Россиянинг «Метровагонмаш»да Тошкент метрополитени учун махсус ишлаб чиқарилган 20 та янги вагон 20 август куни Тошкентга юборилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Ўзбекистон темир йўллари»

Қайд этилишича, уларда 5 та метро-поезд ташкил этилади. Ҳаракат таркибининг янги партияси август ойининг охирида етказиб берилиши кўзда тутилган.

Умумий ҳисобда Тошкент метросига Россиядан 10 та поезд келтирилиши режалаштирилган.

Келтириладиган поездда вагонлар орқали эркин ҳаракатланиш мумкин. Бош вагонларда ногиронлар аравачаси учун жойлар мавжуд. Ҳар бир йўловчилар бўлинмаси бекатни қидириш, йўналишни режалаштириш ва йўл вақтини ҳисоблаш учун интерактив қидириш қобилиятига эга сенсор экранли ахборот мониторлари билан жиҳозланган.

Йўловчи салонлари ва ҳайдовчи кабиналари видеокузатув, кондиционер ва ҳавони зарарсизлантириш тизимлари билан жиҳозланган. Метро вагонлари ва ромларининг ишлаш муддати 30 йил. Ҳайдовчилар кабинасининг олд ойнаси, бир қисми ер юзида ҳаракатланадиган Тошкент метросининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, қўлда созланиши мумкин бўлган қуёш нурларидан ҳимоя қилувчи тизим билан таъминланади.