Бугун,

  • USD 10920.28
  • RUB 177.49
  • EUR 11052.42

«Сен одам бўлмайсан!». Ушбу  сўзлар нафақат карьера, балки бутун ҳаётни ҳам барбод қилиши мумкин. Аксарият инсонлар умри давомида бу иборани кўп эшитган ва унинг қанчалар оғир ботганини ҳам яхши эслайди. Шунинг учун бундай сўзларни айтганда, бир кун қаттиқ афсусланиб қолишни унутмаслик лозим. Масалан, режиссёрлардан бири Харрисон Фордга ҳеч қачон кино юлдузи бўла олмаслигини айтган. Ёки RSO Records лейбл бошлиғи Боно билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган, орадан кўп ўтмай лейбл ўз фаолиятини тўхтатган, У2 гуруҳи эса рейтингнинг энг юқори поғонасига кўтарилган. Шунинг учун ҳам рад этилганда дарров таслим бўлмаслик керак. Қуйида имконият берилмаган бўлса-да, олға интилган 12 та юлдузнинг рағбатлантирувчи ҳикоясини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Риз Уизерспун

Фото: «Film.ru»

Голливуднинг энг муваффақиятли актрисаларидан бири карьерасининг бошида катта қийинчиликларга дуч келган. Актриса ҳаттоки бир маротаба ролдан ҳам қуруқ қолган, чунки бош ролни ижро этган актёр унинг ўрнига бошқа партнёрни афзал кўрган. Яна бир қанча рад жавоблар актрисанинг паст бўйи, ўта шаддодлиги ҳамда ёш аёл образини ижро этиш учун ҳам жуда ақлли кўриниши билан боғлиқ эди.

«Бу рад жавоблар мени қаттиқ ранжитган эди, уларни ҳисобимга олиб қўярдим ва 20 ёшимда тез-тез юракдан йиғлаб юборардим», – деб ёзади Риз ўзининг Instagram саҳифасида. Аммо яқинда Forbes уни дунёнинг энг бой актрисаси деб топди. Журналистлар Уизерспуннинг бойлигини 400 миллион долларга баҳолаган.

Харрисон Форд

Фото: AdMe

1966 йилда ёш актёр «Карусел устидаги ўлдирувчи жазирама» фильмида эпизод ролни ижро этган. Форд бу иши учун 150 доллар олган ва режиссёр унга ҳеч қачон юлдуз бўла олмаслигини айтган. Орадан 15 йил ўтиб, Харрисон аллақачон «Юлдузлар жанги» картинасидаги Хан Соло роли туфайли машҳурликка эришиб бўлганида, бир вақтлар унга қизил чизиқ тортишга тайёр бўлган режиссёрни ресторанда учратиб қолади. Шунда официантлардан бири актёрга «Қозониладиган муваффақиятни бой бердим» деб ёзилган қоғозни тутқазади. «Мен ортимга ўгирилдим, аммо ташриф буюрганларнинг орасида қайси бири режиссёр эканлигини аниқлай олмадим», – дейди Форд интервьюларининг бирида.

Жижи Ҳадид

Фото: Pinterest

Эндигина 26 ёшга кирган Жижи машҳур ва жуда муваффақиятли супермодель. Лекин у бир пайтлар волейбол билан жиддий шуғулланган, шу туфайли унинг мушаклари бўртиб кетган. Бу Жижининг ўзига ёқса-да, машҳур журналларнинг муқоваларида пайдо бўлиш ва подиумда юришни хоҳлаганида, унга жуда ҳам кўп вазн йўқотиши кераклигини тавсия қилишади.

«Туни бўйи йиғлар эдим. Онам бизга керакли агентликни топамиз, дер эди ва топди ҳам». Жижи 2011 йилда IMG Моdels билан шартнома тузишга муваффақ бўлган, шу билан бирга, ўз вазнини ҳам сақлаб қолган.

Линкин Парк

Фото: AdMe

Йўлнинг бошида амбицияли жамоа жиддий қабул қилинмаган. Улар 43 марта овоз ёзиш студияларидан рад жавобини эшитган, лекин таслим бўлмаган. Warner Bros. Records мусиқачиларга услубни классик рокка алмаштиришни маслаҳат берган, лекин гуруҳ рози бўлмаган. Охири Линкин Парк Hybrid Theоry альбомини тақдим этди ва у 2001 йилнинг энг кўп сотилган альбомига айланди.

Вайнона Райдер

Фото: AdMe

Нозик ва қорамағиз қизга қачонлардир актрисаликка тўғри келмаслигини, чунки у чиройли эмаслигини айтишган. У кастингда режиссёрдан бу каби оғриқли сўзларни эшитганида 15-16 ёшда эди. Кейин ҳам Вайнона буни бир неча бор эшитди, лекин руҳиятини туширмади, чунки ота-онаси туфайли у гўзал бўлишдан кўра инсон бўлиш муҳимроқ эканини биларди. Натижада кўпчилик Френсис Форд Копполанинг «Дракула» фильмида Райдернинг ижросига қойил қолди.

Канье Уэст

Фото: Pinterest

Канье Уэстнинг ўзи реп куйламасидан аввал муваффақиятли продюсер бўлган. Аммо ҳеч ким унинг реп ижрочиси сифатида кўришига ишонмасди, ҳатто мусиқачи овоз ёзиш студияларидан бир неча маротаба рад жавобини олган. Бир куни Деф Жам лейбли мусиқачи билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди. Натижада Уэст 22 та «Гремми» мукофотини қўлга киритди ҳамда ғолиб бўлган номинациялар, ҳип-ҳоп мусиқачилари ва ёши санъаткорлари орасида рекорд ўрнатди.

Летиция Каста

Фото: Pinterest

Биографик маълумотларга қараганда, француз модели ва актрисаси карьерасини ноаниқ тарзда бошлаган. Агентликлардан бирининг фотографи Корсикада оиласи билан дам олаётган 15 ёшли Летицияни кўриб қолган. Биринчи муваффақиятли фотосурат кастингидан бир неча ҳафта ўтгач, қиз подиумда юриб, Жан-Поль Готе кийимларини намойиш этган. Аммо моделнинг ўзи унинг ташқи кўринишини  тез-тез танқид қилишганини эслайди. У стандарт ўлчовлардан – баландлиги 172 см ва қомати билан фарқ қилар эди. «Мен моделлик фаолиятимни бошлаганимда ҳамма мени ўзгартиришга уринди: улар мени жуда семиз ва кичкина, деб билди. Шунингдек, тишимни ҳам тўғрилашга ҳаракат қилишди. Мен эса ўзлигимча қолишдан фахрланаман».

Клинт Иствуд

Фото: AdMe

Ажойиб актёр ва режиссёрнинг кекирдаги ҳаддан ортиқ бўртиб чиқиши туфайли карьераси бошланмасданоқ тугади. Иствуднинг ҳамкасби Берт Рейнолдс Universal Pictures кинокомпанияси 1959 йилда иккисининг шартномаси ҳам қандай бекор қилинганини эслайди: «Клинт ишдан бўшатилди, чунки унинг кекирдаги жуда бўртиб чиқиб кетганди. Шунингдек, у жуда секин гапирарди ва тиши ҳам синган эди». Мен студиядаги ходимлардан «Нима учун мени ишдан бўшатдингиз?» деб сўраганимда, «Сиз қандай ўйнашни билмайсиз», деб жавоб қайтаришди. Шундан сўнг Рейнолдс Иствудга кекирдакдан ҳеч қачон қутула олмаслигини, аммо актёрлик маҳоратини ўрганиши мумкинлигини айтди. Натижада ишдан бўшатилганлар ҳам ҳақиқий юлдузга айланди.

Шакира

Фото: AdMe

Бир қанча мусиқий мукофотларнинг ғолибаси бир вақтлар мактаб хорига қабул қилинмаган. Мусиқа ўқитувчисига Шакиранинг овози ёқмаган, у қизнинг овозини эчкининг маърашига ўхшашини айтган. Бир неча йил ўтгач, қўшиқчи Hips Don’t Lie таронасини чиқарди, бу XXI асрнинг энг кўп сотилган альбомига айланди.

Жизель Бюндхен

Фото; AdMe

«Яхши ниятли инсонлар» туфайли дунёнинг энг машҳур моделининг карьерасини барбод бўлишига бир бахя қолган. Унга 14 ёшида ҳеч қачон шоу-бизнесда муваффақият қозонмаслигини айтишган, чунки унинг кўзлари жуда кичкина, бурни эса катта эди. 2016 йилда Жизель Бюндхен энг кўп йиллик даромадга эга модель сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди.

U2

Фото: AdMe

1979 йилда RSO Records лейбл раҳбари Александр Цинклер 19 ёшли Бонога рад жавобини ёзди ва юборилган тарона ҳозирги пайтда  мос келмаслигини таъкидлади. Бир йил ўтгач, U2 гуруҳи Island Records билан шартнома имзолади, Rolling Stone версиясига кўра, тез орада чиқарилган Boy альбоми «Ҳамма вақтнинг энг буюк 500 та альбоми»га киритилди. RSO Records 1983 йилда фаолият юритишни тўхтатди. Худди шу йили У2 ўзининг учинчи Wаr альбомини чиқарди.

Тайра Бенкс

Фото: Nicki Swift

Бенкс моделлик билан 15 ёшидан бери фаолият юритиб келган, лекин 21 ёшга тўлганида агентлик қизнинг семириб кетганини ва кўплаб дизайнерлар у билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганини маълум қилган. Хафа бўлган Тайра диета қилишни хоҳлайди, лекин онаси пицца ейишни буюради. У қизини моделлик учун очидан ўлишни хоҳламас эди. Бироз вақт ўтиб, Victoria’s Secret Тайра билан 10 йиллик шартнома тузади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар