«Реал Мадрид» клуби барча даврларда дунёнинг энг кучли ва обрўли клублари қаторидан жой олиб келган. Шунга яраша жамоада ҳам юлдуз ва афсона даражасидаги футболчилар ҳар доим топилган. 2000 йилда Флорентино Перес клуб президенти этиб сайланади ва у шу даврдан бошлаб «галактикос» лойиҳасини қуришни бошлайди. 2000–2006 йилларда Перес бошчилигидаги раҳбарият Луиш Фигу, Роналдо, Зинедин Зидан, Дэвид Бекҳэм, Майкл Оуэн, Робиньо каби ўйинчилар трансферини амалга оширади. Умуман олганда, Переснинг клуб ривожи ва унинг имижи учун қилган ишлари беқиёсдир. Аммо у ҳақида гап кетганда яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Перес клуб афсоналари билан муносиб хайрлашишни билмайди ва бу Мадридда аллақачон анъана тусига ҳам кириб улгурган. «Дарё» ушбу мақолада «Реал»дан қувилган афсоналар ҳақида ҳикоя қилади.
Фернандо Йерро (1989–2003 йилларда «Реал»да ўйнаган)
601 та ўйин, 126 та гол
Йерро 14 йил давомида «Реал»нинг энг барқарор ва асосий ўйинчиларидан бири бўлиб келган ва кўплаб совринларни қўлга киритган. Ҳатто галактикос даврида ҳам у майдондаги ўрнини бировга бериб қўймаган. Йерро ҳимоя ва ярим ҳимоя марказида бир хил даражада тўп сура олиши билан бошқалардан ажралиб турарди. «Катта сардор» («Реал» мухлислари уни эркалаб шундай чақирган) «қаймоқранглилар» билан умумий ҳисобда 16 та совринни қўлга киритган.
Афсуски, 2003 йилга келиб Йерро клубдан шунчаки қувиб юборилади, ҳеч қандай ортиқча дабдабаларсиз, худди бир-икки мавсумга захирада ўтириш учун келган футболчи каби.
Ўзига бўлган муносабатдан ранжиганини яшириб ўтирмаган Фернандо шундан сўнг «Ар-Райян» (Қатар) ва «Болтон»да (Англия) бир мавсумдан тўп сургач, фаолиятини якунлашга қарор қилади.
Рауль (1994–2010)
741 та ўйин, 324 та гол
Раулнинг отаси фарзандининг ўзи мухлислик қилган «Атлетико» сафида ўйнашини орзу қилган. Бироқ 1992 йилда «Атлетико» академияси тарқатиб юборилади ва Рауль «Реал» футбол мактабига боришга мажбур бўлади. Шу тариқа у «қироллик клуби»га келиб қолади ва келажакда жамоанинг рамзига айланишга ҳам муваффақ бўлади.
Раулнинг «Реал»даги дебюти 1994 йилга тўғри келган. У Роналдуга қадар жамоанинг энг яхши тўпурари ҳисобланарди. «Реал» иштирок этган мусобақалардаги шахсий совринлар борасида ҳам унга тенг келиш мушкул эди. Умуман олганда, Мадрид клуби мухлислари учун у ҳар доим садоқат намунаси бўлиб келган.
Бироқ Рауль учун ҳам ҳаммаси ёмон якун топади. У «Реал»даги сўнгги мавсумида жароҳат олиб, асосий таркибдаги жойини йўқотиб қўяди. Жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньо эса унга ротация футболчиси бўлишни ва ўйиннинг сўнги қисмида майдонга тушиб, жамоа аъзоларининг руҳиятини кўтаришга ёрдам беришни таклиф қилади. Аммо Рауль бу таклифни рад этади ва кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун жамоадан кетишга қарор қилади. У икки йилдан «Шальке-04» ва Қатарнинг «Ас-Садд» клубида тўп сургач, фаолиятини «Нью-Йорк Космос»да тугатишга қарор қилади. Кетиши олдидан клуб раҳбарияти уни қўллаб-қувватламайди ҳам.
Гути
542 та ўйин, 77 та гол
«Реал» мухлислари Гутига нисбатан ўзгача меҳр ва илиқлик билан ёндашади, у клуб тарбияланувчиси ҳисобланади ва ҳар доим клубга бўлган садоқатини намойиш этиб келган. Бироқ у ҳеч қачон асосий таркиб футболчиси бўлмаган. Жамоа билан уч марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган бўлишига қарамай, у мусобақа финалларида ҳам майдонга тушмаган. Переснинг ҳар трансфери туфайли Гути доимо сояда қолиб кетаверарди. Бундан ташқари, Гути ўзининг исёнкор кайфияти билан бошқалардан ажралиб турган ва айнан шу сабабли ҳам кўп маротаба клуб раҳбарияти билан низоларга борган.
2010 йилга келиб, Перес Раулнинг кетидан Гути билан хайрлашишга қарор қилганида у шундай деганди: «Клуб Рауль ва мен билан муносиб хайрлашиши керак эди деб ҳисоблайман, бироқ негадир улар биздан тезроқ қутулишга қарор қилди».
Мадридни тарк этгач, Гути Туркияга йўл олди ва у ерда бир мавсум «Бешиктош» шарафини ҳимоя қилиб, бутсаларини михга илди. Худди бошқалар билан бўлгани каби хайрлашув учрашуви ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас.
Икер Касильяс (1999–2015)
725 та ўйин
Рўйхатдаги аксарият футболчилар каби Касильяс ҳам фидойилик рамзи бўлиб келган. Саккиз ёшида клуб академиясига келган Икер 19 ёшидаёқ жамоанинг асосий дарвозабонига айланади ва Чемпионлар Лигаси бош совринига эга чиқади. Кейинчалик у асосий жамоа билан ютиш мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритади – Испания Ла Лигаси, мамлакат кубоги, Чемпионлар Лигаси, клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати ва ҳоказолар. Шунингдек, терма жамоада ҳам у исталган футболчи фақат орзу қилиши мумкин бўлган натижага эришган: у жамоа сардори сифатида икки бор Европа чемпионати ва бир марта Жаҳон Чемпионати совринини боши узра кўтаради. «Реал»да эса сардор сифатида мухлислар билан мулоқот қилиш учун жавобгар ҳисобланган.
Хўш, нима сабабдан афсона клубдан «қувиб юборилди»? Кўпчилик бунга сабаб қилиб 2010/11 йилги мавсумдаги «Эль-Класико»ни кўрсатади. Ўшанда Икер қайлиғи журналист Сара Карбонерога «Реал»нинг асосий таркиби ҳақидаги маълумотни «ошкор қилади» (бунинг ҳақиқат ё ёлғонлиги ҳамон номаълум). Бу эса жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи Жозе Моуриньони ғазаблантиради. Келаси мавсумдан Икер захирада қолиб кетишни бошлайди. Унинг ўрнини Диего Лопес эгаллайди. Афсуски, Моуриньо кетганидан кейин ҳам Касильяс аввалги обрўйини тиклай олмайди. Шу тариқа дарвозабонда жамоани тарк этишдан бошқа чора қолмайди. Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам, «Реал» Икерга бошқача муносабат кўрсатиши адолатдан бўларди.
Хайрлашув матбуот анжуманида Касильяс кўз ёшларини тиёлмаган ҳолда шундай деганди: «‘Реал’ менга нафақат спортчи бўлишни, балки инсон бўлишни ҳам ўргатди. Барча мураббийларимдан жуда кўп нарсани ўргандим. Улар менинг фаолиятим ва ривожланишимнинг асосий қисми эди. Мадридлик мухлисларга қўллаб-қувватлагани, яхши ва ёмон дамларда мен билан бирга бўлгани учун ташаккур. Мени яхши ёки ёмон дарвозабон сифатида эмас, аввало, инсон сифатида ёдга олишларини хоҳлардим. Қаерга борсам ҳам, доимо ‘Hala Madrid’, деб қоламан. Ишончим комилки, келажакда кўришамиз».
2015 йилда Икер Касильяс «Порту»га йўл олади. 2019 йилнинг май ойида «Порту» машғулотларида инфарктни бошдан ўтказади, 2020 йилнинг августида эса фаолиятини якунлайди.
Криштиану Роналду (2009–2018 йиллар)438 та ўйин, 450 та гол
Криштиану Роналду «Реал» тарихидаги энг муҳим футболчилардан бири бўлганини ортиқча таъкидлашга ҳожат йўқ. Айтиш мумкинки, «Реал» ва Роналду бир-бирини янги босқичга олиб чиққан. Роналду 9 йил давомида ўйиндан ўйинга ўсиб борди ва том маънода клубнинг юзига айланди. Жамоанинг катта ғалабаларида ҳам Криштианунинг хизматлари беқиёс. Бироқ Переснинг якка ҳокимликка ташналиги Роналдунинг жамоадан кетишига сабаб бўлди. Томонлар 2018 йилнинг ёзида янги шартнома борасида келишувга эриша олмайди. Роналду эса ортиқча шов-шувларсиз «Ювентус»га йўл олади. Турин клуби унинг трансфери учун «Реал»га 117 миллион евро тўлайди.
Ўшанда барча Перес ўйинчини қўйиб юбориб, катта хатога йўл қўйганини айтганди. Вақт кўрсатдики, Роналду кетгач, «Реал» сезиларли даражада кучсизланди ва жамоанинг самарадорлиги ҳам анча пасайди.
Жамоадан кетишига нима сабаб бўлгани ҳақидаги саволга Роналду янги чақирувларни хоҳлаганидан ташқари, шундай деганди: «Президентнинг мен билан муносабатлари ўзгарганди. У мен билан дастлабки 5 йилдагидек муомала қилмасди. Мен энди алмаштириб бўлмас футболчи эмасдек туюлардим. Шунинг учун кетиш ҳақида ўйладим».
Серхио Рамос (2005–2021)
671 ўйин, 101 та гол
Рўйхатимизнинг (ҳозирча) энг сўнгги вакили Серхио Рамоснинг клубни тарк этишига унинг Перес билан муносабатлари сабаб бўлган. Томонлар 16 йиллик ҳамкорликдан сўнг янги шартнома борасида келишувга эриша олмади. Футболчи эркин агент сифатида «ПСЖ»га йўл олди.
Аммо Рамос ҳам, «Реал» ҳам ортда қолган йиллар, қўлга киритилган ғалабалар ва аламли мағлубиятларни осонгина унутиши қийин. Бироқ Рамос ҳам ўзидан олдинги афсоналар сингари ҳаммасига кўз юмиб, жамоа билан хайрлашишга мажбур бўлди.
Рамос ва Перес ўртасидаги совуқчилик узоқ тарихга эга. Рамос дастлаб Жозе Моуриньо сабаб ўз характерини намойиш қилади. 2013 йилда «Реал» футболчилари Рамос ва Касильяс бошчилигида Перес билан учрашади ва унга ультиматум қўяди. Ҳал қилувчи сўзни Рамос айтади: «Флорентино, июнь ойида ё биз қоламиз, ё Моуриньо».
Ёзда ростдан ҳам Жозе «Реал» билан хайрлашади. Етакчиларнинг ультиматуми сабаб бўлганми, йўқми, аниқ эмас. Чунки ўша мавсумда «Реал» совринларсиз қолганди.
Моуриньо кетиш олди Пересга Касильяс ва Рамосни жамоадан ҳайдаш кераклигини маслаҳат бергани айтилади. Мутахассис Пересга уларда жуда катта ҳокимият борлигини ва бу муаммолар туғдиришини таъкидлайди. Перес 2015 йилдаёқ Рамосдан қутулишга ҳаракат қилади, бироқ бир вақтда ҳам Касильяс, ҳам Рамос билан хайрлашишга жазм этолмайди. 2018–2019 йилларда эса уларнинг муносабати жуда совуқлашиб кетади. Бунга Роналдунинг жамоадан кетиши, унинг ўрнига ҳеч ким олиб келинмагани, Чемпионлар Лигасидаги омадсизликлар ва яна бошқа муаммолар сабаб бўлади. Ҳатто шундан сўнг Рамос Перес билан гаплашмай қўйгани ҳақида ҳам маълумотлар тарқалади. Кейинчалик Перес Рамосни ўз ўғлидек кўриши ва унинг сардорликка лойиқ эканини таъкидлайди. Бироқ 2021 йилнинг ёзига келиб ҳаммаси тугади. Рамоснинг кетиши муносабати билан бор-йўғи матбуот анжуманигина ўтказилди. Рамос эса унда кўз ёшларини яшириб ўтирмади ва шундай деди:
«Мен билан бирга бўлган барчага ташаккур айтаман. Жамоа, президент, мураббийлар ва клуб ходимларига раҳмат айтишни хоҳлардим. Ҳозир сизларга қараб, ўз ҳиссиётларимни ушлаб туролмаяпман. «Реал» билан хайрлашиш вақти келди ва бу ҳаётимдаги энг оғир онлардан бири.
Мухлисларга ҳам раҳмат айтаман. Шу ерда, «Сантьяго Бернабеу»да хайрлашишни истагандим. Бироқ сиз доим менинг қалбимда қоласиз. Ҳаётимдаги энг завқли палла якунланмоқда. Бунақаси энди ҳеч қачон бўлмайди. Ўзимнинг энг юқори даражамни намойиш қилган ҳолда яна бир нечта совринга эга чиқмоқчиман.
Барчага катта раҳмат. Хайрлашмайман, кўришгунча дейман, чунки эртами-кеч қайтаман».
Изоҳ (0)