Ўзбекистон футзал терма жамоаси Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичи 3-тури доирасида 18 сентябрь, шанба куни Мисрга қарши баҳс олиб борди.

Фото: Getty Images

Учрашув тезкор гол билан бошланди. 2-дақиқада Ҳусниддин Нишонов кучли зарбаси билан ҳисобни очди. Биринчи бўлим якунида эса Мустафа Эид ўзбекистонлик футзалчиларнинг хатоси туфайли мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди.

34-дақиқада Анасхон Раҳматов ён чизиқдан оширилган тўпни супер зарбаси билан мисрликлар дарвозасига жойлаб қўйиб, Ўзбекистонга ғалаба келтирди.

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида РФИ (Россия) Гватемалани 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шу тариқа Ўзбекистон B гуруҳида 3 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Дастлабки икки баҳсда Ўзбекистон РФИ (2:4) ва Гватемалага (4:5) мағлуб бўлганди.

Фото: «Спорт ТВ»

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон футзал терма жамоаси ўз тарихида илк марта Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига йўл олди. Ўзбекистон 2016 йили Колумбияда ўтган ўзининг биринчи Жаҳон чемпионатидаги иштирокини гуруҳ босқичида якунлаганди.

Терма жамоа 1/8 финалда F гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоа билан баҳс юритади. F гуруҳида ҳозирда Аргентина ва Эрон терма жамоалари 6 очкодан жамғарган. Гуруҳ ғолиби 20 сентябрь куни бўлиб ўтадиган баҳсда аниқ бўлади.

ЖЧ—2021

3-тур баҳси

18 сентябрь, шанба

Ўзбекистон — Миср 2:1

Голлар: 1:0 — 2 Нишонов, 1:1 — 19 Эид, 2:1 — 34 Раҳматов.

Ўзбекистон: Равшан Элибоев, Ихтиёр Ропиев, Илҳом Ҳамроев, Ҳусниддин Нишонов, Даврон Чориев.

Захира: Рустам Умаров, Аббос Элмуродов, Анасхон Раҳматов, Машраб Одилов, Музаффар Аҳаджонов, Дилшод Раҳматов, Акбар Усмонов, Хушнур Эркинов, Суннатилла Жўраев.