Фарғонадаги Central Asia Motors Cо корхонаси базасида электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2022-2024 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига оид қарори лойиҳасига таяниб, Spot хабар берди.

Фото: Давлат статистика қўмитаси

Йилига 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга лойиҳанинг умумий қиймати 55 миллион долларга баҳоланмоқда. Шундан 43 миллион долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади.

Лойиҳа Хитойнинг Hong Kong ZRSC Technology компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Режага кўра, электромобилларни ишлаб чиқариш 2022 йилнинг декабридан йўлга қўйилади. Заводда 100 та иш ўрни яратилади

«Ўзавтосаноат» компанияси электромобиллар устида иш олиб бораётгани илк бор 2018 йил май ойида маълум бўлган эди. Компаниянинг ўша вақтдаги раҳбари Умиджон Салимов «яқин икки ой ичида электромобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича республика концепцияси ишлаб чиқилиши»ни билдирган эди. 2020 йилнинг ноябрида эса «Ўзавтосаноат»нинг R&D маркази муҳандислари «ярим йил ичида» нархи 10 минг доллар атрофида бўладиган, бир марта тўлиқ қувватлантирилгач, 150 километр йўл боса оладиган Labo электромобиллари ишлаб чиқарилиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2020 йил 29 декабрдаги қарорида «Ўзавтосаноат»ни фақат электродвигателда ҳаракатланувчи енгил автомобиллар ва мототранспорт воситалари ишлаб чиқаришга ўтказиш мақсади ошкор этилган эди. Қарор доирасида компанияга 1 февралга қадар лойиҳа концепциясини ишлаб чиқиш учун хорижий эксперт ва консалтинг компанияларини жалб этиш ҳақида топшириқ берилган эди. Айни вақтда расмийлар 2021 йил охиригача Тошкентдаги барча ёнилғи қуйиш шохобчаларида электромобилларни қувватлантириш имконияти пайдо бўлиши ҳақида баёнот берган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг май ойида «Қўқон» эркин иқтисодий зонасида 2023 йилдан Hyundai электромобилларини ишлаб чиқариш режалаштирилаётгани маълум қилинганди — лойиҳанинг ҳозирги тақдири номаълум. Ўша йилнинг сентябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қўқонга ташрифи вақтида унга шу ерда ишлаб чиқариладиган ва 3 минг доллардан сотиладиган электромобиллар намойиш этилган. Бу лойиҳа ҳам ҳозирда қайси босқичда экани маълум эмас. Бундан ташқари, бир қатор хорижий компаниялар ҳам Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш таклифи билан чиққан.