Ўзбекистон футзал терма жамоаси Жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичида 24 сентябрь, жума куни Эронга қарши баҳс олиб борди.

Фото: Getty Images

Эроннинг 1-дақиқадаги голи билан бошланган ўйинда умумий ҳисобда 17 та гол киритилди. Учрашувнинг биринчи бўлимида 4:3 ҳисобида Эроннинг қўли баланд келди.

Иккинчи 20 дақиқаликда ҳам Эрон тезкор голлар билан бошлади. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳам форсларнинг голларига жавоб қайтаришдан тўхтамади. Бироқ ўйин якунига қадар Баҳодир Аҳмедов шогирдлари ўйновчи дарвозабон билан ҳаракат қилди ва қарши ҳужумларда жазоланди. Ўйин якунида Эрон 9:8 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштирди.

Шу тариқа Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўз тарихидаги иккинчи Жаҳон чемпионатини нимчорак финал босқичида якунлади. Жамоа сўнгги паллага қадар мардонавор кураш олиб борди. 2016 йили Колумбияда ўтган мусобақада жамоа гуруҳдан чиқа олмаганди.

Ўзбекистон ЖЧ—2021 гуруҳ босқичида Гватемала, Россия ва Миср  билан бир гуруҳдан жой олиб, иккинчи ўрин билан плеф-офф босқичига йўл олди. Эрон эндиликда ярим финалга чиқиш учун Қозоғистон билан баҳс юритади.

ЖЧ—2021

1/8 финал баҳси

23 сентябрь, жума

Ўзбекистон — Эрон 8:9

Голлар: Ҳассанзадеҳ Али 1, 22, 28, Жавид Маҳди 5, 25, Ҳусниддин Нишонов 9, 30, 33, Аҳмад Аббаси 16, 36, Дилшод Раҳматов 17, 38, Ихтиёр Ропиев 18, Фарҳод Тавакколи 18, Анасхон Раҳматов 28, Мослем Оладгҳобад 29, Илҳомжон Ҳамроев 39.

Ўзбекистон — Равшан Элибоев, Ихтиёр Ропиев, Ҳусниддин Нишонов, Илҳом Ҳамроев, Даврон Чориев, Анасхон Раҳматов, Акбар Усмонов, Машраб Одилов, Суннатулла Жўраев, Хушнур Эркинов, Музаффар Аҳаджонов, Дилшод Раҳматов, Рустам Умаров, Аббос Элмуродов.