Қашқадарё ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев раҳбарлигидаги бўлимда котибият мудири вазифасида ишлаб келган Жамшид Раҳмонқулов Қарши шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Раҳмонқулов Жамшид Алиқулович бугун, 2021 йилнинг 8 сентябридан Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоевнинг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлаган.
Таъкидланишича, Жамшид Раҳмонқулов 1987 йил Қарши шаҳрида туғилган бўлиб, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлаган. Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутати сифатида фаолият олиб боради.
Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Умид Жабборовнинг «Дарё»га қўшимча қилишича, айни кунга қадар шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида лавозимга ўтирганига энди бир йил бўлган Ҳасан Турдиев фаолият юритган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Ҳасан Турдиевнинг ишдан олиниши ва унга сабаб бўлган ҳолатни очиқламаган. Бироқ аниқланишича, Турдиев фаолияти давомида йўл қўйган камчиликлари сабаб ишдан кетган бўлиши мумкин. Ишдан олинган Ҳасан Турдиевга иш берилмаган.
Изоҳ (0)