«Сардор» сериалидаги курсант Ботир Розиқов роли билан машҳурликка эришган актёр ва тадбиркор Жамшид Арслонов «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Жамшид Арслонов  «Сардор» сериалидан кейин суратга тушмагани, гонорарини актёр Карим Мирҳодиевникидан ҳам қиммат қилиб қўйишига сабаб бўлган кўнгилсизлик ҳақида гапириб берди.

«Сардор» сериалини суратга олиш вақтларида энди уйланган эдим. Съёмка жараёнларида аёлим ҳомиладор эди.

Бир куни суратга олиш ишлари эрталаб соат 8 дан бошланди. Суратга олиш бошланиши билан тиндирмасдан соат 13:00 гача суратга олишди. Oлдинлари суратга олиш ишлари бу қадар жиддий бўлмасди. «Кечаги ‘съёмка’да нимадир ёқмайдиган иш қилиб қўйдимми», деб ҳам ўйладим.

Режиссёр ‘съёмка’ тугади, деганида «ҳамма табриклаймиз, ўғилли бўлдинг», дейишди. Бир томондан хурсандман, бир томондан ҳали вақтли-ку, 1 июнь кунига кутаётгандик-ку, дейман. Съёмкада «тез уйингга бор», дейишди.

Уйга келганимдан сўнг билсам, аёлимнинг мазаси бўлмасдан, қон йўқотиши натижасида муддатидан аввал операция билан туғруқни амалга оширишган, фарзандим эрта туғилган чақалоқлар вакуумида экан. Боламни кўрдим, аёлим шошилинч бўлимда бўлгани учун олдига киришга қўйишмади. «Кечки пайт келсангиз, кўрасиз», дейишди.

У вақтда 21 ёш бўлганман, барибир ёш бўлганмиз-да. Кечки пайт келганимда аёлимни кўрибман, аммо «болам яхшими», деб сўрамабман. Аёлимга дори дейишди, у дейишди, олиб келиб бердим. Эртаси куни эрталаб ‘съёмка’да ўғлим борлиги эсимга тушибди. Кейин сўрасам, «сен келиб, чиқиб кетишинг билан ўғлингнинг жони узилган», дейишди.

У вақтда ёшмиз, Аллоҳни ҳозиргидек танимаганмиз. Ҳозирги кунда нима бўлса, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳдан деймиз. У вақтда эса агар уйда бўлганимда, аёлимни вақтида шифохонага олиб борганимда, балки фарзандимни сақлаб қолармидим, балки бунақа бўлмасмиди, балки, балки, балки…Ваҳоланки Аллоҳнинг иродаси билан ундай бўлиши керак эмас, чунки биринчи фарзандимга умр берилмаган.

«Сардор» сериалидан кейин фильмларга кўп таклиф бўлди. Аммо ‘съёмка’лардан жуда кўнглим қолганди. «Мен Чирчиқда ‘съёмка’да бўлмаганимда фарзандим шундай бўлмасди», деб ўйлаб, келган таклифларга ўша вақтларда энг гонорари катта актёр Карим Мирҳодиев бўлса, мен улардан кўра каттароқ пулларни айтганман. Аслида «кинога чақирмасин», деб қилганман бу ишни, аммо кўплар «Жамшид юлдуз бўлиб кетиб, юлдузлик касалига чалинган»га йўйишди. Лекин мен хоҳлаганимга эришиб, шундан сўнг анча йиллар ‘съёмка’ларга чиқмадим.

Жамшид Арслонов, актёр

Маълумот учун, Жамшид Арслонов 1978 йил 13 май куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. «Занжир», «Сардор», «Чемпионлик орзуси» сериаллари ҳамда «Отамдан қолган далалар» фильмида бош ва турли даражадаги ролларни ижро этган. Жамшид Арслонов «Сардор» сериалида курсант Ботир Розиқов роли билан машҳурликка эришган. «Сардор» сериали 1999—2000 йилларда суратга олинган.