Шавкат Мирзиёев кибермакондаги замонавий таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб қайтариш учун ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар форумини таъсис этиш тўғрисида ташаббус билан чиқди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида ўтган мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар етакчилари – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Хитой раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон бош вазири Имрон Хон ва Россия президенти Владимир Путин иштирок этди.

Ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлардан Беларусь президенти Александр Лукашенко, Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурельсух, фахрий меҳмон сифатида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қатнашди.

Шунингдек, тадбирда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти, Евросиё иқтисодий иттифоқи, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ижроия органларининг раҳбарлари иштирок этди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолиятининг асосий якунлари ҳамда кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бугунги халқаро муносабатларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг роли ошиб бораётганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўтган даврда ШҲТ халқаро сиёсатнинг муҳим субъектига айланди, нуфузли халқаро тузилмалар қаторида муносиб ўрин эгаллади. «Шанхай руҳи» тамойиллари асосида минтақавий шериклик мустаҳкамланиб бормоқда. Янги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги умумий салоҳият ортиб бормоқда, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлигимиз кенгаймоқда», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари иштирокчилар эътиборини ШҲТ кун тартибида турган долзарб масалаларга қаратди ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан аниқ таклифларни илгари сурди.

«Бугун барчамиз жаҳонда ва минтақада кескинлик ортиб бораётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Пандемиянинг салбий оқибатлари сақланиб қолмоқда. Буларнинг барчаси биздан ташкилотимиз доирасида янада жипслашишимизни ва бир-биримизни қўллаб-қувватлашимизни талаб қилмоқда», – деди Президент.

Ўзбекистон етакчиси умумий хавф-хатар ва таҳдидларга ўз вақтида ва биргаликда жавоб қайтариш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТ маконида дўстликни мустаҳкамлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

ШҲТ доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш мақсадида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023–2027 йилларга мўлжалланган комплекс дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон Президенти савдо тўсиқларини бартараф этиш, техник регламентларни яқинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳамда ўзаро бозорларга чиқишни енгиллаштиришни назарда тутадиган Минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг бизнес ҳамжамиятлари вакиллари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш масалаларини ҳар томонлама кўриб чиқиш учун келгуси йилда Ўзбекистонда ШҲТ Иқтисодий форуми ва Саноат янгиликлари ҳафталигини ўтказиш режалаштирилмоқда.

ШҲТ саноат кооперацияси дастурини тез фурсатда қабул қилиш ҳамда аъзо давлатлар ҳудудида индустриал кооперация марказларини ташкил қилиш муҳим экани қайд этилди.

Ўзбекистон етакчиси транспорт боғлиқлигини ривожлантириш бўйича ШҲТ стратегиясининг қабул қилиниши мамлакатлар транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ҳамда «Шарқ–Ғарб» ва «Шимол–Жануб» йўлаклари тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«ШҲТ маконида инфратузилмавий тараққиёт бўйича узоқ муддатли дастурни биргаликда тайёрлаш ташаббусини илгари сурамиз. Унга энергетика, коммуникациялар, ‘яшил’ тараққиёт соҳаларида трансчегаравий лойиҳаларни киритиш мумкин», – деди Шавкат Мирзиёев.

Камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларининг долзарб аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Президенти бу борада вазирларнинг учрашувлари ва экспертлар маслаҳатлашувларини мунтазам ўтказиш механизмини жорий қилиш таклифини илгари сурди.

Минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш мақсадида саммит иштирокчиларининг эътибори ШҲТ маконида ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирларининг учрашувларини қайта тиклаш муҳим эканига қаратилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев кибермакондаги замонавий таҳдид ва хатарларга муносиб жавоб қайтариш учун ШҲТнинг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар форумини таъсис этиш тўғрисида ташаббус билан чиқди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биз ‘халқ дипломатиясиъда биргаликда эришилган натижаларни ижобий баҳолаймиз. Қўшма маданий, фан-таълим, спорт ва бошқа тадбирларни фаоллаштириш мақсадида ’ШҲТ Эзгу ният элчиси’ институтининг таъсис этилиши тарафдоримиз», – деди Президент.

Бундан ташқари, мамлакатларнинг туризм соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисида ҳукуматлараро битимни тайёрлаш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон етакчиси яна бир долзарб мавзу – юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш, ковиддан кейинги реабилитация соҳаларидаги ҳамкорлик, вакцинация тўғрисидаги сертификатларни ўзаро тан олиш масалаларига тўхталди.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларини 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитига таклиф этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мажлис якунида ШҲТнинг 20 йиллиги бўйича Душанбе декларацияси қабул қилинди, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 30 та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, ШҲТ Бош котиби лавозимига Чжан Мин ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директорлигига Руслан Мирзаев номзодлари тасдиқланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Афғонистондаги вазият бўйича ўтказилган «Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти» форматидаги учрашувда ҳам иштирок этди.