Самарқанд вилояти Ургут туманидаги савдо марказида содир бўлган ёнғин бартараф этилди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 25 сентябрь куни соат 19:24 да Самарқанд вилояти Ургут тумани «Юқори калангар» МФЙда жойлашган «Ургут Файз савдо» МЧЖга қарашли икки қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан воқеа жойига 3 та ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан етиб борган ва ёнғин соат 20:38 да батамом ўчирилган.
Ёнғин оқибатида бино биринчи қаватининг 98 метр квадрат майдони шифт қисми ва савдо маҳсулотлари ёниб зарарланган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида бинонинг 420 метр квадрат майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Бундан аввал Навоийда 9 ёшли бола ёнғин содир бўлаётган уйдан қутқариб олингани, Нукусда бир-бирига туташ тўртта хонадонда ёнғин содир бўлгани ҳамда Тошкентда «Миллий таомлар» ошхонасига мўлжалланган бинода ёнғин чиққани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)