Геннадий Красницкий — Ўзбекистон ва СССРнинг 1960 йиллардаги энг ёрқин футболчиларидан бири. «Пахтакор»нинг афсонавий ҳужумчиси ўзининг кучли зарбаси ва Григорий Федотов тўпурарлар клуби рўйхатига киришига сабабчи бўлган самарадорлиги билан ажралиб турарди. Тошкентда мухлислар уни қадрлар ва ҳаттоки, «ўзбек Пелеси» деб чақирарди. Рақиб ҳимоячилари эса Красницкийдан очиқчасига қўрқарди.

Балки машҳур ҳужумчи янада кўпроқ муваффақиятга эришиши мумкин эди. Афсуски, оддий бўлмаган характери нафақат фаолиятига, ҳатто ҳаётига ҳам путур етказди.

Фото: «Чемпионат»

Геннадий Красницкий нимаси билан ёдда қолган?

  • Красницкий 1940 йилнинг 27 августида Тошкентда таваллуд топган. Ўша ерда футбол билан шуғулланишни бошлаган. «Пахтакор» сафида профессионал дебютини нишонлаган. Бутун фаолиятини шу жамоада ўтказган.
  • «Пахтакор»даги 13 мавсуми давомида ҳужумчи рақиблар дарвозасини 112 марта ишғол қилган ва мухлислар томонидан «ўзбек Пелеси» лақабини олган. Григорий Федотов номидаги тўпурарлар клубининг (100 тадан ошиқ гол урган собиқ совет ва россиялик футболчилар — изоҳ «Дарё») 54-ўрнини банд этиб турибди.
  • Красницкий «Пахтакор» билан соврин қўлга кирита олмаган. Лекин 1964 йилда жамоанинг СССР юқори лигасига чиқишига кўмаклашган, 1968 йилда СССР Кубоги финалига қадар чиққан.
  • Геннадий мамлакат терма жамоасида ўйнашга ҳам улгурган. Унинг ҳисобида терма жамоадаги 3 та ўйин ва Югославияга урилган битта гол бор.
  • Ҳужумчи жуда кучли зарбага эга бўлган. Шунинг учун рақиб ҳимоячилари ва дарвозабонлари ундан қўрққан. 1963 йилда «Динамо» клублар терма жамоаси ва Перунинг «Спортинг Кристал» клуби ўртасидаги ўртоқлик учрашувида у зарба бериб, дарвоза тўрини узиб юборганди. Айнан ўша зарба ғалаба голини олиб келган эди. Рақиб ҳимоячилари Красницкий тўпга яқинлашганда «жонли девор»да туришдан қўрққанини тан олади.

Фото: «Спорт24»

Афсонавий футболчи ҳақида замондошлари қандай фикрда?

«ЦСКА» собиқ ҳужумчиси Борис Копейкин:

«Геннадий Красницкийнинг зарбаси билан 1964 йил Челябинскда тўқнаш келганман. Ўшанда маҳаллий ‘Локомотив’ сафида ўйнардим, Гена эса юқори лигадан чиқиб кетган ‘Пахтакор’ сафида. Жарима зарбаси вақтида жамоа ёши катта ўйинчиларидан ҳеч бири «жонли девор»га турмасди. Иложи борича у ерга ёшларни қўйишга уринарди».

«Локомотив» собиқ футболчиси Юрий Иванов:

«1969 йилда биз Черкизовода ‘Пахтакор’ билан ўйнадик. Дарвозамиздан 25 метр узоқликда жарима зарбаси белгиланди. ‘Жонли девор’да турмагандим, уларнинг ёнида кўрсатма бериб тургандим. Красницкий зарба берди ва тўп менинг бошимга тегди. Ундан кейин нима бўлганини эслолмайман, ҳушимни йўқотгандим. Аксига олиб, ўша куни ёмғир ёғаётганди, тўп эса сувдан оғирлашиб қолган эди. Ўйинни охирига етказиб қўйдим. Кейин текширтирсам — миянинг енгил чайқалиши юз берибди».

«Динамо» ва «Спартак» собиқ мураббийи Константин Бесков:

«Красницкий бизнинг футболдаги энг ёрқин ўйинчилардан бири эди — жисмоний жиҳатдан бақувват, меҳнатсевар ва кучли зарбаси бор эди. Бу йигит менга ёқиб қолганди. Барча Геннадийнинг индивидуал маҳорати ҳақида гапирарди, лекин унинг тактик фикрлаши ҳам таҳсинга сазовор эди — битта узатма билан жамоадошини ҳал қилувчи зарбага чиқарарди. Красницкий исталган замонавий топ-жамоада ўйнай оларди».

Геннадий Красницкий (ўнгда) ҳимоячи Станислав Семёнов билан

Фото: «MyTashkent»

Алкоголь Красницкийнинг фаолиятига зарар етказди

Афсуски, ҳужумчи кўп гол уриш билан бирга кўп можароларга ҳам аралашиб қоларди. Яхши хулқли Красницкий навбатдаги голни нишонлаш учун мухлислар ва «хайрихоҳлар»нинг таклифини рад этолмасди. Шунинг учун клуб базасига кўпинча маст ҳолда ташриф буюрарди.

Доимий спиртли ичимлик истеъмол қилиш футболчининг ҳаётидаги жиддий муаммога айланди. Масалан, 1962 йилда «Пахтакор»нинг Харковга сафари вақтида шовқин кўтарган. Меҳмонхонада маст ҳолда навбатчи ходимларни ва жамоа раҳбари Ўктам Бектемировни урган. Бир нечта жамоадошигина уни тўхтатиб қола олган.

Бу ҳаракати учун СССР ҳужумчини «спорт устаси» мақомидан маҳрум қилди ва мавсум сўнгига қадар чемпионатдан дисквалификация қилди.

Клуб алмаштириб бўлмас футболчининг можароларига кўз юмар ва фақатгина танбеҳ билан кифояланарди. Шунинг учун Красницкий жазоланмаганини ҳис қилар, яна ва яна ичарди.

Бир куни маст ҳолатда «Лужники» ходимларини ҳақорат қилган. Бошқа сафар эса «Спартак» устидан қозонилган ғалабадан сўнг Москвадаги меҳмонхонага оёқда тура олмайдиган аҳволда кириб келган. Тошкент ресторанларидан бирида эса инкассаторга ҳужум қилади, уни фақатгина ҳавога ўқ узиш орқали тўхтатиб қолишади.

Бундай турмуш тарзи Красницкийнинг ҳаётини оғирлаштириб юборди. 27 ёшида Геннадий футболдан кетишга қарор қилади.

Кейинчалик ўйлаб кўргач, севимли ўйинига қайтади. Орадан икки йил ўтгач эса яна футболдан кетиш ҳақида ўйлаб қолади. Красницкий 29 ёшида бутсисини михга илади.

Фото: «Чемпионат»

Нега Красницкий ўз хоҳиши билан ҳаётдан кўз юмди?

Фаолиятини якунлагач Геннадий ўзини мураббийликда синаб кўришга қарор қилади. Аввалига «Пахтакор»нинг мураббийлар штабида ишлайди, кейин жамоа бош мураббийига айланди. Ундан сўнг «Янгиер» ва «Звезда» жамоаларини бошқаради. Барча уринишлари муваффақиятсиз якунланади. Мутахассислар Красницкий мураббий бўлиши учун унда сабр етишмаслигини таъкидлайди.

1986 йилда собиқ футболчи Республика ихтиёрий спорт ҳамжамиятига раҳбар бўлади. Янги ишхонасида 135 рубль маош олган Геннадий оиласини боқиш учун бу пуллар етмаслигини биларди. Маошини кўтаришларини сўраганда уни янада қуйироқ мансабга — Ўзбекистон чемпионати ҳакам-инспектори этиб тайинлашди.

Бу совет футболи афсонасининг ҳаётидаги охирги ва жиддий зарба эди. Шундан сўнг Красницкий ўз хоҳиши билан ўлишни хоҳлади.

Фожиадан бир неча кун олдин у яқинларига ишора қила бошлади. Лекин қариндошлари унинг хатарли огоҳлантиришини тушунмасди.

«1988 йилда у Қўрғонтепада (Тожикистон) бўлиб ўтадиган навбатдаги ўйинда инспекторлик қилиши керак эди. Геннадий аэропортга оиласи билан: онаси, рафиқаси ва қизи билан чиқишни хоҳлаётганини айтди. У оиласига: ‘Мени охирги марта кузатиб қўйинглар’, — деди. Аммо рафиқаси Красницкийнинг нима хоҳлаётганини тушунмасдан, кўчада ҳаддан зиёд иссиқ об-ҳавони баҳона қилиб, аэропортга бормади. У ўзи билан қизини ҳам олиб қолди. Геннадийни кузатиб қўйиш учун онаси аэропортга борди. У самолётга қараб йўл олди ва дарҳол ортга қайтди. Онасига спорт сумкасини узатди ва энди бунинг кераги йўқлигини айтди», — деб ёзади Фёдор Раззоқов «Юлдузли фожиа» китобида.

Натижада Қўрғонтепада Красницкий ўйлаган ишини амалга оширди. 1988 йил 12 июнда бахтсиз ҳодиса юз берди. Қўрғонтепанинг «Вахша» жамоаси мураббийи Владимир Ғуломҳайдаров бу воқеани ёдга олади:

«Геннадий Александровични аэропортда кутиб олдим ва кун бўйи у мен билан эди. У ҳушёр эди. Лекин ғамгин кўринарди. Тошкентлик ҳакам ўйинни нохолис бошқарди ва футбол тили билан айтганда, бизни ‘синдирганди’. Красницкий хафа бўлганди. Геннадий Александрович инспектор сифатида ҳакамларнинг ҳаракатини 2 га баҳолади. Тошкентга ўйин ҳақида маълумот бериш учун қўнғироқ қилди ва мен билан биргаликда меҳмонхонага қайтди.

Ўз хонасида ҳам у асабийлашишда давом этарди. Бармоғидан узукни ечиб, яна қайта тақарди. Кетма-кет сигарет чекарди. Кечки овқатга биз билан чиқмади.

Бизга иккита хона ажратилганди. Красницкий дарҳол ўрнидан туриб ‘Майли, хайр!’, — деб тезкор қадамлар билан ётоқхонага кириб кетди.

Аввалига биз ҳайрон бўлдик, кейин ўзимизни қўлга олдик: ‘Бу ерда нимадир ғалати’.

Унинг ортидан югурдик, лекин деразада Красницкийнинг оёқларини кўргандик, холос».

Афсонавий футболчи 1988 йил 21 июнда меҳмонхона деразасидан ўзини ташлаб, фожиали ўлим топади.