатининг анча фаоллашган даврига тўғри келади. 1990 йилларда Судандан Афғонистонга қайтган «Ал-Қоида» террористик гуруҳига «Толибон» операциялар учун хавфсиз жой беради.

2001 йил 9 сентябрь куни Афғонистонда «Толибон»га қарши асосий куч ҳисобланувчи Шимолий Альянс етакчиси Аҳмад Шоҳ Масъуд «Ал-Қоида» томонидан суиқасд орқали ўлдирилади. «Панжшер шери»нинг ўлдирилиши «Толибон»га қарши кучларга қаттиқ зарба бўлади.

Экспертларнинг таъкидлашича, айнан Шоҳ Масъуднинг ўлдирилишидаги «хизмати» «Толибон»нинг 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин ҳам Усома бин Лодинни ҳимоя қилишига сабаб бўлган.

Аҳмад Шоҳ Масъуднинг Кобулдаги таъзия маросими

Фото: АP Photo

2001 йил 11 сентябрь

Аҳмад Шоҳ Масъуд ўлдирилганидан икки кун ўтиб дунёни ларзага келтирган ва терроризмнинг даҳшатини кўрсатган теракт юз беради. 11 сентябрь куни тўртта тижорат самолётини ўғирлаган «Ал-Қоида» жангарилари АҚШдаги Жаҳон савдо маркази ва Пентагон биноларига ҳужум қилади. Ҳужумлар натижасида уч мингга яқин инсон ҳалок бўлади. АҚШ президенти Жорж Буш ўз халқига «терроризм устидан ғалаба қозонишга» ваъда беради. Буш «Толибон»дан «Ал-Қоида»нинг барча раҳбарларини АҚШга топширишни талаб қилади, йўқса уларнинг тақдирига шерик бўлиши ҳақида огоҳлантиради.

Йигирма йиллик урушнинг бошланиши. 2001 йил

«Абадий озодлик»

2001 йилнинг 7 октябрь куни АҚШ қўшинлари Буюк Британия билан ҳамкорликда Афғонистонда расман «Абадий озодлик» операциясини бошлади. Бу операция Афғонистондаги «Толибон» тузуми ва «Ал-Қоида» гуруҳига қарши қаратилган бўлиб, Америка кучлари ўн икки кун давомида уларнинг базаларига фақат ҳаводан зарба беради. Ердаги жангларнинг аксарияти «Толибон» ҳамда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Шимолий Альянс ва бошқа мухолифат кучлари ўртасида бўлиб ўтади.

«Толибон» қўшинлари 2001 йил 9 ноябрда Мозори Шарифда этник ўзбеклар етакчиси Абдулрашид Дўстум кучлари томонидан мағлуб этилгач, ўз позицияларини бирин-кетин йўқота бошлайди. 11 ноябрь куни Талукон ва Бомиён, бир кун ўтиб эса Ҳирот иттифоқчилар қўлига ўтади. 13 ноябрь куни «Толибон»нинг Кобулдаги режими қулайди. Мамлакатда ўтиш даври ҳукумати тузила бошланади. 9 декабрь куни «Толибон» назорати остидаги сўнгги шаҳар — Қандаҳордан ҳам қувиб чиқарилади ва ҳаракат етакчиси Мулла Умар шаҳардан қочиб кетади.

АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг бомбардимончи самолёти урушнинг дастлабки босқичида ҳаво ҳужумини амалга оширмоқда

Фото: USAF

«Биринчи рақамли террорчи» — Усома бин Лодинни Кобул жануби-шарқидаги Тора-Бора ғорларигача тақиб қилган афғон ҳукумати қўшинлари «Ал-Қоида» жангарилари билан 3—17 декабрь кунлари шиддатли жанг олиб боради. Тахминларга кўра, Усома бин Лодин унинг сўнгги кучлари қўлга олинишидан бир кун олдин Покистонга қочиб ўтади. Гарчи разведка маълумотлари Усоманинг Тора-Борадалигини тасдиқласа-да, Америка кучлари Тора-Борани қамал қилган афғон қўшинларига қўшилмайди. Кўпчилик АҚШ ҳукуматининг бундай қатъиятсиз ҳаракат қилганини бир неча бор танқид қилади.

Муваққат ҳукумат

«Толибон» қулатилгач, БМТ Афғонистоннинг йирик гуруҳлари, жумладан, Шимолий Альянс ва собиқ қирол (1973 йил қулатилган) авлоди вакилларини Германиянинг Бонн шаҳрида ўтказиладиган конференцияга таклиф қилади. 2001 йил 5 декабрда БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан тасдиқланган Бонн битими тузилади. Эроннинг Шимолий Альянсни қўллаб-қувватлагани сабаб Эроннинг муҳим дипломатик ёрдами билан эришилган келишувга кўра, Ҳамид Карзай ҳукумат бошлиғи лавозимини эгаллайди (асосан, ўзбек ва тожиклардан иборат Шимолий Альянс пуштун Ҳамид Карзайнинг ҳокимиятга келишини хоҳламасди, уларни анчадан буён таъминлаб турган иттифоқчиси Эрон Альянсни шартномага кўндиришга муваффақ бўлади), ҳамда Кобулга хавфсизликни сақлаш учун халқаро тинчликпарвар кучлар юборилади.

2002 йил

Лоя Жирға танлови ва қайта қуриш

Тоғ ва ғорларда яширинган «Толибон» ҳамда «Ал-Қоида» кучлари қайта қуролланиб, халқаро коалиция кучларига қарши партизанлик ҳужумларини уюштиради. Бунга жавобан Канада, Америка ва уларнинг афғон иттифоқчилари қўшинлари март ойида «Анаконда» операциясини бошлайди. Операция муваффақиятли якунланади, аммо уруш ҳаракатлари кенгаймайди. Чунки Пентагон амалдорлари бу пайтда Афғонистондаги ҳарбий ва разведка ресурсларини Саддам Ҳусайн раҳбарлигидаги Ироққа томон йўналтира бошлаётганди.

Июнь ойида бўлиб ўтган Лоя Жирға(бутун афғон гуруҳ ва қабилаларининг оқсоқоллар кенгаши)нинг фавқулодда чақириғида Ҳамид Карзай ўтиш даври ҳукуматининг президенти лавозимига тасдиқланади. 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Покистондан Афғонистонга қайтган пуштунларнинг популзай қабиласи вакили Ҳамид Карзай кўпинча ўз қабиласи ва ҳукумати аъзоларининг коррупция билан шуғулланишига қарши курашмаганликда айбланади. Ўтиш даври ҳукуматининг кучи фақатгина Кобул билан чегараланиб, уни БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳузурида тузилган халқаро ҳарбий контингент — Халқаро хавфсизликка ёрдам кучлари (ISAF) қўллаб-қувватлаб туради.

Лоя Жирғада қатнашаётган Қандаҳор делегатлари

Фото: АP Photo

Виржиниядаги ҳарбий институтда қилган нутқида Жорж Буш Афғонистонга қайта қуриш ва тикланиш учун молиявий ёрдам берилишини ва бу орқали Жорж Маршал одатлари(Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШнинг Ғарбий Европа давлатларига молиявий ёрдам дастури «Маршал режаси» деб номланган эди) давом эттирилишини айтади. Бироқ АҚШнинг Афғонистонга молиявий ёрдами Маршал ёрдамидан анча кам эди. 2001 йилдан 2009 йилга қадар АҚШ ҳукумати Афғонистонга 38 миллиард доллардан ортиқроқ гуманитар ёрдам кўрсатади (Маршал режасига эса бугунги ҳисобда 114 миллиард доллар ажратилганди). АҚШ ва БМТ ёрдамидаги қайта қуриш Афғонистонда деярли самарасиз тугайди, бунга ягона режалаштириш ва мувофиқлаштириш марказининг йўқлиги, чалкаш бюрократия, шунингдек, маҳаллий маданиятни тушунмаслик сабаб бўлади.

2003 йил

«Катта уруш тугади»

Май ойида Афғонистонга келган АҚШ мудофаа вазири Дональд Рамсфелд Афғонистондаги кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини билдириб, «катта уруш тугагани»ни эълон қилади. Худди шу пайтда президент Буш ҳам АҚШнинг Ироқдаги миссияси якунланганини эълон қилди. Афғонистонда бу даврда атиги саккиз мингга яқин Америка аскари бўлиб, уларнинг сони иттифоқчилар билан ҳисоблаганда ўн уч мингга яқинлашар эди. Шу йили НАТО ISAF’нинг халқаро кучларини бошқаришни ўз зиммасига олади, бу НАТОнинг Европадан ташқаридаги биринчи ҳарбий ҳаракатига айланади. Дастлаб Кобул ва унинг атрофи хавфсизлигини таъминлаган НАТО кучлари кўлами 2005—2006 йилларда анча кенгаяди. Қўшинлар сони ҳам бунга мутаносиб равишда 5 мингдан 65 мингга қадар кўпаяди.

АҚШ Мудофаа вазири Рамсфелд Америка ҳарбий базасида аскарларга гапирмоқда

Фото: АP Photo

2004 йил

Янги Конституция ва президент

2003 йил Лоя Жирға томонидан маъқулланган Конституция лойиҳаси орадан бир йил ўтиб, 2004 йил январида қабул қилинади. Конституция мамлакатнинг турли этник гуруҳларини бирлаштиришга мўлжалланган кучли президентлик тизимини яратди. Конституциянинг қабул қилиниши демократия сари ижобий қадам сифатида баҳоланади.

9 октябрь куни Афғонистонда 1969 йилги парламент сайловидан сўнг илк бор сайловлар бўлиб ўтади. Унда мамлакатнинг бўлажак президенти аниқланиб, 55,4 % овоз тўплаган Ҳамид Карзай Афғонистоннинг демократик йўл билан сайланган биринчи раҳбарига айланади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай собиқ қирол Зоҳир Шоҳга янги конституцияни кўрсатмоқда

Фото: АP Photo

Al-Jazeera телеканалидаги чиқиш

Афғонистондаги президент сайловларидан уч ҳафта ўтиб, АҚШдаги президентлик сайловларига эса бир неча кун қолганда арабларнинг Al-Jazeera телеканалида Афғонистондан қочиб кетган «Ал-Қоида» ҳаракати етакчиси Усома бин Лодин чиқиш қилади. Афғонистондаги АҚШ ва коалиция кучлари билан афғон мужоҳидлари СССРга қарши охиригача курашгани каби курашишини айтган бин Лодин 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Шу йили Афғонистондаги Америка ҳарбийлари сони 20 минг кишига етказилади. АҚШ ва коалиция кучлари вақти-вақти билан «Толибон» ва «Ал-Қоида» гуруҳларига қарши муваффақиятли операциялар ўтказиб туради. Президент Бушнинг розилиги билан АҚШ учувчисиз самолётлари Покистондаги террорчилар базаларига зарба беради.

Усома бин Лодин 2004 йил.

Фото: АP Photo

2005 йил

Стратегик шерикчилик ва парламент сайлови

23 май куни Ҳамид Карзайнинг АҚШга ташрифи доирасида АҚШ ва Афғонистон президентлари ўз мамлакатлари ўртасида қўшма декларация қабул қилиб, давлатларини стратегик шерик деб эълон қилишади ва бу АҚШ қўшинларига Афғонистон ҳарбий инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини беради. Бунинг эвазига АҚШ Афғонистон армиясини қўллаб-қувватлаш, қуроллантириш ва ўқитишга ваъда беради.

Сентябрь ойида «Толибон»нинг жараённи бузишга уринишларига қарамай, мамлакатда парламент сайловлари ўтказилади. Афғонистон тарихидаги энг демократик ҳисобланувчи сайловда 6 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этади. Сайловда қатнашганларнинг деярли ярми аёллар бўлиб, бу халқаро кузатувчилар томонидан демократик тараққиётнинг белгиси сифатида кўрилади.

Мустақил номзод Шарифа Нажибнинг сайлов плакатлари

Фото: АP Photo

2006 йил

Коалициядаги келишмовчиликлар ва қонли курашларнинг қайта бошланиши 

Ёз ойларида «Толибон» фаоллашиб, мамлакат бўйлаб зўравонликлар кўпаяди. Июль ойида жанубда кучли жанглар бошланади. Худкушлар ҳужумлари сони 2005 йилда йигирма еттитадан, 2006 йилда бир юз ўттиз тўққизтага кўпаяди, портлашлар сони эса икки бараварга ортиб, бир минг олти юз етмиш еттитага етади.

Ноябрь ойида Эстония пойтахти Рига шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида Афғонистонга қўшин юбориш мажбуриятлари борасида келишмовчиликлар юзага келади. Йигирма олти давлат раҳбарлари кучни қандай, қачон ва қаерда қўллаш ҳақидаги баъзи миллий чекловларни олиб ташлашга рози бўлади. Аммо жанжал давом этади. АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистондаги нодавлат ташкилотлар ходимларига нисбатан зўравонликлар кўпайиши фонида, 2007 йил охирида НАТО мамлакатларини кўпроқ аскар юбормагани учун танқид қилади.

Тез орада Афғонистон жанубидаги америкалик аскарлар ўрнини Британия, Канада, Австралия, Голландия, Дания ва Эстония кучларидан иборат НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция қўшини эгаллайди.

2007 йил

«Толибон» ҳарбий қўмондонининг йўқ қилиниши

Афғонистон жанубидаги Ҳилманд вилоятида май ойида ўтказилган қўшма операция натижасида «Толибон» ҳарбий қўмондони Мулла Дадулла ўлдирилади. Тахминларга кўра, Дадулла Ҳилманд вилоятидаги партизан қўшинларининг етакчиси бўлган, бундан ташқари, у худкушлар йўналишларини белгилаш ва ғарбликларни ўғирлаш ишларига раҳбарлик қилган. Шунингдек ,у Бомиён вилоятидаги қадимий Будда ҳайкалини йўқ қилишда асосий ташкилотчи ҳисобланган.

2008 йил

Муваффақиятсизлик

Август ойида «Толибон» етакчисини йўқ қилиш учун Ҳирот шаҳрига уюштирилган ракета ҳужуми натижасида юзга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлади. Бунинг устига нишон ҳеч қандай зарар кўрмайди ва Америка ҳарбийлари муваффақиятсиз операция ҳамда қурбон бўлган инсонлар сонини яширишга ҳаракат қилади. Бу ҳолат президент Ҳамид Карзайнинг танқидига ҳам сабаб бўлади. Коалиция ҳужумлари сабаб Фараҳ вилоятида ҳам тинч аҳоли вакиллари жабрланади.

Афғонистонлик аёл 2008 йил август ойида Ҳирот вилоятида ҳаво ҳужумлари натижасида ўлдирилган оила аъзоларини учун мотам тутмоқда

Фото: АP Photo

Бу воқеалар натижасида афғонлар орасида толибларни қўллаб-қувватлаш кучая бошлаб, толиблар бир қанча ғалабаларни қўлга киритади. Хусусан, улар Қандаҳордаги қамоқхонани муваффақиятли босиб олади ва 1200 маҳбусни озод қилади, улардан 400 нафари ҳаракат аъзолари эди. Америка қўшинларининг янги қўмондони генерал Стенли Мак-Кристал ҳаво ҳужумлари тактикасини қайта кўриб чиқишни, вайронагарчиликлар ва аҳоли ўлимига олиб келмайдиган стратегия ишлаб чиқишни буюради.

2009 йил

Янги қўмондон, янги стратегия ва эски жанглар

АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган Барак Обама Афғонистон уруши ҳақида гапириб, мамлакатга яна 17 минг Америка аскари юборилиши ҳақида эълон қилади. Обама Афғонистон АҚШнинг террорчи кучларга қарши курашида энг муҳим фронти эканлигини баёнотларида яна бир бор тасдиқлайди. 2009 йил январь ҳолатига кўра Пентагон Афғонистонда 37 минг аскарга эга бўлиб, улар АҚШ ва НАТО қўмондонлиги ўртасида тақсимланганди.

Тез орада Барак Обама Афғонистондаги уруш ҳаракатларининг янги стратегиясини эълон қилади. Стратегиянинг асосий мақсади, оқ қоғозда кўрсатилганидек «Ал-Қоида ва унинг Покистондаги ҳарбий нуқталарини бузиш, йўқ қилиш ва мағлуб этиш ҳамда уларнинг Покистон ёки Афғонистонга қайтишига йўл қўймаслик» эди. Режада шунингдек, Афғонистон армияси ва полиция кучларини ўқитишга ёрдам бериш учун қўшимча тўрт минг аскар юборилиши кўзда тутилганди.

АҚШ мудофаа вазири Роберт Гейтс Афғонистондаги АҚШ қўшинлари олий қўмондони генерал Давид Мак-Кернанни вазифасидан озод қилади ҳамда унинг ўрнига генерал Мак-Кристални тайинлайди. Гейтснинг фикрича, Пентагон Афғон урушида «янгича фикрлаш» ва «янги кўзлар»га муҳтож эди, шунингдек бу тайинлов Афғонистондаги уруш ҳаракатларига кўпроқ «агрессив ва инновацион» ёндашувни яратишга қаратилганди.

«Толибон» кучлари томонидан позициялари ўққа тутилгач «тревога» берилган АҚШ қуролли кучларининг 1-батальони аскарлари

Фото: AP Photo

Июль ойида АҚШ денгиз пиёдалари Афғонистон жанубида кенг кўламли ҳарбий операция бошлайди. Тўрт минг аскар иштирок этган бу операция Ҳилманд вилоятида толиблар ҳаракатининг кучайишига жавобан ўтказилади. Сентябрь ойида Қундуз вилоятида АҚШнинг Ф-15Э самолёти толиблар томонидан ўғирлаб кетилган иккита ёнилғи машинасини йўқ қилади. Бироқ ракета зарбаси натижасида юзлаб маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам қурбон бўлади. Шунингдек, АҚШ учувчисиз самолётлари Покистондаги жангарилар базаларига ҳам зарбалар беради. Расмий равишда иттифоқчи бўлишига қарамай, америкалик ҳарбийлар Покистон махсус хизматини «Толибон»ни яширинча қўллаб-қувватлашда айблайди.

Баҳсли сайловлар ва Обаманинг янги қарори

20 августда бўлиб ўтган мунозарали президентлик сайловлари икки ой давомида турли баҳсларга сабаб бўлади. Ҳамид Карзайнинг иккинчи муддатга ғалаба қозонгани эълон қилинганига жавобан норозиликлар бошланади, уни фирибгарликда айблашади. Халқаро босим остида Карзай 7 ноябрь куни бўлиб ўтадиган сайловнинг иккинчи босқичига розилик беради, бироқ кутилмаганда Карзайнинг рақиби Абдулла Абдулла сайловдан чиқиб кетади ва Карзай ғолиб деб тан олинади. Карзайнинг ҳокимияти қонунийлигидан хавотир кучаяди, АҚШ ва бошқа халқаро ҳамкорлар бошқарувни такомиллаштиришни талаб қила бошлайди.

Декабрь ойидаги нутқида президент Барак Обама биринчи бор АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши ҳақида гапиради. 2011 йил июлда олиб чиқиш бошланишини эълон қилган президент бу жараённинг қанча давом этишига аниқлик киритмайди. Йил охирига келиб Афғонистондаги Америка аскарлари сони 60 мингга етади.

2010 йил

Танқид

Июнь ойида нашрдан чиққан Rolling Stone журналида Афғонистондаги АҚШ қўшинлари қўмондони Стенли Мак-Кристал фуқаролик амалдорларини, шу жумладан, вице-президент Жо Байденни қаттиқ танқид қилган мақола чоп этилади. Мак-Кристал уларнинг ҳарбий ишларда тажрибасизлиги ва, айниқса, Оқ уйнинг Афғонистонга қўшимча аскар юбориш масаласидаги иккиланишини қаттиқ танқид остига олади (натижада бир неча ойлик баҳслардан сўнг Барак Обама барибир қўшимча 30 минг аскар юборишга рози бўлади). Обама уни зудлик билан Вашингтонга чақиртиради ва истеъфога чиқаради. Ироқ уруши қаҳрамони бўлган Дэвид Петреус янги қўмондон этиб тайинланади.

АҚШ президенти Барак Обама генерал Дэвид Петреусни генерал Стенли Мак-Кристалнинг ўрнига Афғонистондаги бош қўмондони этиб тайинланишини эълон қилмоқда

Фото: Reuters

Хавфсизликни ўзгартириш режаси

НАТОнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган Лиссабондаги конференциясида 2014 йил охиригача мамлакат хавфсизлиги учун барча масъулиятни Афғонистон миллий армиясига топшириш тўғрисидаги декларация имзоланади ва унга биноан халқаро коалиция қўшинлари 2011 йилдан бошлаб мамлакатдан босқичма-босқич олиб чиқилиши бошланиши керак эди. Бироқ Ғарбда ҳам, Афғонистоннинг ўзида ҳам кўпчилик бу режанинг амалга ошишига шубҳа қилади.

Бир вақтнинг ўзида афғон аскарлари ўзларининг ғарблик иттифоқчиларига ҳужум қилишни бошлайди, бу «кўк-яшил тўқнашуви» дея номланади(уларнинг ҳарбий кийимлари ранги сабаб). Масалан, ноябрь ойида афғон чегарачиси Нангарҳор вилоятида ISAF’нинг олти нафар зобитини отиб ташлайди ва ўзи ҳам отишмада ҳалок бўлади. Агар 2009 йилгача бундай ҳолат бир марта юз берган бўлса, 2011 йилдан бошлаб ўнлаб бундай ҳолатлар қайд этила бошланади.

Афғонистондаги Америка контингенти сони юз мингга етади.

2011 йил

Бин Лодиннинг ўлдирилиши

2011 йил 1 май куни 11 сентябрь терактлари учун жавобгар бўлган «Ал-Қоида» гуруҳи раҳбари Усома бин Лодин АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг «Нептун найзаси» операцияси давомида Покистоннинг Абботтобод шаҳрида ўлдирилади. Унинг чегара нариги тарафида бўлишининг ўзи АҚШ—Покистон муносабатларини кескинлаштиради. Афғонистонда Покистонга қарши кайфият кучайиб боради, расмийлар кўп йиллардан бери Афғонистонда олиб борилган қўпорувчиликларда Покистонда жойлашган террорчиларнинг ҳиссаси катталигини таъкидлайди.

Ўн йил олдин бошланган урушда Американинг асосий мақсади амалга ошгач, Афғонистондаги урушни давом эттириш ҳақидаги мунозаралар кучаяди. Июль ойида президент Обама қўшинларининг фақат 30 мингини олиб чиқишини эълон қилмоқчи бўлганида, Конгресс ундан кўпроқ аскарларни ортга қайтаришни талаб қилади. Шунингдек, Обама АҚШ «Толибон» раҳбарияти билан дастлабки тинчлик музокараларини олиб бораётганини тасдиқлайди.

Ўн йиллик уруш

Америка қўшинларининг Афғонистонга киритилганига ўн йил тўлгани муносабати билан ўтказилган сўровномада кўплаб америкаликлар бу урушни тўхтатишни хоҳлайди. 2001—2011 йиллар оралиғида АҚШ ва НАТО қўшинлари асосан жанубий ва шарқий ҳудудларда(Покистон билан чегара ерлар) жангариларга қарши операциялар ўтказади. Бироқ Покистонда жойлашган террорчи гуруҳлар АҚШ ҳарбий муваффақиятларига путур етказишни давом этади.

Ўн йил мобайнида икки мингга яқин Америка аскарлари ҳалок бўлади, 444 миллиард доллар уруш ва қайта қуриш ишларига сарфланади, АҚШнинг бюджет тақчиллиги 1,3 триллион долларга етади.

АҚШ армияси аскарларини олиб кетаётган вертолётлар Қандаҳор шимолидаги Терра Нова жанговар постидан учмоқда

Фото: Reuters

Бундан ташқари «Толибон» билан музокаралар ҳам боши берк кўчага кириб қолади. Сентябрда ўзини «Толибон» тинчлик делегацияси аъзолари деб таништирган икки худкуш томонидан ҳукуматнинг музокаралардаги раҳбари, собиқ президент Бурҳониддин Раббоний ўлдирилади. Шундан сўнг президент Ҳамид Карзай «Толибон» билан музокараларни бекор қилади. Афғонистон расмийлари бу терактда Покистонда жойлашган Ҳаққоний тармоғини айблайди, аммо гуруҳ бу айбловни рад қилади.

Бонн конференцияси

Афғонистон сиёсий келажагини муҳокама қилган биринчи халқаро конференциядан ўн йил ўтгач, ўнлаб давлат ва ташкилотлар 2014 йилда мамлакатдан халқаро кучлар олиб чиқилгандан сўнг олиб бориладиган ҳаракатлар йўл харитасини ишлаб чиқиш учун Германиянинг Бонн шаҳрига йиғилади. Конференцияда маъруза қилган Ҳамид Карзай келгуси ўн йил мобайнида мамлакатда хавфсизлик ва реконструкция ишларини кучайтириш учун ҳар йили 10 миллиард доллар талаб қилишини ва халқаро ёрдамни давом эттириш эвазига коррупцияга қарши кенг кўламли кураш олиб бориш мумкинлигини айтади.

Конференция Покистон томонидан бойкот қилинганлиги сабабли амалда тўхтатилади. Покистон делегацияси конференция бошланишидан сал олдинроқ Афғонистон чегарасида НАТО ва Покистон қўшинлари ўртасида юз берган тўқнашувга норозилик белгиси сифатида конференцияда қатнашишдан бош тортади. Конференциядан кўзланган мақсадга эриша олинмайди ва учрашувлар деярли самарасиз тугайди.

2012 йил

АҚШ—Афғонистон муносабатларининг таранглашуви

Январь ойида «Толибон» тинчлик музокараларида аниқ қадамлар ташланиши учун Қатарда ўз ваколатхонасини очишга рози бўлади, АҚШ раҳбарияти буни сиёсий келишувга эришиш йўлидаги муҳим жараён дея эътироф этади. Бироқ орадан икки ой ўтгач, «Толибон» Вашингтонни маҳбусларни алмаштириш бўйича амалий қадамлар ташлашдан бош тортганликда айблайди ва музокараларни тўхтатади.

Афғонлар АҚШнинг Кобулдаги Баграм авиабазасида норозилик намойиши ўтказмоқда

Фото: AP Photo

Бу воқеалар билан бир вақтда Афғонистонда халқаро коалиция кучлари билан боғлиқ бир нечта кўнгилсиз ҳолатлар рўй беради. Хусусан, февраль ойида АҚШнинг Кобулдаги Баграм авиабазасида асир олинган «Толибон» жангчилари бир-бири билан хабар алмашиш учун ишлатган Қуръоннинг бир нечта нусхалари тасодифан ёқиб юборилади.

Бу бутун Афғонистонда АҚШга қарши норозиликларга сабаб бўлади. Намойишларда нафақат пуштунлар (толиблар, асосан, пуштунлар миллий ҳаракати), балки Афғонистоннинг бошқа халқлари, шу жумладан, Ғарб кучларига иттифоқчи бўлганлар ҳам қатнашади.

Шунингдек, америкалик аскар ўн олтига яқин афғон қишлоқ аҳолисини ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалади. Президент Ҳамид Карзай коалиция кучларини қишлоқлардан олиб чиқиб, ҳарбий базаларга жойлаштиришни талаб қилади.

2013 йил

Хавфсизликнинг Афғонистон миллий кучларига топширилиши

Июнда НАТО Афғонистондаги ҳарбий миссияси тугаганини расман эълон қилади ва хавфсизлик мажбуриятларини миллий армия ва полицияга топширади. Коалиция қўшинлари, жумладан, Америка аскарлари мамлакатда фақат маслаҳатчи вазифасида ҳамда терроризмга қарши операцияларни қўллаб-қувватлаш учун қолади. Қўшинларни босқичма-босқич олиб чиқиш режасига мувофиқ халқаро контингент сони камая бошлайди.

АҚШнинг Толибон томонидан Қатарда ваколатхонаси очилишидаги ташаббуси Ҳамид Карзай норозилигига олиб келади ҳамда 2014 йил декабрь ойида унинг ваколат муддати тугагач, Қўшма Штатлар ҳарбий иштирокини сақлаб қолиш учун икки томонлама хавфсизлик шартномаси тузишни тўхтатади. Карзайнинг фикрича бу идора исёнчи гуруҳга қонунийлик беради ва унинг таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

2014 йил

Обаманинг ташрифи ва Миллий келишув ҳукумати

Май ойида Кобулдаги Баграм авиабазасига кутилмаган ташриф билан келган Обама Афғонистондан 2016 йил охиригача АҚШ қўшинларини олиб чиқиш тақвимини эълон қилади. Режанинг биринчи босқичи 2014 йил охирида жанговар миссия тугаганидан кейин 9800 АҚШ аскарининг қолишини назарда тутади ва бу контингент «Ал-Қоида» қолдиқларига қарши операцияларни давом эттиради. Обама бу қисқартириш бошқа жойларда ҳам терроризмга қарши курашишга ресурс яратишини билдиради.

Баграм авиабазасидаги нутқдан сўнг аскарлар билан қўл бериб кўришаётган Обама

Фото: Reuters

Сентябрда ўтказилган сайловларда президентликка икки номзод: собиқ молия вазири Ашраф Ғани Аҳмадзай ва ташқи ишлар вазири Абдулла Абдулла охирги босқичгача етиб келишади. Сайловда Ашраф Ғанининг кичик фарқ билан ғалаба қозонгани эълон қилингач, Афғонистон кўчалари сайлов натижасидан норози минглаб инсонларга тўлиб кетади. Охир-оқибат АҚШнинг воситачилиги орқали номзодлар ўртасида Миллий келишув ҳукумати тузилади ва унга раис этиб Абдулла Абдулла тайинланади. Бу келишув намойишларни тўхтатган бўлса-да, кейинги давр мобайнида икки сиёсий авторитетнинг ўзаро рақобати марказий ҳукуматнинг заифлашувига ҳамда давлатнинг чок-чокидан сўкилишига олиб келди.

2015 йил

Инқироз

«Толибон» Кобулдаги марказий ҳукуматнинг заифлашуви ва Ғарб кучларининг олиб чиқилишидан фойдаланиб, ҳужумга ўтади ҳамда ҳатто Қундуз шаҳри ва вилоятини босиб олади. Қундуз шаҳри учун жанглар кетаётган бир пайтда АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари хато туфайли «Чегара билмас шифокорлар» шифохонасини бомбардимон қилади. Ўнлаб инсонлар ҳалок бўлади, яна ўнлаб одам яраланади.

Россия 2009 йил НАТО қўшинлари учун очган ўз ҳудуди орқали ўтувчи ҳаво транспорти коридорини ёпади. Афғонистонда миграция инқирози кучаяди, миграция инқирозининг чўққисида Европага келган қочоқларнинг 20% га яқинини афғонлар ташкил қилади.

2016 йил

Хуружлар

«Толибон» Ҳилманд вилоятида катта ҳужум уюштириб, бир қанча йирик шаҳар ва аҳоли пунктларини босиб олади. Бундан ташқари Афғонистонда янги ўйинчи —ИШИДнинг «Толибонга» қарши маҳаллий бўлинмаси бўлмиш «Вилояти Хуросон» кучая бошлайди. Гуруҳ 2016 йил июль ойида Кобулда содир бўлган даҳшатли теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Терактда портловчи моддалар билан тўлдирилган юк машинаси этник ҳамда диний озчиликни ташкил қилувчи ҳазоралар намойиши олдига олиб келинади ва портлатиб юборилади. Саксондан ортиқ инсон ҳалок бўлади, юзлаб одамлар яраланади. Буларнинг барчаси мамлакатдан Ғарб қўшинларининг олиб чиқилишини секинлаштиради.

2017 йил

Уруш узайиши ҳақидаги сигнал

13 апрель АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Нангарҳор вилоятида жойлашган «Исломий давлат» жангариларига қарши ядровий бўлмаган энг кучли бомбардимонни ўтказади. «Барча бомбаларнинг онаси» дея айтилган қурол янги президент Дональд Трампнинг ҳарбий қарорларни қабул қилишни қўмондонларга топширганидан сўнг ҳаракатга келтирилади.

«Барча бомбалар онаси» Афғонистон шарқидаги «Исломий давлат» базалари жойлашган тоғларга ташланмоқда

Фото: Reuters

«Исломий давлат» билан бирга «Толибон» ҳам анча фаоллашиб, мамлакатнинг учдан бирини назорат қила бошлайди. АҚШ денгиз пиёдалари яна Ҳилманд вилоятига жўнатилади.

Инаугурациясидан сўнг Дональд Трамп Афғонистондан қўшинларни шошилинч равишда олиб чиқиб кетиш тўғри қарор эмаслигини, чунки бу «террорчилар тўлдирадиган бўшлиқни» яратиши мумкинлигини айтади. Америка қўшинлари сони яна кўпая бошлайди.

2018 йил

«Толибон»нинг йирик терактлари

Январда «Толибон» Кобулда 115 кишининг ўлимига сабаб бўлган бир қатор терактлар уюштиради. Натижада Трамп маъмурияти янги режа ишлаб чиқади: ҳарбийлар қишлоқларга қайтарилади ҳамда «Толибон»нинг молиявий таъминотига зарар етказиш учун афюн далаларига ҳаво ҳужумлари ташкил қилинади. Бундан ташқари Трамп «ҳийла ва ёлғон» ишлатиб «Толибон» жангариларига бошпана бергани учун Покистонга берилувчи миллиард долларлик хавфсизлик ёрдамини тўхтатади.

Миллий бирлик ҳукумати танқидчиларининг айтишича, ички сиёсат, хусусан, вилоят губернаторлари билан келишмовчиликлар президент Ғанининг хавфсизликни қўлдан чиқаришига олиб келади.

2019 йил

Охирига етмаган музокаралар

Террорчилар билан келишувларга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги аввалги барча баёнотларига қарамай, АҚШ ҳукумати Қатарда «Толибон» вакиллари билан музокара столига ўтиради. «Толибон» Афғонистон ҳудудида халқаро террорчилик гуруҳлари ҳаракатига тўсқинлик қилиши эвазига АҚШдан қўшинларини мамлакатдан олиб чиқишни сўрайди. Шунингдек, «Толибон» Афғонистонда ички музокаралар олиб боришга ҳам рози бўлади.

Толибоннинг Доҳадаги делегацияси тинчлик музокараларининг охирги раундидан кейин Москвада бўлиб ўтган йиғилишда қатнашмоқда

Фото: Anadolu Agency

Бироқ бир неча ҳафта ўтгач, Трамп музокараларни тўхтатади. АҚШ президенти америкалик аскар «Толибон» ҳужумида ҳалок бўлганидан кейин Кемп-Дэвидда «Толибон» вакили ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан ўтказиладиган махфий учрашувни бекор қилганини айтади. «Толибон» ўзининг музокараларни давом эттиришга тайёр эканини айтиб, Трампнинг бу қарори ўлим сонининг кўпайишига олиб келиши ҳақида огоҳлантиради.

2020 йил

Битим

Февраль ойида АҚШ ва «Толибон»нинг Доҳадаги вакиллари келишувга эришади ҳамда тинчлик шартномаси имзоланади. Унга кўра, америкаликлар ўз қўшинларини 14 ой ичида мамлакатдан олиб чиқишга ваъда беради. «Толибон» эса мамлакатда террорчилик ҳаракатларига жой берилмаслиги ҳақида кафолат беради. Музокараларда иштирок этмагани сабаб расмий Кобул ҳукумати ушбу шартномага ўз норозилигини билдиради.

Бу келишувларга қарамай, «Толибон» жангарилари яна ҳужум уюштириб, Кобул ва Афғонистоннинг бошқа вилоятларида қатор терактлар содир этади. АҚШ кучлари бунга жанубдаги Ҳилманд вилоятида «Толибон»га қарши ҳаво ҳужуми билан жавоб қайтаради.

Йил охирига келиб, Афғонистон ҳукумати ниҳоят, толиблар билан музокара шартларини келишиб олади ва деярли 20 йил ичида биринчи марта улар билан Доҳада расмий учрашув ўтказади. АҚШ—«Толибон» келишувида илгари сурилган, аммо бир неча ойга кечиктирилган асирларни алмаштириш бўйича тўғридан-тўғри музокаралар Афғонистон ҳукумати беш минг «Толибон» асирини озод қилгандан сўнг бошланади. Очилиш маросимида иккала томон ҳам Афғонистонда тинчлик ўрнатишга ва АҚШ қўшинлари чиқиб кетгандан кейин афғон жамияти учун асос яратишга тайёр эканлигини билдиришади. Расмий Кобул ўт очишни тўхтатишни талаб қилади, «Толибон» эса мамлакатни исломий тизим орқали бошқаришга чақиради.

АҚШ вакили Залмай Ҳалилзод ва «Толибон»нинг Доҳадаги ваколатхонаси раҳбари Мулла Абдул Ғани Биродар Қатар пойтахти Доҳада тинчлик шартномасини имзолаш маросимида

Фото: EPA

Халқаро кучлар олиб чиқилишининг бошланиши

17 ноябрь куни АҚШ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи полковник Кристофер Миллер Афғонистондаги қўшинлар сони 2021 йил январь ойи ўрталарига қадар икки бараварга камайтирилиши ҳақида эълон қилади. Бу қарор Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасидаги музокаралар тўхтаб қолган, ҳаракат қўпорувчилик ҳужумларни давом эттираётган бир пайтда эълон қилинади. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг қўшинларнинг жуда эрта олиб чиқилиши натижасида Афғонистон террорчилар маконига айланиши ҳамда «Исломий давлат» халифалиги тикланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.

2021 йил

Қулаш

АҚШ президенти Жо Байден кетма-кет тўртинчи бўлиб «Туганмас уруш»ни мерос қилиб олади. НАТО ниҳоят, афғон муаммоларига ҳарбий йўл билан ечим топилмаслигини тан олади ва 1 майдан бошлаб қўшинларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида эълон қилади.

Дональд Трампнинг «Толибон» билан келишувига кўра, Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йил 1 майга қадар якунланиши керак эди, лекин Байден бу муддатни Нью-Йоркдаги терактнинг йигирма йиллиги — 11 сентябрга қолдиради.

«Толибон» жангарилари Афғонистон президент саройида суратга тушмоқда

Фото: АП Photo

2020 йил ўрталарига келиб, АҚШ ҳарбий ёрдамисиз қолган Афғонистон ҳукумати қанча вақт яшаши ҳақидаги прогнозлар доимо ёмон томонга ўзгариб туради. АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб кетилиши фонида «Толибон» ҳужумлари кучаяди ва бироз қаршиликдан сўнг бутун мамлакат (Панжшердан ташқари), жумладан, Кобул ҳам 15 август куни ҳаракат қўлига ўтади. Йиллар давомида халқаро жамиятдан молиявий ва ҳарбий ёрдам олган Афғонистон ҳукумати ўзаро бирликнинг йўқлиги сабаб икки ой ичида қулайди. Президент Ашраф Ғани Бирлашган Араб Амирликларига қочиб кетади.

Эвакуация

Афғонистон ҳукумати кутилганидан анча тез — август ойидаёқ қулагач, АҚШнинг эвакуация режалари ўзгариб кетади. Қўшма Штатлар иттифоқчиларини хавфсиз эвакуация қилиш ва Кобул аэропортини ҳимоя қилиш учун олти минг аскар юборади. Минглаб афғонлар қочишга уриниш натижасида аэропорт ҳудудида тартибсизлик авж олади. 26 август куни Кобул аэропорти ёнида 13 нафар Америка аскари ҳамда бир юз ўттизга яқин тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган теракт содир бўлади. Хуружга жавобгарликни «Вилояти Хуросон» ўз зиммасига олади. Пентагоннинг жавоб зарбаси хато билан тугайди. Президент Байденнинг ўзи ҳам эвакуация «тартибсиз» бўлганини тан олади.

Афғонистон урушидан уйига қайтиб, оиласини қучоқлаётган АҚШ аскари

Фото: Getty Images

2021 йилнинг 30 август куни сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни тарк этди. Йигирма йиллик уруш АҚШнинг чекиниши билан тугади. Йиллар давомида Афғонистонда Ғарб коалициясининг 3,5 минг, афғон армиясининг эса 65 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлди. Тинч аҳоли қурбонлари сонини аниқ ҳисоблаш мумкин эмасди, балки ўн минглаб оддий инсонлар, болалар ёхуд аёллар «туганмас уруш» туфайли ҳаёт билан видолашганди. Ҳозирги кунда икки миллиондан ортиқ афғон бошқа мамлакатларда қочқинга айланган.