Январь ойида, АҚШ президенти Жо Байденнинг инаугурациясидан сўнг, Германия канцлери Ангела Меркель у билан телефонда мулоқот қилиш таклифини рад этган. Бу ҳақда The Wall Street Journal воқеадан хабардор манбаларга таяниб ёзди. Ушбу қўнғироқ Байденнинг лавозимига киришгандан кейин чет эл раҳбари билан биринчи телефон суҳбати бўлиши керак эди.

Фото: Getty Images

Меркелга Байден билан суҳбатлашиш таклифи жума куни кеч тушганда берилган, шунинг учун у таклифни рад этган. Ўша пайтда канцлер одатда дам олиш кунларини ўтказадиган шаҳар ташқарисидаги уйида эди, дейди нашр суҳбатдошлари. WSJ ёзишича, Меркелнинг ёрдамчилари  унинг эътиборини қўнғироқнинг рамзий аҳамиятига қаратган, лекин у буни ноўрин деб ҳисоблаб, суҳбатни бошқа кунга белгилашни сўраган.

Байден лавозимга киришганидан кейин гаплашмоқчи бўлган биринчи хорижий раҳбар сифатида Меркелнинг танланиши, Европа билан алоқалар заифлашган Дональд Трамп президентлиги давридан кейин «трансатлантик шерикликка қайтиш» рамзи бўлиши керак эди, деб ёзади WSJ Америка президентининг ёрдамчиларига таяниб.

Жо Байденнинг инаугурацияси 20 январда бўлиб ўтганди. Вазифасига киришгач у Дональд Трампнинг бир қатор фармонларини, жумладан, Канададан АҚШгача чўзилиши режалаштирилган Keystone XL қувурини қуришга берилган рухсатни бекор қилди. Байден чет эл раҳбари билан биринчи телефон суҳбатини 23 январь куни ўтказди. Унинг биринчи суҳбатдоши Канада бош вазири Жастин Трюдо бўлди. Улар Байденнинг Keystone XL қурилишини бекор қилиш ҳақидаги қарорини муҳокама қилди.

Меркель ва Байден 25 январга келибгина телефон орқали гаплашди. Улар коронавирус пандемиясига қарши халқаро чора-тадбирларни муҳокама қилди. Ангела Меркель Европа ва трансатлантик шериклар ўртасидаги ҳамкорликни тиклаш масъулиятини ўз зиммасига олиш истагини билдирган.

15 июль куни эса Жо Байден ва Ангела Меркель Оқ уйда учрашиб, АҚШ ва Германия ўртасидаги шериклик тамойиллари, демократик қадриятлар ва Европа яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича Вашингтон декларациясини қабул қилди.