Тошкент шаҳри Чилонзор туманида болаларга ноқонуний диний таълим берган эркак жаримага тортилди, дея хабар бермоқда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, профилактик тадбир давомида А.B. ўз уйида 3 ой давомида тегишли рухсатсиз болалар учун диний адабиётдан фойдаланган ҳолда дарс ўтган. Эркакнинг муқаддам судлангани аниқланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга йўналтирилган.
Суд фуқарога нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима тайинлаган.
Бундан аввал Тошкентда вояга етмаганларга ноқонуний диний таълим берган йигит 15 суткага қамалгани, Қашқадарёда 13 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланган она-бола аниқлангани ҳамда Тошкент вилоятида 25 нафар болага ноқонуний диний сабоқ бериб, уларни калтаклаган ака-укалар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)