2001 йил 11 сентябрь (9/11) терактларидан сўнг, АҚШ глобал терроризмга қарши уруш эълон қилди. Жумладан, Қўшма Штатлар бошлиқ халқаро коалиция кучлари 7 октябрь куни Афғонистонга бостириб кирди — 11 сентябрь фожиаларининг ташкилотчиси деб кўрилган «Ал-Қоида»нинг асосий кучлари айнан шу ерда, улар эса «Толибон» паноҳи остида эди. Айнан шу лаҳзадан ушбу жараёнга Ўзбекистон ҳам тортилди.

«Қарши—Хонобод» базасидаги C-130 ҳарбий-транспорт самолётлари (архив сурати).

Фото: Master Sgt. Scott Sturkol / U.S. Air Force

Афғонистон ҳудудидаги операцияларни авиация орқали қўллаб-қувватлаш, Америка қўшинларини озиқ-овқат ва ҳарбий мулклар билан таъминлашни ташкил этиш мақсадида АҚШ Ўзбекистондаги Қашқадарёдаги «Қарши—Хонобод» авиабазасини ижарага беришни сўраган. Икки мамлакат ўртасида айнан 2001 йил 7 октябрь куни имзоланган (.pdf) ва 2005 йилга қадар амалда бўлган келишувга мувофиқ, Хонободга АҚШнинг C-130 ҳарбий-транспорт самолётларидан иборат эскадриля, 10 га яқин Black Hawk вертолётлари ва 1,5 мингга яқин ҳарбий хизматчи жойлаштирилган.

2001—2005 йилларда Хонобод авиабазасида яшаб, фаолият юритган америкалик ҳарбий хизматчилар ўзбекистонликлар, хусусан, хонободликлар ҳаётига қай даражада таъсир қилган? Хонободликлар ўша йиллардаги воқеаларни қандай ёдга олади? Шу саволларга жавоб топиш мақсадида «Дарё» мухбири Қарши туманидаги Хонобод қишлоғида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди.

Инглиз тили мактаби ва ЭКИҲнинг 60 баробари миқдоридаги маош

Хонободлик Наргиза Юсупова авиабазада иш бошлаган вақти энди мактабни битирган бир қизалоқ эди. У ишни оддий кир ювувчиликдан бошлаб, кейинчалик таржимон бўлиб ишлаган, маоши ўша вақтдаги энг кам ойлик иш ҳақи (3 430 сўм)нинг салкам 60 баробарига (ҳозирги ҳисоб бўйича, тахминан, 16 миллион сўмга) тенг бўлган.

Хонободдаги база ишчилари

Фото: Наргиза Юсупованинг шахсий архивидан

«Педагогика коллежида сиртқи ўқиш баробарида ҳафтасига олти кун ишлардим. Ўша пайтда 200 минг сўм ойлик олганман. Оиламга кўп ёрдамим теккан. Раҳбарларимиз ишимизни қадрлаб, ҳурмат қилишарди. Бир марта туғилган кунимда конвертда ўша вақт учун катта бўлган миқдорда доллар совға қилишганди. Ҳатто ўша йили ўқишимнинг контрактини ҳам тўлаб беришган», — дейди у.

Наргиза Юсупованинг қўшимча қилишича, 2001—2005 йилларда авиабазадаги иши баҳона инглиз тилини ўрганган, ҳозир ҳам бу тилда бемалол гаплаша олади. «Бугунги кунда фарзандларимнинг инглиз тили дарсларига кўмаклашаман, болаларим ҳам инглиз тилида сўзлаша олади», — дейди суҳбатдош.

Хонободликларни ишга олиб, АҚШ ижарага олган база ходимлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйган собиқ «Ёшлик» фирмаси масъулларидан бирининг маълумот беришича, Хонобод авиабазасида ўша йиллари 1,5 минг ўзбекистонлик ишлаган бўлса, шундан 600 нафари хонободликлар эди.

Фото: «Дарё»

«Тан олиш керак, шу иш сабаб аксарият хонободликлар оиласига даромад кирди, кимдир тўй қилган бўлса, яна кимдир ўқишга кирди. Шахсан ўзим уларнинг ошхонасида ишлаб, яхшигина маош олганман», — дейди хонободлик Баҳодир Пирназаров. Ҳозир шу қишлоқдаги мактабда ўқитувчилик қилаётган Назира Холова ҳам ўша вақтда авиабазада бир йил ошпаз бўлиб ишлаганлардан.

«Мактаб ўқитувчиси сифатида фаолият юритганман. Кейинчалик бу ишга таклиф бўлгач, ҳарбий базада ошпаз сифатида бир йилга яқин ишлаганман. Ўша пайтда ишим учун 75 минг сўмдан 100 минг сўмгача маош тўлашган. Ошхонада бир вақтнинг ўзида 500—600 кишига мўлжал қилиб овқат пиширардик. АҚШ ҳарбийлари кўпроқ ўзбек оши ва сомсасини яхши кўрарди, шу овқатни кўп сўрашарди», — дейди Холова.

Назира Холова.

Фото: «Дарё»

Назира Холованинг мактабдаги ҳамкасби Дилором Қодирова ҳам Хонобод авиабазасида таржимон бўлиб ишлаган. «АҚШ ҳарбийларининг кийимини ювиб берувчи ‘химчистка’да таржимон бўлиб ишлаганман. Ўша пайт иш сабаб инглиз тилини мукаммал ўрганиб, кейинчалик институтга ҳам кирганман», — дейди ҳозирда инглиз тили ўқитувчиси сифатида ишлаётган Дилором Қодирова.

Аёллар америкаликларнинг ўзбекистонликларга бўлган муносабати, айниқса, хотин-қизларга ҳурмат билан қараганини илиқ хотирлайди. «Авиабазада ишлаган ҳамкасблар билан Оналар куни ва Янги йил байрамларини бирга нишонлаб, уларнинг аёлларга, оналарга бўлган ҳурмати менда катта таассурот қолдирган», — дея қўшимча қилди Назира Холова.

Уйлар деворини бузган, сигирларни қўрқитган, товуқларни тухумдан қолдирган шовқин

Хонободликларнинг ҳаммаси ҳам АҚШ ҳарбий базаси фаолият юритган даврни илиқ хотиралар билан ёдга олмайди. Масалан, Икром Юсупов АҚШнинг пастлаб учадиган катта самолётлари аҳолининг тинчи ва мулкини бузганини таъкидлайди. Уйлар таъмирталаб ҳолатга келиб қолаётгани ҳақида масъулларга, ҳатто авиабазанинг америкалик раҳбарларига ҳам айтилган, бироқ ҳеч ким аҳолига ёрдам қўлини чўзмаган.

C-130 ҳарбий-транспорт самолёти «Қарши—Хонобод» авиабазасидан учиб кетмоқда.

Фото: USAF / Sgt. Scott T. Sturkol

«Мен АҚШ ҳарбийлари Хонобод халқига қандай фойда келтирганини билмайман, аммо катта-катта самолётларнинг учиб-қўниши аҳоли уйларининг деворлари ёрилишига сабаб бўлганини яхши эслайман. Бу базага келган самолётлар жудаям катта эди. Қолаверса, паст учарди. Шовқини одамларнинг безовта бўлишига сабаб бўлиш билан бирга, товуқларнинг тухум қўйишдан тўхташига, молларнинг бола ташлашига сабаб бўлган», — дейди Икром ака.

Икром Юсупов.

Фото: «Дарё»

Унинг таъкидлашича, у бу ҳақда бундан салкам 18 йил аввал — 2003 йили Хонободга келган мухбирларга ҳам айтиб берган. «Ўша пайт кўпчилик бу ноқулайликлардан норози бўлиб, ҳатто президентга ҳам шикоят қилган. Шундан сўнг, улар Хонободдан чиқиб кетганди», — дейди Икром Юсупов (қайд этиш жоиз, Хонободдаги АҚШ ҳарбий базаси 2005 йил майида Андижонда юз берган қонли воқеалардан сўнг, АҚШ томони Ўзбекистон ҳукуматидан воқеаларни мустақил тергов қилишни талаб қилганидан сўнг ёпилган эди).

Самолётлар аниқ белгиланган соатларда учиб-қўнмагани боис, одамлар ухлаб ётган ярим тунда ҳам бирдан шовқин кўтарилиб кетарди. «Кечаси ухлаб ётган жойимизда шовқин-сурон кўтариб самолёт учиб қоларди ёки, аксинча, қўнарди. Кундуз кунлари ҳам уйимизнинг тепасидан учиб ўтарди. Нафақат моллар қўрққан, одамлар ҳам жуда қўрқарди. Боиси, овози, шовқини жуда баланд эди», — дейди хонободлик Бекмирза Жумаев. Айтишича, ўша вақтда унинг уйи деворлари ҳам ёрилиб кетган.

Радиация?

Дональд Трамп АҚШ президенти сифатидаги ваколати тугашига бир кун қолганида, 2021 йилнинг 19 январь куни 2001—2005 йилларда Ўзбекистондаги «Қарши—Хонобод» авиабазасидаги хизмат қилган америкалик ҳарбий хизматчиларнинг соғлиғини текшириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бунга ушбу ҳарбий хизматчилар Ўзбекистондаги авиабазада хизмат олиб бориш давомида заҳарли моддалар ва радиация таъсирига учраган бўлиши мумкин, деган тахминлар сабаб бўлганди. Ўшанда Хонобод авиабазасида хизматда бўлган америкаликларнинг камида 61 нафари саратон касаллигига чалингани ёки шу касаллик туфайли вафот этгани таъкидланган эди.

«Қарши—Хонобод» авиабазасидаги америкалик ҳарбий хизматчи, 2002 йил, май.

Фото: Associated Press

АҚШ томонининг ушбу ахборотидан сўнг Ўзбекистоннинг бир қатор ваколатли органлари ҳудудда радиация йўқлиги, ҳарбий қисм ёнида жойлашган маҳалла аҳолиси соппа-соғ экани, тиббий кўрик натижаларига кўра уларнинг ҳаммаси соғлом бўлиб чиққани ҳақида баёнот берганди. Шунингдек, Олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғи Абдулла Ҳамроев «Дарё» мухбири билан суҳбатда: «Авиабаза яқинидаги маҳалла аҳолисини ҳам мониторинг қилдик. Бир-иккита саратонга чалинганлар чиқди. Бу нормал ҳолат, табиий касал бўлган», — дея маълум қилганди.

«Дарё» мухбири Хонободга сафари давомида маҳаллий аҳолининг бу борадаги фикрлари билан қизиқди — ҳамма бир-бирини танийдиган қишлоқ жой, бирор шубҳали ҳаракат, жумладан, шубҳали касаллик ҳам эътибордан четда қолмаслиги тайин; расмийлар ниманидир яширган деган тахмин бўлган тақдирда ҳам, элнинг оғзига элак тутиб бўлмайди. Хўш, авиабаза сабаб бирор касаллик тарқалганми, кимдир хасталанганми? «Айнан шу сабаб бирор бир касаллик тарқаганини билмайман ва эшитмаганман ҳам», — дейди Бекмирза Жумаев.

Бекмирза Жумаев.

Фото: «Дарё»

«Қарши—Хонобод» бугунги кунда фақат ва фақат Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланиб келаётган авиабазадир.

Муаллиф:Отабек Қўлдошев