Актёр Йигитали Мамажонов «Дарё» интернет нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Фото: «Дарё»

Йигитали Мамажонов суҳбат давомида Муқаддас Саъдуллаева билан оила қурганини мухлислардан яширмоқчи бўлгани, бироқ «Ёдгор Саъдиев қистови билан бу маълумот барчага айтилган», деган гап-сўзларга ойдинлик киритди.

Муқаддас билан дардимиз бир бўлган. Бир-биримизни тўғри тушунганмиз. Кўнглимдан ўтганларни унга гапириб берганимдан сўнг ҳаётида ўзгаришлар бўлган. Шундан сўнг бир-биримизга кўнгил қўйиб, меҳримиз тушиб, оила қуришга аҳд қилганмиз.

Оила қурганимизни ҳеч кимга айтмаганмиз. Иримларга ишонмайман, ҳаммаси Аллоҳдан, лекин оилани ҳаммага маълум қилиш ҳам ажрашишларимга сабабмикан, деб ўйлаганман. Бирмунча оила қурганимизни ҳеч ким билмади. Кейинчалик эса бу ошкор бўлиши табиий эди. Икковимиз ҳам санъатнинг одами бўлганимиз учун одамлар барибир билишарди. Бутун умр бу нарсани сир сақлаб бўлмасди.

Ёдгор Саъдиев бизнинг қариндошимиз, тўғри. Аниқроғи, менинг қариндошим эмас, аёлимнинг қариндоши, аммо у инсоннинг бизнинг ҳаётимизга, оиламизга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу уйдирма гаплар. Менимча, бу гаплар у одамга лаганбардорлик қилиш учун, унинг бизнинг оиламизда муҳим ўринга эгалигини кўрсатиш мақсадида тўқилган уйдирма. Лекин у инсонни бизнинг ҳаётимизга, бизнинг оиламизнинг шахсий ишларига аралашишга алоқаси йўқ, бундан кейин ҳам, Худо хоҳласа, бўлмайди.

Йигитали Мамажонов, актёр, каскадёр

Маълумот учун, Йигитали Мамажонов 1990 йил 16 июнь куни Москва шаҳрида дунёга келган. 2012 йилда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тамомлаган. 20 дан ортиқ фильм ва сериалларда бош ролларни ижро этган. 40 дан ортиқ видеоклипларда рол ижро этган.