Қашқадарёда 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида ўз хизмат вазифасини бажараётган МИБ ходимига тажовуз қилган беш нафар шахсга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Одил Поёнов маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси

Қайд этилишича, 25 сентябрь куни МИБнинг вилоят бошқармасида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилган.

«Ходимларимиз қарздор Садиновдан ундирувчи Раҳмонова фойдасига 1 миллион 947 минг сўм алимент қарздорликни ундириш учун Садинов уйига бориб, қарздор хонадонидаги телевизорни хатлаб олганда қарздор ва унинг яқинлари қаршилигига учраган. МИБ ходимларига тан жароҳати етказилган. Бу иш юзасидан Қамаши туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.  Ва Садиновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган», — дейди Одил Поёнов.

Одил Поёновнинг маълумот беришича, 2021 йилнинг ўтган саккиз ойи мобайнида МИБ ходимларига 5 нафар фуқаро қаршилик кўрсатган бўлиб, уларга қаршилик учун жиноят иши қўзғатилган, айримларига чора кўрилган.

«МИБ ходимларига қаршилик кўрсатиш Қамаши туманида, Касбида, Яккабоғда, шунингдек Шаҳрисабз шаҳрида рўй берган. Касбида болта билан чопишга уруниш бўлган бўлса, Яккабоғда ёқишга, Шаҳрисабзда машинада босиб кетишга уринишган. Касбида МИБ ходимига болта кўтарган раисга уч йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган, Қамаши ва Яккабоғда эса тергов кетяпти», — дейди масъул.

Фото: МИБ Қашқадарё вилоят бошқармаси

Масъулнинг айтишича, МИБ ходимлари Шаҳрисабз шаҳрида қарздорликни ундириш учун автомашинани хатлашга уринганда фуқаро МИБ ходимини судраб, машинани олиб қочган.

«Яккабоғ туманига фуқаро Моҳира Нормуродованинг манфаатини кўзлаб, уй-жойни унга олиб бериш бўйича борганимизда ходимларимиз устига ёқилғи сепилиб, ёқиб юборишга уриниш бўлган. Шу сабаб бу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейди Одил Поёнов.