АҚШ «Толибон» террорчилик ҳаракати жангариларига қарши кураш учун Афғонистонга B-52 Stratofortress бомбардимончи самолётларини юборди. Бу ҳақда The Times газетаси АҚШ мудофаа доираларидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Бомбардимончилар Афғонистонга АҚШнинг Қатардаги Ал-Удайд авиабазасидан учиб кетган, уларнинг сонига аниқлик киритилмаяпти.
Самолётлар Қандаҳор, Ҳирот, Лашкаргоҳ вилоятлари атрофларидаги, шунингдек, Ҳелманд вилоятидаги нишонларга зарбалар берган. Бундан ташқари, АҚШ ўқ ёғдирадиган АS-130 Spectre самолётларидан ва МQ-9 Reaper жанговар учувчисиз учар қурилмаларидан фойдаланган.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги вакили Фавад Омон АҚШнинг B-52 Stratofortress бомбардимончи самолётлари мамлакат шимолидаги Жузжон вилояти маркази — Шибирғон шаҳрида «Толибон» кучларига ҳужум уюштирганини маълум қилди.
«Жузжон вилояти Шибирғон шаҳридаги ‘Толибон’ гуруҳи B-52 нишонига айланди. Террорчилар АҚШ HHK авиазарбалари оқибатида оғир талафотлар кўрди», — деб ёзди у.
Айни вақтда Афғонистоннинг энг нуфузли партияларидан бири — «Жамияти Исломий» раиси Салоҳиддин Раббоний партиянинг ҳарбий етакчилари билан ўз тарафдорларини «Толибон» билан жангларга сафарбар қилиш борасида маслаҳатлашувларни бошлади.
Афғонистондан АҚШ контингентини олиб чиқиш бошлангач мамлакатдаги вазият кескинлашди. 22 июль куни Толибон Афғонистон чегараларининг 90 фоизини назорат қилаётганини айтди, расмийлар буни инкор этмоқда. Евроиттифоқнинг Афғонистондаги махсус элчиси вазифасини бажарувчи Томас Никлассоннинг айтишича, агар «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни ҳарбий йўл билан эгаллаб оладиган бўлса, уларнинг ҳукумати Евроиттифоқ ва минтақадаги кўпчилик давлатлар томонидан тан олинмайди.
Аввалроқ Россия Афғонистондаги ҳокимият «Толибон» жангарилари томонидан тўлиқ эгаллаб олиниши сценарийсига тайёрлиги, аммо воқеаларнинг бундай ривожланишини ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблашини маълум қилганди.