«Миллий» телеканалида эфирга узатилган «Дайди қизнинг дафтари» телесериали қисқа фурсат ичида томошабинлар эътиборини қозонди. Унда бош ролни ижро этган Фотима Бердиева Тахмина образи кинодаги дебюти бўлишига қарамай, ўз ишини маҳорат билан уддалаган, дейиш мумкин. Журналист Наргиза Муродова актриса билан интервью ташкиллаштирди.

Фото: Instagram / @el_fateem

Болалигимдан санъатга қизиққанман. Оиламизда санъаткорлар бўлмаганлиги боис қизиқишимни аввалига қўллаб-қувватлашмаган. Жуда кўп кастингларда иштирок этганман. Афсуски, баъзи режиссёрлар кўзим «гапирмаслиги», бошқалар иқтидорли эмаслигим сабаб ролларга тасдиқлашмаган. Энг ёмони, бош роль учун 1500 АҚШ доллари сўрашган ёки ётоқ таклиф этган пайтлари ҳам бўлган. Ана шу воқеалардан сўнг ҳаётимни бошқа соҳа билан боғлашга қарор қилганман. Киев шаҳрида иқтисод йўналиши бўйича ўқидим. Аммо бу соҳада ишлолганим йўқ.

Фото: Instagram / @el_fateem

Тахмина ролига қандай танлангани ва буни оила аъзолари қандай қабул қилгани ҳақида

«Уммон» гуруҳининг «Қўғирчоқ» ва Жасур Мавлоновнинг «Майин майин» клипларида суратга тушганимдан сўнг, ўзимни яна бир бор сериалларда синаб кўришга қарор қилдим. Тахмина роли учун талабгорлар жуда кўп эди. Улар орасидан ёшим ва ташқи кўринишим ролга мос келгани учун каминани танлаб олишди.

Ростини айтсам, сериалда суратга тушганимдан бироз афсусландим. Чунки уни бирор марта оила аъзоларим орасида кўролмадим. Баъзи саҳналардан уяламан.

«Киев кўчаларида оч-наҳор юриб, официант бўлиб ишлашга мажбур бўлганман»

Киевга яқин танишимга ишониб, ўқишга борганман. Унинг уйида туриб институтга ҳужжат топширишим керак эди. Лекин тушунмовчилик сабаб уйидан чиқиб кетишимга тўғри келган. Ўша куни то тонггача Киев кўчаларида чамадон судраб юрганман. Институт шартномаси учун берилган пулни ишлатишни истамай, оч қолишга ҳам рози бўлганман. Энг ёмони, рус тилини ҳам яхши билмасдим. Кунлик ижара уйга жойлашганман. Уч хонали уйда 30 дан ортиқ одам яшар экан. Бир неча кун ўша ерда яшаб, институтга ўқишга кирганман.

Мусофирчиликда ўқиш осон эмас. Пулдан қийналган пайтларим жуда кўп бўлган. Шу боис 18 ёшимдан бошлаб ошхонада официант бўлиб ишлаганман.

Foto: Instagram

«Санъатдаги карьерам ниҳоясига етди»

Санъат — хоббим. У билан ҳаётимни боғлаш ниятим йўқ. Келажакда оддий ўзбек аёллари сингари оилани танлаб, болалар тарбияси билан шуғулланишни истайман. Менимча, «Дайди қизнинг дафтари» сериалидан сўнг санъатдаги карьерам ўз ниҳоясига етади.

Foto: Instagram

«Тахмина эмас, Фотимаман»

Мен Тахмина эмас, Фотимаман. Яшаш шароитим, феъл-атворим ва фикрларим ҳам образимдан бутунлай фарқ қилади. Мен Тахминадек содда ва ишонувчан эмасман. Шу боис негативларга эътибор бермайман. Кейин баъзи интернет фойдаланувчилари хорижга турмушга чиқаётганимни ҳам танқид қилишяпти. Инсон ўзи истаган ва ишонган инсони билан оила қуришга ҳақли. Танлаган инсоним бокулик. У ердаги одамларнинг фикри бизникидан анча фарқ қилади. Ўтмиш анъаналарига содиқ қолган миллат ҳисобланишади. Шу боис одамлар мени енгил ҳаётга интилишда айблашга шошилмасликлари керак.

Маълумот учун, Фотима Бердиева 2000 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Оилада тўрт ўғил ва бир қиз. Дебют ролини «Дайди қизнинг дафтари» сериалида ижро этди.